Очиқ осмон остидаги музей
Хива жаҳон шаҳарлари ичида бой тарихи билан кўпчиликни ҳайратга солиши аниқ. Хоразмлик тарихчи Худойберди Қўшмуҳаммад “Дили ғаройиб” асарида Хоразмнинг қадимги шаҳарларини санар экан, “Бу мамлакатнинг яна бир қалъаси “Қалъаи рамлдир”, дейди. Бу қалъага Хива номи берилган экан. Аслида шаҳар Ёқут Хаммавий ҳамда Низомиддин Шомий асарларида карвон йўлидаги жой сифатида тилга олинади.
Ҳозир Хивада турли даврларга оид 122 археологик ва меъморий обида сақланиб қолган ва ўз жозибаси билан сайёҳлар эътиборини жалб қилмоқда. Хива шаҳри 1990 йили 12 декабрда ЮНЕСКОнинг Канадада бўлиб ўтган 14-сессияси махсус қарори билан Марказий Осиёда биринчи бўлиб “Бутунжаҳон мероси” рўйхатига киритилди. ”Ичанқалъа” давлат музей қўриқхонаси 1967 йили “Очиқ осмон остидаги музей” расмий мақомини олган.
Ўзбекистоннинг энг кўҳна музейларидан бири бўлган Хива “Ичанқалъа” музей қўриқхонаси 26 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, 360 хонадон истиқомат қилади. 1997 йили Хоразмга келган Англия элчиси Барбара хоним қуйидагиларни ёзиб қолдирган эди: “Хиванинг жаҳон халқлари тарихидаги ўрнини ҳеч бир шаҳар билан қиёслаб бўлмайди. Негаки, Хивада ҳаёт доимо қайнаб турган, ҳозир ҳам бу мўъжаз шаҳарда фуқаролар яшамоқда. Кишилар яшамайдиган ўлик шаҳарнинг кимга кераги бор? Менимча, Ер юзининг турли бурчакларидан бу табаррук масканга келаётган сайёҳлар, аввало, ўзлари учун қандайдир саргузашт излаб эмас, ёшлик романтикаси билан ташриф буюраётган бўлсалар керак...”.
Ҳақиқатан ҳам, бугун очиқ осмон остидаги музей — Хивага келаётган сайёҳлар сони муттасил ошмоқда. Уларга қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Ажойиб меҳмонхоналар қурилиб, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, сайёҳлар диққатини ўзига жалб қиляпти. Хивада бўлган норвегиялик сайёҳ ва олим Тур Хеердал шундай дейди: “Мен дунёнинг жуда кўп қадимий шаҳарларини томоша қилиш бахтига мушарраф бўлдим: Рим, Афина, Истанбул, Қоҳира, Сингапур, Деҳли… Лекин уларнинг ҳеч бири менда бунчалик илиқ таассурот қолдирмаган эди. Хива худди кафтда жойлашган мўъжизадай киши қалбини ўзига ром этади.
Насиб этса, мен бу ажойиб шаҳарга яна келаман”.
Сарвар ХУДОЙНАЗАРОВ, Нукус давлат педагогика институти талабаси