Ўқувчи мактабга хотиржам борсин
Тошкентдаги “Пойтахт” бизнес марказида БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ўтказилган давра суҳбати таълим муассасаларида зўравонликнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик мулоқотини ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни мавзусига бағишланди.
Суҳбат давомида мутахассислар журналистларга болалар муаммоларини ёритиш услублари ҳақида маълумот берди.
Кузатилишича, ўқувчиларнинг педагоглар ва айрим зўравон ўқувчилар томонидан босим остида қолиши, руҳий жароҳатлар олиши хотиржам ўқиб-ўрганиши, муваффақиятга эришишига монелик кўрсатади. Ўзига ишончини сўндиради, давоматни пасайтиради, баҳоларнинг пасайиши ва айрим болаларнинг мактабдан бутунлай совиб кетишига сабаб бўлади.
— Ҳеч бир бола мактабга боришдан қўрқмаслиги керак. Дунёдаги кўплаб болалар ҳозир ҳам турли зўравонликларга дучор бўлмоқда, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Саша Грауманн. — Зўравонлик — ҳеч бир бола ўрганмаслиги керак бўлган иллат. Бирлашиб бундай ҳолатларнинг олдини олишимиз керак.
Анжуманда иштирок этган мутахассислар мактаблардаги зўравонликка барҳам бериш учун соҳаларда шошилинч чоралар кўриш таклифини беришди. Хусусан, педагогларни конфликтология бўйича ўқитиш, мактабга ижтимоий ходим штатини киритиш, мактаб амалиётчи-психологларини кераксиз вазифалардан озод этиш ҳамда кузатув камераларини ўрнатиш орқали мактаб ҳудудида хавфсизликни таъминлаш муаммонинг олдини олишини таъкидлашди.
Зилола МАДАТОВА