Ор-номус алпомишдан меросдир бизга
Ўзбеклар қадимдан туркий халқлар таркибида мустақил миллат сифатида шаклланган. Тарихий манбаларда халқимизнинг келажак ҳақидаги илғор ғоялари илгари сурилган. Ватан мустақиллиги, ташқи душманлардан ҳимояланиш, озодликда, тинч ва осойишта шароитда меҳнат ва ижод қилиш муҳим жиҳатлар сирасига кирган.
Ёзувчини илҳомлантирган манба
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида адабиётшунослар томонидан эътироф этилган лавҳа бор. “Қипчоққа қирғин” бобида Юсуфбек ҳожи Отабек билан суҳбатда ҳақиқий ўзбек зиёлиси сифатида Ватан келажаги юзасидан аламли фикрни изҳор этади:
“Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз.
Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Абу Али ибн Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта тангрининг қаҳриға сазовордир, ўғлим!”.
Юсуфбек ҳожи фикрида ёзувчининг роман ёзишдан кўзлаган асосий мақсади сезилиб туради. Асардаги воқеа-ҳодисалар, қаҳрамонлар ҳаракатидаги тасвир-тавсифлар айнан ана шу мусибатни баён қилиш учун ёзилгандек. Ҳожининг нотинчлиги кўп ўтмай юртимиз ҳаётида ўзини оқлади: ўзбек халқи бир асрдан ортиқ вақт давомида миллат фожиаси билан юзма-юз келишга мажбур бўлди. Савол туғилади: Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган аччиқ ҳақиқат Абдулла Қодирий хаёлида қандай пайдо бўлди? Гап шундаки, адиб ижодини ўрганишда ёзувчининг халқ тарихи, этнографияси, иймон-эътиқоди, оғзаки ижод намуналари, менталитети билан мукаммал таниш экани ойдинлашади.
Отабек ва Кумушнинг тўйи тасвирида, роман сўнгидаги мозор лавҳаларида; “Меҳробдан чаён”даги “Қизиқлар”, “Хон кўнгил очмоқчи”, “Қўрқунч бир жасорат” бобларида; “Обид кетмон”даги воқеа тасвирларида халқимиз яратган мақоллар, эртаклар, достонлар ва қадимги урф-одатлар, расм-русумлар таъсири такрорланмас ва ёрқин шаклда намоён бўлади. Абдулла Қодирий қаҳрамонлик эпосларини тўлиқ ўзлаштиргани яққол ҳақиқатдир. Бахшилар томонидан айтилган қаҳрамонлик эпосларида халқ фарзандларининг мард, жасоратли, юртини севувчи инсон экани тараннум этилган. Бу мақсад миллат орзу қилган жисмоний жиҳатдан бақувват, кучли фарзанд тарбияси билан уйғунлашиб кетади.
Абдулла Қодирий яратган Отабек, Анвар, Султонали, Обид каби образлар маънавий жиҳатдан қанчалик етук бўлса, жисмоний жиҳатдан ҳам ҳавас қиларли даражада соғлом эди. Аслини олганда, бу фазилат халқ достонларидаги Рустам, Гўрўғли, Авазхон, Ҳасанхон, Равшан, Кунтуғмиш ва айниқса, Алпомиш образларидан мерос бўлиб ўтган, десак, асло муболағаси йўқ.
Шиддатли тазйиқларга қарамай...
Фарзанд хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, аждодлар анъанасини кейинги авлодга етказувчидир. Фарзанд кўришни орзуламаган эркак, аёл йўқ. Зурриёд Оллоҳнинг улуғ бир неъмати бўлса, унинг ақлий ва жисмоний тўкислиги неъмат устига неъматдир. Фақат фарзанднинг доно ва соғлом бўлиб етишишида оила эътибори муҳим аҳамият касб этади. “Алпомиш” достонида шахснинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб тарбияланиши, жисмоний ва маънавий етукликка интилиши, ота-она, турмуш ўртоқ, ака-сингил, фарзандга меҳр-муҳаббатли бўлиши, Ватанга, халққа садоқат руҳида балоғатга етиши босқичма-босқич ўзининг мукаммал ифодасини топган. Шунинг учун ҳам собиқ тузум корчалонлари, аввало, достонни тўлиқ нашр этишга қаршилик қилган. Бу ҳам етмагандек, ўтган аср ўрталарида “Алпомиш”га қарши ҳужум уюштирилган.
