Кутубхоначи ҳам китобхон бўлсин
Кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонликка алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки бу нодир хазинадан баҳраманд инсонгина ўзлигини танийди, Ватани, халқи, ота-онасини қадрлашни, эъзозлашни ўрганади.
Китобхонлик тарғиботида кутубхоначиларнинг алоҳида ўрни бор. Кутубхоначилик — масъулиятли вазифа. Унинг иши зиё масканига келган-кетганларни рўйхатга олиш, сўралган китобларни топиб бериш ва яна қоғозбозлик билан шуғулланиш эмас. У, ўз навбатида, китобхоннинг яқин маслаҳатчиси, кўмакчиси ҳам саналади. Фаолиятим давомида бунга кўп бор гувоҳ бўлганман. Масалан, қандай китоб ўқиш тўғрисида бош қотираётган ёки кўплаб китоблар орасидан қай бирини танлашни билмай турган китобхонга тавсия бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш зарур бўлади. Ана шунда кутубхоначининг маҳорати, билими асқотади. Шунингдек, ўқувчиларнинг ёши, салоҳиятидан келиб чиқиб китоб мутолаасига йўналтириш самара беради. Бунда мактаб кутубхоначисининг синф раҳбарлари билан ҳамкорлиги қўл келади.
Ўқувчиларни китоб мутолаасига қизиқтиришнинг яна бир йўли — рағбатлантириш. Мана, масалан, ўқув йили давомида энг кўп китоб ўқиган ўқувчиларни аниқлаб, уларни рағбатлантириш китобхонлар сонининг ошишига хизмат қилади. Мен шу мақсадда мактаб кутубхонаси қошида “Ёш китобхонлар” тўгарагини ташкил этганман. Унда ўқувчиларга бир ҳафтада ўқиб келиши учун китоб топширилади. Ҳафтанинг бир кунида улар ўқиган китоблари юзасидан фикр алмашади. Дастлаб тўгарак аъзолари икки гуруҳга бўлиниб, асарнинг умумий мазмуни, композицияси ва образлари ҳақида гаплашади, мулоҳаза юритади, мунозара қилади. Бу уларнинг оғзаки нутқи ривожланиши, вазиятни таҳлил қила олиш кўникмаси шаклланишида алоҳида аҳамиятга эга. Сўнг ўғил-қизлар асардан олган таассуротлари юзасидан турли мавзуларда иншо ёзади. Бунда “Мен севган адиб”, “Мен севган қаҳрамон”, “Мени тўлқинлантирган асар” мавзуларига кўп мурожаат қилинади. Муҳокамада фаол иштирок этган ва иншони яхши ёзган ўқувчилар мақтов ёрлиғи ва китоб билан тақдирланади.
Мактаб кутубхонаси ўқувчиларни китобхонликка йўналтиришда муҳим маскан эканини, бунда устоз-мураббийлар қатори кутубхоначининг ҳам ўрни борлигини унутмаслигимиз керак. Энг аввало, кутубхоначининг ўзи китобхон бўлиши зарур.
Роза ҚУРБОНОВА,
Нурота туманидаги 32-мактаб кутубхоначиси