Билимдонлар — оромгоҳда
Иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ноёб истеъдодини ривожлантиришда Халқ таълими вазирлиги томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган ўқув йилида вазирлик томонидан ўтказилган билимлар беллашуви, “Инновацион олимпиада”, “Менинг инновацион ғоям”, “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танловлари, ўқувчилар ўртасида республика шахмат чемпионати, математика фанидан халқаро олимпиаданинг жами 451 нафар ғолиби учун шу йилнинг 5—27 август кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Қуёшли” оромгоҳида “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи” ташкил этилди.
Куни кеча оромгоҳда навбатдаги 4-мавсумнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. 208 нафар ўқувчи ва 9 нафар ўқитувчи ва масъуллар 12 кун давомида бу ерда ҳордиқ чиқаради. Фан арбоблари иштирокидаги “Маҳорат дарслари”да қатнашиб, билимини оширади, дунёқарашини кенгайтиради.
— Мана саккиз йилдирки, оромгоҳимиз юртимиздаги энг билимдон, зукко ўқувчиларни ўз бағрига чорламоқда, — дейди “Қуёшли” оромгоҳи раҳбари Йўлчибой Раҳимжонов. — Бу ерда болалар вақтини мазмунли ўтказиб, турли тренинг, амалий машғулот ва тўгаракларда билимларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.
— Физика фани бўйича билимлар беллашувининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб бўлдим, — дейди Нукус шаҳридаги 34-мактаб ўқувчиси Нурхат Жумабоев. — Оромгоҳга келганимдан хурсандман. Ҳозирдан кўплаб дўстлар орттирдим. Бир-биримизга яшаётган ҳудудимиз, мактабимизда яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапириб беряпмиз. Ўн икки кун барчамиз учун фойдали ва мазмунли ўтишига ишонаман.
Тўрт мавсум учун алоҳида тайёргарлик кўрилди. Чет тилини ўргатиш ва ихтисослаштирилган оромгоҳлар дастури янада кенгайтирилди. Ўқувчилар учун турли-туман маданий-маърифий тадбирлар, ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар, эл ардоғидаги турфа касб эгалари билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, болаларга мўлжалланган 37 номдаги ҳужжатли ва бадиий фильмлар, мультфильмлар тайёрланди.
Давронбек ОРИПОВ