Фарзандингиз дарс тайёрлайдими?
Алижон мактабдан келдию, сумкасини айвонга улоқтирди:
— Ойи, қорним оч!
Она бир зумда дастурхон ёзиб, егулик келтирди. Бола телевизорни гоҳ у, гоҳ бу каналга алмаштириб, тамадди қилди. Бироз уй ишларига қарашгандай бўлиб, ҳеч кимга айтмасдан қишлоқ стадионига югурди, терлаб-пишиб копток тепди. Қош қорайганда ҳамма уй-уйига тарқалди. Алижон оила аъзолари ҳамон сериал томоша қилиб ўтиргани устидан чиқди.
Эрталаб мактабга отланаётган Алижон сумкасини тополмади. Ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ. Ниҳоят, сумка жўхорипоя ичидан топилди. Унинг ичида бир бўлак ширинкулча қолгани учунми, кечқурун итлар жўхорипояга судраб кириб, «байрам» қилишган. Сумканинг тит-пити чиқиб кетган, китоб-дафтарлар тупроққа беланиб ётарди. Отасининг жаҳли чиқиб Алижонга икки шапалоқ туширди:
— Сумкангнинг аҳволини қара! На дарс қиласан, на ўқийсан, на уй вазифасини бажарасан! Ҳозир ўқимасанг, келажакда қандай кун кўрасан? Бугун мактабингга борганим бўлсин!
Ота умрида биринчи марта ўғлининг мактабига йўл олди. Синф раҳбарини топиб, боласининг ўқиши билан қизиқди. У Алижоннинг чала тўлдирилган, ота-онаси ўрнига кўзи хира момоси имзо қўйган кундалигини қўлига тутқазди. Синф раҳбарининг “таъриф-тавсифи”дан сўнг учта дарсга кириб, ўғлининг иштирокини кузатди. Унинг пассивлигини, кундан-кунга “қулоқсиз” бўлиб бораётганини ўйлаб, кўнгли бузилди. Хуноб бўлиб уйга қайтган ота нима учун тўнғич ўғилларининг тест синовларидан жуда паст баҳо олганининг сабабини англагандай бўлди. Энди Алижоннинг ўқиши ва тартиб-интизоми билан шуғулланмаса бўлмайди. Орадан икки-уч ой ўтиб, боланинг ўқиши ва хулқи яхши томонга ўзгарди.
Ўттиз икки йиллик тажрибамдан маълум, бола тарбиясида иккала томон — мактаб ва ота-онанинг мажбурияти ва ҳиссаси тенг. Мактаб таълим-тарбия муассасаси сифатида оилавий тарбияга катта таъсир кўрсатади. Демак, ота-она мактаб томонидан қўйилган талабларни бажаришга масъулдир. Фарзанди мактабда ўқийдиган ҳар бир ота-она ўша мактабнинг аъзоси ҳисобланади.
Ота-оналар ва синф раҳбарлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун тажриба ўтказдик. Синф раҳбари ва фан ўқитувчилари уй вазифасини бажармай келган ўқувчилар рўйхатини шакллантиришга киришдилар. Рўйхат асосида ўқувчиларнинг уйига бирма-бир кириб чиқиб, қуйи¬даги саволларга жавоб изладик:
— боланинг дарс қиладиган столи, китоб жавони борми?
— унинг дарс тайёрлашини ким назорат қилади?
— дарс тайёрлаш учун қанча вақт белгиланган?
— мутолаа қиладими, нечта бадиий китоби бор?
— мактабдан ташқари тўгаракларга қатнайдими?
Табиийки, оилаларда муҳит ва шароит ҳар хил. Аксариятида биз кутган ва истаган талаблар йўқ. Нима қилиш керак?
График асосида ҳар гал уч ёки тўрт нафар ота-онани мактабга таклиф қилдик. Улар синфга кириб, дарс кузатишди, боласининг иштирокини ўз кўзи билан кўришди. Синф раҳбарлари эса ҳар бир ота-она билан индивидуал суҳбат ўтказиб, ўқувчининг мактабдан ташқари кун тартибидан бохабар бўлдилар.
Болага бефарқлик ҳукм сурган оилада унинг паст баҳога ўқиши, дарс қолдириши ва бошқа камчиликлари борлиги аён бўлди. Зудлик билан методик кенгаш ўтказдик, ўқитувчиларга аниқ топшириқ берилди. Мунтазам дарс тайёрламайдиган ўқувчиларнинг ота-оналари огоҳлантирилди. Фарзандининг яхши ўқишини хоҳласа, унинг дарс тайёрлашини қатъий назоратга олиши кераклиги, у билан доимий шуғулланиши ҳақида суҳбат ўтказдик. Хат юбориб, телефон орқали ҳам огоҳлантириб турдик. Орадан ҳафта-ўн кун ўтиб, ижобий ўзгаришлар сезила бошлади. Пассив ўқувчилар кескин камайди.
Қирқ беш дақиқалик дарсда ўқитувчи ҳаммасига улгурмайди. Дарснинг ташкилий қисми, уй вазифани сўраш ва янги мавзуни тушунтириб бериш жараёнига 15—20 дақиқа сарф бўлади. Демак, ўқувчининг кўпроқ уйда ота-она назорати остида дарс қилиши самаралироқдир.
Кечки овқат вақтида оила аъзолари дастурхон атрофида жамулжам. Катталар кечки овқатдан кейин телевизор томоша қилмаслик ёки уни ўчириб қўйиш учун ўзида куч топа олса, қани эди. Ҳеч бўлмаганда, бола билан китоб ўқиш, дарс тайёрлаш, унинг уй вазифаларини бажаришини назорат қилиш, мустақил ишлашга ундаш қатъий кун тартибига айлантирилса, бу ота-она учун ҳам, ўсмир учун ҳам фойдадан холи бўлмас эди.
Жўрақул ДАВЛАТОВ, Олот туманидаги 16-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари