Ниҳол безавол ўсади
Ўқитувчи-педагогнинг вазифаси мактабда дарс бериш. Қандайдир инновацион ғояни амалга ошириш учун ўзини ўтга-чўққа урадиган қишлоқ зиёлисини кўрса, айримларнинг энсаси қотиши тайин: “Шу кишига зарил келибдими, тинчгина уйида ўтирса бўлмайдими?”.
Каттақўрғон туманидаги 27-умумтаълим мактабида 35 йил ёш авлодга сабоқ берган фахрий педагог Сулаймон Аҳмедовни кўрган ҳамқишлоқлари шундай дейишар, эҳтимол. У киши пенсияда. Оёғини узатиб, кўк чойни дамлаб, ёстиққа ёнбошлаб ётса бўладиган даври. Аммо кўп йилдан бери Сулаймон акага бир ғоя тинчлик бермайди. Баҳор келса, бутун Ўзбекистонда, тоғли ва тоғолди ҳудудларида кўчат ўтқазиш мавсуми бошланади. Дарахтзор қилса бўладиган захира ерлар қанча? Микроэлементларга тўйинган, минерал ўғитларга бой тупроқдан оқилона фойдаланилса, ташландиқ жойларда кўм-кўк боғу роғлар пайдо бўлар эди. Масалан, улар истиқомат қиладиган Қўштепа қишлоғидаги булоқлар атрофида ҳам серҳосил, серсоя боғу бўстон яратиш мумкин. Бўш ётган жойларга сувсизликка чидамли қайин, қайрағоч, арча, жийда каби дарахтлар экилса, булоққа яқин ботқоқликлар пастки қисмига гилос, ўрик, ёнғоқ, беҳи, олма, нок каби мевали дарахтларни экиб, катта даромад олиш мумкин. Аммо бу натижага ўтқазилган ниҳолни сақлаб қолиш, кўкартириш эвазигагина эришиш мумкин. Сулаймон ака кўп ҳолларда ўтқазилган кўчатлар қуриб қолаётганига гувоҳ бўлади. Нима қилиш керак? У киши бунга ечим топди.
— Булоқ бир секундда бир литр сув берса, бу кўрсаткич бир суткада 86 минг 400 литрни ташкил қилади, — дейди Сулаймон Аҳмедов. — Кўчат тагидан эни 20, чуқурлиги 30 сантиметрга тенг ариқча олсак, бир сотих ерга 1 минг 500 литр сув етарли бўлади. Аён бўляптики, бир суткалик булоқ суви билан 57 сотих ернигина суғориш мумкин. Қолган майдонлардаги дарахтлар тақдири нима бўлади?
Мутахассислар олма кўчати ўтқазилганидан сўнг уч йил ўтиб, ҳосилга киришини таъкидлайдилар. 10 йиллик олма дарахти ўртача ҳисобда 200 кг ҳосил беради. Бир гектар майдондаги олмазордан қарийб 31 тонна ҳосил олиш мумкин. Бир килограмм олманинг нархи ўртача 4-5 минг сўм бўлишини инобатга олсак, шу пайтгача фойдаланилмаган тоғолди ҳудудларидаги бир гектар майдондан 250 миллион сўм соф даромад олса бўлади.
Тоғли ва тоғолди қишлоқлардаги дарахтларнинг барчаси ҳам безавол кўкариб кетмайди. Табиий офат — қор, ёмғир, жала, дўл, мол-ҳол, қушлар кўчатга ўз таъсирини ўтказади. Уларни иложи борича сақлаб қолиш ва ҳимоялаш зарур. Сулаймон аканинг миясида узоқ йиллар “пишиб” етилган ускуна ниҳолни турли хавф-хатарлардан асраш хусусиятига эга.
Таклиф қилинаётган қурилма ниҳолнинг тана қисмига мўлжалланган бўлиб, металл ёки тунукадан ясалади. Ускунанинг юқори қисми очиқ, ниҳол бемалол ўсади. Металл иҳота сув буғланишини чеклаб, кўчатни қуриб қолишдан, мол-ҳолнинг “ҳужуми”дан асрайди.
— Металл ускуна кундузи қизийди, кечаси совиб, сиртида сув конденсацияланиб, кўчат илдизларига бир текис оқиб тушади, — дейди ихтиро эгаси. — Қурилма устида узоқ йиллар ишладим. Унинг хомаки шаклини яратдим, тегишли ташкилотларга тақдим этдим. Маъқул келди. Агар у кўп миқдорда ишлаб чиқариш учун молиялаштирилса, қанчадан-қанча кўкармасдан қолиб кетган кўчатлар гуллаб-яшнаб, маҳалла ва қишлоқларимиз кўркам кўриниш касб этган бўлар эди. Тоғли ҳудудларда боғ яратишга қийналаётган кишиларга айниқса қўл келади. Серҳосил, сердаромад боғ-роғлар эса, ўз навбатида, экотуризмни ривожлантириш манбаи бўла олади. Бу соҳада мустаҳкам база яратилган мамлакатдан хорижлик сайёҳларнинг қадами узилмайди.
Фахрий педагог яратган қурилманинг бир донаси ўрта ҳисобда 65 минг сўмга тушади. Агар бу ускуна Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тасдиқланиб, патентлаштирилса, амалиётда ундан фойдаланилса, таннарх янада пасайган, бундан тадбиркорлар катта манфаат ва даромад кўриб, унинг ижобий таъсири бутун мамлакатимизга сезилган бўларди.
Давронбек ОРИПОВ