Тўн ва жаҳл
Мақол ва маталлар тилимизнинг янада таъсирчанлиги ва жозибадорлигини таъминлайди. Лекин биз, ёшлар ҳамиша ҳам мақоллар мағзу моҳиятини чақавермаймиз. “Қўшнимиз нимагадир тўнини тескари кийволибди, тинчликмикан?” деган бувижонимга ажабланиб қараганман. Бола эмасманми, югуриб қўшниникига чиқиб, эгнига разм солдим. “Бувижон, у кишининг кийимлари тескари эмас”, десам, бувим кулиб юборди...
Улғайдим. Бу ибора қандай ҳолларда қўлланишига гувоҳ бўлдим. Аммо жаҳлнинг тўнга қандай алоқадорлигини англолмадим. Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” номли китобидан шу саволимга жавоб топдим. Келтирилишича, ғазаб отига миниб, муштлашаман деган камбағал тўнини тескари кийган. Қон тегса, лой тегса, астарга тегсин, йиртилса, астар йиртилсин, ямоқ тушса, астарга тушсин, деган. Ўнг томонини эса ағдариб киявериш мумкин. Қадимда камбағалнинг тўни иккита бўлмаган. Йиртилса, бошқасини сотиб ололмаган. Халқимизда шунга маънодошроқ “Камбағални урма, сўкма, тўнини йирт” деган яна бир мақол бор. Коса тагида ним коса, ким билсин, нима дейилмоқчи?
“Гап кўп, умр оз”, “Тоғни толқон қиладиган йигит”, “Меҳмон отангдан улуғ”, “Нонни катта тишласанг ҳам гапни катта гапирма”, “Кўрмаганнинг кўргани қурсин” каби мақоллар кези келса, дарҳол тилимизга кўчади. “Яксон” сўзининг тенг, баробар дейилиши ҳам мен учун янгилик бўлди. Мутолаа жараёнида “найранг” сўзининг “ҳар ранг” деган маъноси ҳам борлигини билиб олдим.
Эркин Воҳидовнинг китобини ҳар гал қўлимга оламану янгидан-янги маъноларга дуч келаман. У ўзининг бутун латофати билан мени сеҳрлаб қўяди. Китобдан тараладиган зиё кўнглимни янада ёритади. Қалбимга жо бўлган бу нурни барча китобхонларга илингим бор. Сиз ҳам ана шу китобдаги ташбеҳлардан баҳраманд бўлинг.
Муҳтарама НЎЪМОНОВА
Бувайда тумани