Уни маҳорат билан куйлаган Фозил Йўлдош ўғли 80 ёшга кирган қария бўлгани учун қамалмаган. Достонни жаҳон фольклоршунослик мезонида таҳлил қилган В.Жирмунский ва Ҳоди Зариф бошида не-не калтаклар синмаган? В.Жирмунскийни 60 ёшдан ошгани ва жаҳон шарқшунос олимлари қаторида муносиб ўринга эга экани мушкул вазиятдан сақлаб қолган. Ҳоди Зарифга достон қўлёзмасини топшириш ҳақида таҳдидлар бўлган.
Хуллас, 1928 йилда Маҳмуд Зарипов томонидан ёзиб олинган “Алпомиш” алпомишсифат ўзбек фарзандларининг ақли ва жасорати ҳисобига сақланиб қолди. Ҳозир бу қўлёзма ўзбек миллати маданияти хазинасининг бебаҳо дурдонасидир. Унинг тўлиқ матни 1998 йилда академик Тўра Мирзаев ташаббуси билан нашр қилинди. ўафур ўулом номидаги НМИУ томонидан нашр қилинаётган 100 жилдлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари”нинг айнан “Алпомиш” достонидан бошланиши ҳам бежиз эмас.
Ҳаёт синовларида тобланган ирода
“Алпомиш” достонида тилаб-тилаб олинган фарзандлар — Ҳакимбек ва Қалдирғоч (Бойбўрининг ўғли ва қизи), Барчиной (Бойсарининг қизи) ҳаёти уч босқичда тасвирланади: биринчи босқич — уларнинг дунёга келиш тарихи, билим олиши, савод чиқариши; иккинчи босқич — жисмоний комилликка эришиш, ҳаёт тажрибаларига эга бўлиш; учинчи босқич — эгалланган кўникмаларни ҳаётга татбиқ этиш, эркак ва аёл сифатида балоғат даврига қадам қўйиш.
Ҳаётий тажрибаси бой инсон назари билан баҳо берсак, илмли ва ҳунарли соғлом фарзанд ўзи эгаллаган кўникмаларни амалда татбиқ этмаса, ундан на оилага, на халққа наф бор. Демак, ҳаёт синовларидан ўтиш ҳар бир кишида ирода сифатларини тарбиялайди. Шахс оила тарбиясида синовдан ўтиб, чиниқади, комиллик сари интилади. Шоҳимардон пири Ҳакимбекка исм қўйиш маросимида: “Ҳакимбек билан ҳеч бир киши баробар бўлолмасин, омин Оллоҳу акбар”, деб бетига фотиҳа тортган эди. Ҳакимбек етти ёшга етиб саводи чиққанидан сўнг отаси Бойбўрибий: “... энди шоҳлик, сипоҳлик илмини ўргатайин”, деб ўғлини мулладан чиқариб олади. Бойсари ҳам қизига шу ёшдан қўй соғишни, чорвачилик илмини ўргатади. Ҳакимбек етти ёшидаёқ бобоси Алпинбийдан қолган ўн тўрт ботмонли парли ёйдан ўқ узиб, “Асқар тоғининг катта чўққиларини” учириб юборади ва Алпомиш номига муносиб кўрилади. Бундай машқлар Алпомишнинг ҳам, Барчинойнинг ҳам соғлом ва бақувват бўлиб ўсиши учун замин яратади.
Қаҳрамонлар — мардлик тимсоли
Қаҳрамонлик эпоси миллат маданий меросида беҳад қадрланади. Жаҳон фольклоршунослигида қаҳрамонлик эпосига эга халқлар миллат сифатида шаклланиши — болалик даврларини рисоладагидек ўтказгани қайд этилади. Эрамизнинг VIII асрида битилган Ўрхун-Энасой битиклари, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида туркий сўзларга берилган изоҳларда мисол қилиб келтирилган қўшиқлар туркий халқлар, хусусан, ўзбекларнинг қаҳрамонлик эпоси пойдеворини ташкил этувчи асос бўлиб хизмат қилади. Қаҳрамонлик эпосининг бош мақсади юртни,
халқни чет эл босқинчиларидан ҳимоя қилиш, миллат фарзандларида эрк ва озодлик учун кураш фазилатини тарбиялашдан иборатдир. “Алпомиш” ана шу мақсадга ҳамоҳангдир. Шунинг учун ҳам Ҳакимбек, Қалдирғоч, Барчиной, Ёдгор ва улар авлоди достонда мард, жасур, ғурурли қаҳрамон сифатида акс эттирилади. Мазкур достоннинг Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий вилоятлари ҳудудида қадимги замонлардан тажрибали, моҳир бахшилар томонидан ижро этилиши ёки ёш авлодни юрт ҳимоясига тайёр турадиган қилиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётгани эътирофга лойиқдир.
Маҳмуд Кошғарийнинг 1074 йилда яратилган “Девону луғотит турк” асарида “Тулки ўз уясига қараб ҳурса, қўтир бўлади” деган мақол бор. Бу намуна алломанинг қадим аждодларимиз Ватан, юрт, эл, халқ, миллат тушунчасига қанчалар масъулиятли экани мисолида келтирилган. “Алпомиш” достонида мақол, қўшиқ, эртакларимизда акс этган Ватан мадҳи эпик мазмунга эга воқеалар тизимида қаҳрамонлар ҳаракати воситасида талқин этилади. Шу билан бирга, йирик ҳажмдаги эпик асар сифатида достонда кўплаб халқ термаларини учратиш мумкин:
“Кучук босмас йўлбарс, шернинг изини,
Эси бор билади гапнинг тузини”.
“Мард бўлсанг, номард иш қилмагин,
Кўп яшагин бу дунёда ўлмагин”.
“Ошиқиб иш кўрмоқ бунда не даркор,
Ошиқмагин, ҳар нарсанинг вақти бор”.
Достонни маънавий эҳтиёжни қондириш воситаси деб билган омма ўз-ўзидан аждодлар панд-насиҳатлари таъсирида вояга етган, инсоний фазилатларни эгаллаб борган. Яна битта муҳим фикрни эслаб ўтиш жоиз: бахши куйлаган достон воқеаларини тингловчи мутлақ ҳақиқат деб қабул қилган. Тингловчи ҳатто достон қаҳрамонларини ўзининг яқин қариндоши, оғаси, ҳамсояси деб ҳисоблаган.
Устозларимизнинг айтишича, Товка Алпомиш берган исириқни тутатганида Бойчибор эгасининг ҳидини билиб кишнайди ва уни чирмаб турган “ғулу занжир майда-майда бўлади” лавҳасига биронта тингловчи эътироз билдирмаган. Қашқадарёлик Қодир бахши Раҳимов, Тошкент вилоятида Чори бахши Хўжамбердиев Ҳакимбекнинг етти йил зиндонда ётганини ҳикоя қилганида ҳеч ким шубҳага бормаган. Аммо достонни ўқишни вазифа қилиб топширганимизда, айрим талабалар Ҳакимбекнинг сувсиз, озиқ-овқатсиз етти йил зиндонда ётишига ишонмайди. Бизнингча, бадиий адабиёт ва фольклор намуналаридаги мифологияни, муболағани, шартлилик белгиларини тушунмаслик, тўғрироғи, ҳис қилмасликни инсондаги маънавий фожиа белгилари, деб қабул қилиш лозим. “Алпомиш” достони қаҳрамонларининг ўз халқига меҳрини, Ватанни бўлиниб кетишдан асраш йўлидаги ҳаракатларини бахши куйлаганидек қабул қилиш тарбияда катта мактаб бўлиши мумкин.
Мардлар олишмайди, силтаб отади
“Алпомиш” достонида ёш қаҳрамонлар табиатида ғурур туйғусини пайдо қилиш, ривожлантириш асосий мақсад бўлган. Бинобарин инсондаги ҳамма ижобий хислатлар калитини ғурур тушунчаси бошқаради. Ватанни ҳимоя қилишдан тортиб, илм олишгача, суюкли ёр учун курашдан тортиб, адолатни ёқлашгача бўлган ҳаракатлар шахс феълидаги ғурур туйғуси билан боғлиқдир. Айниқса, достонда орият, ғурур воқеаларни содир этувчи восита сифатида талқин қилинади. Аввало, фарзандсизликдан азоб чеккан Бойбўри (ака) ва Бойсари (ука) тўйда ҳақоратланади. Чапанитоб бир йигит ака-уканинг тўй-маъракалардаги доимий ўрни пойгак эканини маълум қилади. Фарзандсиз ака-ука йиғин тўридан жой олишга лойиқ эмаслигини айтади. Юртни сўраб юрган бийлар учун бу гап ўлимни қабул қилишдан ҳам мусибатли эди. Улар 40 кун чиллада ўтиришади ва фарзандга эга бўлиб, мақсадга етишади.
Кашал юртига кўчиб кетган Барчиной юборган мактубда Ҳакимбекдан ёрини етти ака-ука қалмоқлар ҳужумидан ҳимоя қилиш сўралган эди. Сафарга отланишга иккиланган Ҳакимбекка синглиси Қалдирғоч: “Марднинг ёри той-талашда қолама?!” дея далда бериб, унда йигитлик ориятини уйғотади. Алпомиш ўз ёрини олиш учун борганида, Барчиной турмушга чиқишга рози экани ҳолда от пойгасида ғолиб бўлиш, ёй тортганда ёйи синмай қолиши, минг қадамдан танга пулни уриш, курашда алпларни енгиш шартларини қўяди. Бу лавҳада ҳам ғурур масаласи илгари сурилган.
Ҳакимбек билан Кўкалдош кураш тушаётганда, икки полвоннинг кучи тенг келиб қолади. Руҳий устуворлик беллашув натижасини белгилар эди. Ана шундай нозик вазиятда Барчиной Ҳакимбекка Кўкалдошни енга олмаётган бўлса, кураш навбатини ўзи олишга тайёрлигини билдириб, руҳий таъсир ўтказади ва “мардлар олишмайди, силтаб отади”, деб уни рағбатлантиради. ўурури кучли Ҳакимбек шундан сўнг рақибини осмонга отиб юборади, курашда ғолиб бўлади. Барчинойнинг Ҳакимбекка мурожаати асоссиз эмас. Етти қалмоқ Барчинойдан ака-укаларнинг қай бирига тегишини билиш учун келганда, қиз ўтовда зўрлик қилмоқчи бўлган Кўкаманни кўтариб ерга уради ва оғзидан кўпик келтиради. Қоражон Алпомишни қутқариш учун зиндонга арқон ташлаб, уни кўтариб олаётганида, бир кунмас, бир кун озод этганини юзимга солиши мумкин, деб қаҳрамонимиз оёғини, қўлини зиндон деворларига тираб, дўстининг ёрдамидан воз кечади.
Бунга ўхшаган лавҳалар достонда сероб. Энг муҳими, бахши лавҳама-лавҳа тингловчи онгида, руҳида ғурур ҳосил қилишга уринади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам қирқ йил Туркистонда нозирлик қилган миссионер Николай Остроумов бирорта мусулмон фарзандини насроний динига ўтказа олмаган. Не-не моддий рағбатлар ваъда қилинган. Аммо миллатдошларимизнинг миллий ғурури бунга йўл қўймаган. Очликка, ночорликка чидаган ўзбеклар ислом динидан юз ўгирмаган. Бу тарихий ҳақиқатни тан олатуриб, бугунги кунда айрим шахсларнинг пора эвазига ўзини хор қилаётганига ҳайрон қоламиз. Олий ўқув юртидаги айрим мутахассисларнинг андишасизлиги, тиббиёт ходимларининг виждонсизлиги кишини ҳайратга солади. ўурурнинг қадрини билмаган инсонга жамиятда ўрин борми?!
“Алпомиш” достони, “Гўрўғли” туркумидаги эпик асарлар замонавийлиги ана шундай вазиятларда ёрқин намоён бўлади. ўурурнинг оёқости қилиниши жамиятни таназзулга етаклайди, коррупцияни авж олдиради. Осиё чемпионатида футбол мусобақаларини мардларча якунлаган ёшларимиз ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг гапларини эслайлик. Юртбошимиз ғалабанинг асосий омилини соҳада коррупциянинг барҳам топиши билан белгилагани бежиз эмас. Ёшлар қалбида миллий ғурурнинг шаклланиши ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлагани алоҳида урғу билан таъкидланди. Ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, Осиёда ва дунёнинг бошқа мамлакатларидан чемпион бўлиб қайтган Ўзбекистон ёшлари табиатида “Алпомиш” достонидан олган таассуротлари муайян аҳамиятга эга.
Омонулла МАДАЕВ,
адабиётшунос