Туғилган кун — тантанами?
Дугонаси таклифига биноан кафега кириб келган аёл бир зум эсанкираб турди. Дабдабали даврадагиларнинг аксарияти очиқ-сочиқ либосдаги “замонавий” аёллар эди. Мусиқа қулоқни қоматга келтиради. Дастурхон тўкин. Ичкиликнинг хил-хилидан бор.
— Яхши келдингми, ўртоқ?
— Раҳмат. Туғилган кунинг билан табриклайман. Узоқ умр кўриб, бахтли бўлгин...
— Шундоғам бахтлиман, ўртоқжон.
— Уйдагиларинг кўринмайди, болаларинг қани?
— Вой, бола-чақа билан кафеда ўтириб бўларканми?!..
Аёл меҳмонлик иззатини билиб, бошқа савол бермади-да, кўрсатилган жойга ўтирди. Ичимлик таъсирида аёлу эркак даврага чиқиб, рақсга тушмоқда. Бола-чақали, набирали кишиларнинг ёш-ялангга қўшилиб ўйнаётганини четдан кузатган кишининг ғаши келади. Бу давра ўзига мос эмаслигини сезган аёл залдан секингина чиқиб кетди. Буни “кеча маликаси” тугул бошқалар ҳам пайқамади...
Туғилган кун ҳар йили нишонланса ҳам, инсон ҳаётида алоҳида ўринга эга. Бу санани яқинлари даврасида ўтказишни ким ҳам истамайди? Тадбирни уйда, оила аъзолари, билан ўтказишнинг гашти бошқача. Тўй-тантана, оилавий маросимларни қисқартириш, одми қилиб ўтказиш ҳақида бонг урилаётган бўлса-да, айрим замондошларимиз ҳамон дабдабадан воз кечгиси келмаётганига нима дейсиз?
— Азалдан оила аъзоларимизнинг туғилган кунини уйда нишонлаймиз, — дейди Иштихон туманида яшовчи 62 ёшли Махфират Холбоева. — Бунга фарзандларим, келинларим ҳам ўрганди. Тўрт ўғил, уч қизим бор. Туғилган кун баҳонасида анча пайтдан бери кўришмаган жигарлар, ака-ука, опа-сингиллар дийдорлашади, дилдан суҳбат қурамиз.
Ҳар ким ўзидан келиб чиқиб, шароитига қараб фикр юритади. Бировнинг уйи тор бўлса, бошқасида идиш-товоқ танқис. Кимдир меҳмон кутиб чарчагандан кўра, кўпроқ харажат қилиб бўлса ҳам кафеда нишонлашни афзал кўради. Аммо фарзандларимизнинг ҳаётидаги бу қувончли кунни аллақандай бегоналар даврасида эмас, ўз хонадонида ўтказганга нима етсин?
— Туғилган кунни оилавий кутиб оламиз, — дейди Олмалиқ шаҳрида яшовчи Мунира Назарова. — Жуда кам ҳолларда меҳмон чақирамиз, туғилган кун оилавий тадбир. Ёш бола бу санада яна бир ёш улғайганини ҳис қилса, тарбиявий аҳамияти ошади. Уйни шар, гуллар, турли суратлар, тилак ёзилган рангли расмлар билан безатаман. Ўғлим ёки қизимга улар ёқтирган ширинликни ўз қўлим билан пишириб берсам, қувониб кетишади. Уларнинг хурсандчилиги мен учун ҳамма нарсадан афзал. Кафе ёки ресторанда шундай самимийлик борми?
Баъзи ота-оналар фарзанди туғилган кунини илк ёш давриданоқ дабдабали нишонлаш мақсадида ресторанга санъаткорларни таклиф этади.
— Ишда бўлганимиз учун таваллуд кунига ҳозирлик кўролмаймиз, — дейди Учтепа туманида яшовчи шифокор Гулнора Эрназарова. — Қизимнинг туғилган кунини икки йил кетма-кет кафеда нишонладик. — Меҳнат таътилим бу йил туғилган кун санасига тўғри келгани учун уйда ўтказишни таклиф қилсам, 5-синфда ўқийдиган қизим рози бўлмади. “Ҳозир ҳеч ким уйда туғилган кун ўтказмайди, ҳамма дугоналарим кўчада нишонлаяпти. Уларни уйга чақиришга уяламан”, деса бўладими? Муштдек қизнинг фикрини қаранг. Аммо биз ўз қароримизнинг аҳамиятини унга тушунтирдик.
Туғилган кун — йилига бир маротаба нишонланадиган, ёшга ёш, ақлга ақл қўшиладиган муҳим сана. Уни кўнгилдагидек, эсда қоларли тарзда нишонлаш яхши. Лекин бу ортиқча сарф-харажат ёки дабдаба эвазига эмас, дилга яқин инсонларнинг самимий тилаклари, ширин дийдорига айланса, қандай соз. Ҳар қандай муҳим санани ихчам, камхарж ва мазмунли нишонлашни туғилган кундан бошласак, нима дейсиз?
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири