Имконият кенгайса, китобхон кўпаяди
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Наргиза Мирзаеванинг кўп кунлари зерикиш билан ўтарди. Бир куни Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси ходимлари келиб, уни кутубхонага аъзо қилишди. Ходима қандай асарлар керак бўлса, уйига олиб келиб беришини айтганида Наргиза қулоқларига ишонмади: “Дунёда шундай яхши одамлар ҳам бор эканда-а!?”. Энди зерикишга асос йўқ. Кутубхона ходимлари ҳар ойда унга янги адабиётларни келтиришар, ўқиб бўлгач, қайтариб олиб кетишарди. Наргиза бир ойда 10—18 та китоб ўқийдиган китобхонга айланди-қолди.
Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан бу тажрибанинг йўлга қўйилгани пойтахтимизда яшовчи 20 дан зиёд ногирон, кутубхонага келолмайдиган кишилар учун янги имконият бўлди. Кутубхона ходимлари учун жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг уйи — иккинчи ишхона. Ҳафта-ўн кунда уларга қўнғироқ қилиб, китобнинг биринчи бетини ўқиб беришади ёки аудио вариантини эшиттирадилар. Китобхон қайси асарни танласа, китоб ёки диск варианти унинг уйига олиб бориб берилади.
Кутубхонага кирганимизда, компьютер ўқув зали талаба, ўқувчи ва катта ёшдаги китобхонлар билан тўла эди. Хонада 10 та компьютер бўлиб, кўзи ожизлар фойдаланадиган гапирувчи “Jaws” ва “Nvda” дастурлари ўрнатилган. Компьютердан фойдаланишни ўрганишни истовчилардан иборат тўрт-беш кишилик гуруҳга ўқитувчи бириктирилади. Кўзи ожиз киши овозли дастурни пухта ўзлаштириб олса, компьютерда қийналмай ишлаши мумкин.
Кутубхонада аудиодиск, брайл ёзувидаги, босма ҳарфдаги ва гапирувчи китоблардан иборат жами 130 мингдан ортиқ китоб фонди яратилган. Китобхонлар ўз имконига қараб, танлаб ўқиши мумкин. 2000 дан ортиқ аудио, 19 мингдан кўп брайл ёзувидаги, 74 мингдан зиёд босма ҳарфдаги китоб фонди 6300 нафар ҳар хил тоифадаги шахс — талаба, ўқувчи-ёшлар ва ҳудудда яшовчи аҳолига хизмат қилмоқда.
Кутубхона маъмурияти билан Тошкент шаҳридаги иқтидорли кўзи ожиз болалар мактаб-интернати ўртасида шартнома тузилган. Мактаб кутубхоначиси ўқувчилар талаб ва эҳтиёжига кўра, 100—150 тача китоб олиб кетади. Бу китобларни ҳар уч ойда яна янгисига алмаштириш имкони мавжуд.
— Кутубхонамизда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш, адабиётлар билан тўлдириш ва ишлов бериш, китобларни сақлаш (фонд), методика-библиография бўлимлари фаолият кўрсатади, — дейди фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Гулчеҳра Султонметова. — Бир йилда уч маротаба китоб фонди бойитилади. Бир гал брайл ёзувидаги адабиётни олсак, кейинги сафар аудиодискли китоб оламиз. Республика кўзи ожизлар жамиятига қарашли “Санъат гулшани” маданият саройида овоз ёзиш студияси бор. Китобларнинг аудиоварианти ўша ерда тайёрланади. Кутубхонамизда овоз ёзиш студияси очилган. Нутқи равон журналистларга китобни ўқитиб, дискка ёздирамиз. “Гапирувчи” китоблар дискка айлантирилмоқда.
Фойдаланувчиларнинг янги китобларга эҳтиёжи катта. Даврий матбуот нашрлари етарли эмас.
“Бир сафда” журнали брайл ёзувидаги ягона нашр ҳисобланади. У икки ойда бир маротаба чиқади. Бу журнал катта ёшлиларга мўлжалланган бўлиб, болаларбоп нашрлар керак. Кўзи ожизлар учун мўлжалланган газета умуман йўқ. “Bolalar adabiyoti” журналига қўшимча равишда аудиодиски ҳам чиқарилмоқда. Бошқа газеталар аудиоварианти ҳам илова тарзида чиқарилса, имконияти чекланганларнинг кўнгли тоғдек кўтарилар эди.
Талабаларга брайл ёзувидаги ўқув қўлланмалари етарли эмас. Босма нашрлардан фойдаланиш учун кимлардандир илтимос қилишга тўғри келади. Кимдир ўқиб беради, кимдир вақти йўқлигини баҳона қилади. Кутубхона ходимларидан “Нашриётга буюртма берсангиз бўлмайдими?” деб сўрасак, Гулчеҳра Султонметова шундай жавоб берди:
— Фақат икки нашриётда брайл ёзувидаги китоб чоп этилади. Биринчиси Тошкент шаҳридаги “Ёғду” нашриёти бўлиб, у 100 нусхадан кам китобни нашр қилмайди. Муаммо шунда. Иккинчиси — Қарши шаҳридаги “Мавҳумот оламига маълумот” тифлоахборот мажмуаси брайл ёзувидаги адабиётларни босиб чиқаради. Улар доимий ҳамкоримиз.
Муаммо ва камчиликларга қарамай, муассасада хизмат кўрсатиш сифатини ошириш биринчи галдаги масала. Яратилаётган шарт-шароит ва замонавий техника воситалари муштарийлар учун янгидан-янги имкониятларни очмоқда. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан далолат беради.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири