Хатони ким қиляпти?
Ҳар йили октябрь ойида оммавий ахборот воситаларида ўзбек тили масаласи асосий мавзуга айланадию, бироқ ҳамма айтилган гаплар шу ой ичида айтиб тугатилиб, келгуси йил 21 октябрь санасигача бу мавзуга деярли қайтмаймиз. Аслида, она тили софлиги, тил билан боғлиқ муаммолар доимий эътиборда, диққатимиз марказида бўлиши керак.
Бугун ҳаммамиз истеъмолчимиз. Ҳатто, ахборот истеъмолчиси деган атама ҳам кириб келди турмушимизга. Талабгор мавжуд экан, таклифчи ҳам у билан ёнма-ён юради. Иқтисодий рақобат авжига чиққан паллада сотувчи олувчига молини мақтаб-мақтаб сотади, кўпроқ фойда учун замон талаб этаётган реклама, турфа кўнгилочар акцияю тадбирларга зўр беради. Бозор талаби-да! Лекин моддият маънавиятни қурбон бериб эмас, ўз йўлида, меъёридан ошмаслик эвазига бўлмоғи муҳим.
Узоқ йиллардан буён рекламаси экранлардан тушмайдиган, ширинхўрларнинг севимли ширинлиги «Сникерс»нинг мақтов-алқовида не дейилаётганига эътибор бермаймиз ёки бепарво ўтиб кетаверамиз. Реклама ролигида қаҳрамон аллақандай махлуқлардан қочиб қутулади-да, шоколад ейди. Кадр ортидан овоз келади: “Синиб қолдингми? “Сникерс”ни тўхтатма!”. Бу реклама билан нима дейилмоқчи бўлганини тушуниш учун рекламанинг русча матнини эслаш керак. У ерда “Сломался? Не тормози. Сникерсни!» дейилади. Бу ерда “Сломался?” рус ўспиринлари тилидаги жаргон сўз. “Чарчадингми, ҳолдан тойдингми?”, деган маънони билдиради. “Не тормози!” (жаргон) — тўхтама, “Сникерс”ни! (бу ҳам жаргон) — “Сникерс”га тўйиб ол, деганидир. Айтайлик, кунига камида ўн-ўн беш маротаба экранимизда айланса, такрор-такрор намойиш этилаверса, хоҳлаймизми-йўқми, аввал тилимизга, сўнг онгимизга ўрнашаверади.
Бундай мазмун, тили ғализ, жумлалари ноўрин рекламалар орқали бора-бора асл сўзларимизни унутаяпмиз. “Туппа”дан кўра “Роллтон”, “Бекат”дан кўра “Остановка”, “Дўкон”дан кўра “Супермаркет” дейиш маданийроқ, замонавийроқ туюладиган бўлди. Булар бир ё икки йилда эмас, йиллар давомида оммавий ахборот тўлқини билан қўшилиб, онгу шууримиз, турмуш-рўзғоримизни забт этади, ўрни келса, маънавий олам қонунларини писанд этмайди. Бироқ қайсидир ишбилармоннинг манфаатини деб тилимиз жозибасини, қадриятларимизни бозорга солмайлик.
Умида АБДУРАЗЗОҚОВА,
Термиз шаҳридаги 11-мактаб ўқувчиси