Тарбия — мансабдан устун
Фарзанднинг билим эгаллаши, намунали хулққа эга бўлиши — ҳар бир ота-онанинг кечиктириб бўлмас вазифаси. «Бола азиз, одоби ундан азиз». Зеро, биринчи ўринда боланинг одоби, хулқи чиройли бўлиши керак. Лекин ота-оналар бу масалага эътибор қаратяптими? Фарзанди эгаллаган билимни сарҳисоб қилиш, қониқарсиз баҳоси учун дакки бериш, яхши иши учун мақтаб қўйиш, синфдан ташқари фаолиятини назорат қилиш айрим ота-оналарга муҳим эмас.
Аксинча, дарс тайёрламаган, қониқарсиз хулқи учун огоҳлантирилган боласининг тарафини олиб, ўқувчилар олдида муаллимни беҳурмат қилишга вақт топадиган ота-оналар бор. Ижтимоий тармоқларда “Тарбиянинг мансабдан устунлиги” номли ҳикояни ўқиб уни сиз билан баҳам кўришни истадим.
«Султон Меҳмет болалигида жуда тўполончи ўқувчи эди. Дарс вақти устози Оқшамсиддиннинг жаҳлини чиқарарди. Устози унга танбеҳ берса, дарҳол: “Мен подшоҳнинг ўғлиман, ҳеч нарса қилолмайсан”, дейишдан ҳам тоймасди. Оқшамсиддин подшоҳга арз қилишни одобсизлик ҳисоблаб, ҳолатни ҳукмдорга айтмайди. Аммо вақт ўтган сайин кичик Меҳметнинг қилиқлари ҳаддан ошиб, чидаб бўлмас ҳолга келади. Шундан кейин устоз ноилож подшоҳнинг ҳузурига киради.
— Подшоҳим, сизга айтишим зарур бўлган бир хусусий масала бор. Аммо айтишдан ҳаё қилмоқдаман.
Подшоҳ:
— Марҳамат! Ҳеч тортинмасдан айтавер.
Бу сўз Оқшамсиддинни хотиржам этди ва ҳодисани англата бошлади:
— Подшоҳим! Ўғлингиз — жигарпорангиз жуда тўполончи. Унинг дастидан дарсимни ўтолмаяпман. Қачон танбеҳ берсам, дарҳол сизнинг номингиз билан менга таҳдид қилади.
Подшоҳ бироз сукут сақлайди. Кейин Оқшамсиддинга яқин келиб, бир нарсаларни пичирлаб тушунтиради. Подшоҳнинг сўзларидан Оқшамсиддин саросимага тушади. “Бу қандай режа? Буни амалга ошириш мумкин эмас!». Оқшамсиддин бу режа хусусидаги хавотирларини ошкор қилишига қарамай подшоҳ: “Бу иш албатта, бўлади”, дейди.
Эртаси куни Меҳмет дарсда яна тўполонни бошлайди. Устозининг танбеҳига одатдагидек, отасини қалқон қилган ҳолда жавоб беради. Шу пайт тўсатдан эшик очилиб, подшоҳ ичкарига киради. Бу ҳолатдан ғазабланган Оқшамсиддин подшоҳга қараб бақиради. Бир тарсаки уриб!
— Ҳеч ким дарс вақтида ичкарига бундай тарзда кириши мумкин эмас! — дея изн сўраб кириш лозимлигини айтиб, ташқарига ҳайдайди.
Подшоҳ узр сўрагандек бошини эгиб, ташқарига чиқади. Бу ҳодиса қаршисида Фотиҳ Султон тили калимага келмай, нима қилишни билмай қолади. Бироздан сўнг эшик тақиллайди ва подшоҳ хижолатли ҳолатда ичкарига узр сўраб киради. Доно ҳукмдорнинг қалтис режаси амалга ошган эди. Ўша кундан сўнг кичкина Меҳмет асло безорилик қилмади. Чунки ишонган тоғига қор ёққан эди»…
Қиссадан ҳисса: ота ибратидан бола тўғри хулоса чиқарди. Қанийди, шу ривоятдаги сингари барча ота-оналар боласидан ўтган хатоларни ўзлари ибрат кўрсатиб тузатишса…
Феруза ЯНДАШОВА,
Учқудуқ туман халқ таълими бўлими методисти