Ўқув йили учун захира
Мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқувчиларнинг ёзги таътилини тўғри ва мазмунли ташкил этишда ташаббускор бўлиши зарур. Жорий йилнинг 15 июнидан 15 августига қадар барча “Баркамол авлод” болалар марказларида Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ёз концепцияси” асосида ёзги соғломлаштириш майдончалари фаолият юритмоқда. Концепцияда белгиланган тартибга кўра, ўқувчи-ёшлар тўгаракда бепул шуғулланади.
Марказимизда тўгарак раҳбарларига 15 йўналишда ёз мавсуми учун ўқув дастурлари ва методик қўлланмалар тайёрланди. 19 йўналишда очилган 41 та тўгаракда 400 дан ортиқ ўсмирнинг таътилни мароқли ўтказиш имкониятини кенгайтиришга муваффақ бўлдик. Бўстонлиқ туманидаги “Меҳрибонлик оромгоҳи”га республикамизнинг турли бурчакларидан келган тарбияланувчилар учун марказимиз педагог ходимлари томонидан техник йўналишдаги тўгарак ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, болаларнинг касб-ҳунар сирларини мукаммал ўрганишига шарт-шароит яратдик. Боланинг бегонаси бўлмайди. Фидойи устоз-мураббийларимиз тарбияси оғир, кам таъминланган ва имконияти чекланган болаларни тўгаракка жалб этишда фаоллик кўрсатмоқда. “Баркамол авлод” болалар марказлари томонидан 2011—2018 йилларда эришилган ютуқларни намойиш этувчи ҳамда илғор, новатор мутахассисларнинг иш тажрибасини ёритувчи видеороликка эгамиз. Шунингдек, “Авиамодел”, “Автомодел”, “Робототехника ва электрон ўйинчоқлар”, “Ёш дастурчи”, “Компьютер сабоқлари” каби тўгараклар фаолиятидан ҳикоя қилувчи электрон материал марказимизда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда намойиш этилмоқда.
Ёзги соғломлаштириш мавсумида 17 та тадбир ўтказишни режалаштирганмиз. Масалан, июнь ойи охирида авиамодел йўналиши бўйича “Учар қанот” мусобақасини ўтказдик. Бир-биридан антиқа техник модел ва макетлар кўргазмасида диллар завққа тўлди. 2 июль — Ўзбекистон давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан марказимиз кутубхонасида “Давлат рамзларини ўрганамиз” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирга “Хирмонтепа” маҳалласи фаоллари, мактабдан ташқари таълим тизими меҳнат фахрийларини таклиф этдик. Тарқатма материаллар асосида ўтказилган савол-жавоб баҳс-мунозарага айланиб кетди. Иштирокчилар давлат рамзларига шарҳ берган ўқувчилар чиқишини кузатиб, тасанно айтди.
Ўз ота-онаси ва бобо-бувиси бағрида, стационар оромгоҳ, соғломлаштириш майдончаси ҳамда бошқа жойларда ёзги таътилни мазмунли, рисоладагидек ўтказган ўқувчилар ҳадемай мактабга отланади. Ёзги соғломлаштириш жараёнида тўпланган куч-ғайрат ҳар бир болага ўқув йилида захира бўлиб хизмат қилади.
Хадича ЗОКИРОВА, Республика «Баркамол авлод» техник ижодиёт
маркази директори