Қўрғон достончилик мактаби: анъана давом этмоқда
Қўрғон достончилик мактаби ва унинг чечан бахшилари куйлаганда учиб бораётган қушлар ҳам тўхтаб қолар эмиш. Ўлжасига югуриб бораётган қоплон бахши товушига бир муддат анграйиб ўлжадан қуруқ қолган экан. Қўрғоннинг қўрғондай бахшиси бўлган Эргаш Жуманбулбулнинг таърифи қўшни қозоқ овулларида шундай эди.
Бу сўзларнинг ўтирик-чинлигини билиш учун Нурота тизмалари томон бир қозоқ оқини келди: “Бу гаплар чин бўлса қойил бўлайин, аслику чин эмас, бир изза қилиб олдидан ўтайин” деган гапларни кўнглига жойлаган оқин суриштира-суриштира Жўш даҳасида жойлашган Қўрғон қишлоғини топибди. Қараса, қишлоққа кираверишдаги уйда бир кампир нон ёпиб турган экан. Салом-аликдан сўнг оқин ўзини танитмасдан кампирни синаб кўриш мақсадида “Ҳой шеша, билмейсанми, анов турган товнинг жоши нечада?” — деб сўрабди.
Кампир тандирдан ҳозиргина узган иссиқ нонларни тахлай туриб:
— Худойимнинг ишин кўр,
Фалакнинг гардишин кўр.
Мен билмайман жошини,
Овзин очиб тишин кўр,
деб жавоб қайтарибди.
Оддий бир кампирнинг мураккаб саволга ҳозиржавоблик билан мукаммал ва пухта жавоб берганига лол қолган қозоқ оқини “бу қишлоқнинг бир ожизаси шундай чечан бўлса, бахшиси қандай бўларкан?!” деб отини ортга бурган экан. Ваҳоланки, оқин йўлиққан момо оддий аёл эмас, замонасининг машҳур бахшиси, Қўрғон достончилик мактабининг йирик вакилларидан бири Султон кампир эди. Ёдгор бахши авлоди бўлмиш бу оқин аёл XIX асрларда яшаб ижод қилган, унинг ўғли Қулсамад бахши (XIX аср), набираси Қувондиқ бахши (XIX аср), чевараси Синдор Қувондиқ ўғли (1870—1973 йиллар) ҳам чечанликда тенги йўқ бўлишган. Қулсамад бахшининг отаси Мулла Ёрқалаб Жуманбулбулнинг акаси эди.
Эргаш Жуманбулбул ўғли ёзади: “Мулла Холмуроддан учта ул қолган. Учови ҳам машҳур чечанлар бўлган”...
Уларнинг каттаси Жоссоқ (Жошузоқ) шоир, Мулла Ёрқалаб бахши ва кичиги Жуманбулбул шоир бўлган. Академик Ҳоди Зариповнинг таъкидлашича, Эргаш Жуманбулбул ўғли туғилган вақтда (1868 йил) Жуманбулбул 50 ёшда бўлган, Жошузоқ шоир ва Ёрқалаб бахшилар ҳам ҳаёт бўлишган.
Қарийб 350 йиллик тарихга эга бўлган Қўрғон достончилик мактаби ҳақида Эргаш Жуманбулбул ўғли асарларида бир мунча қимматли маълумотлар берилган. Унинг “Таржимаи ҳол” достонида “Мен эллик бир яшар Эргаш Жуманбулбул ўғли, Жуманбулбул Мулла Холмурод ўғли, Мулла Холмурод Мулла Тошнинг ўғли, Мулла Тош Уста Лапаснинг ўғли, Уста Лапас Ёдгорнинг ўғли, ўзим ўзбек, туркман жамоасидан, уруғим асли қора-қисса қозиоёқлигига қўшилади” деб ёзади.
Ёшлик йилларимизда кексалардан бизнинг ота-боболаримиз бир замонлар Хоразм томонлардан кўчиб келганлиги хақида эшитганман. Лекин бу гапнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини тасдиқловчи далил бўлмаган. Фақат шу ерда яшовчи халқларнинг шеваси, урф-одатларидаги айрим ўхшашликлар, “Гўрўғли” туркумига кирувчи достонлардаги қаҳрамонлар ва воқеалар тавсифидан “бу гапларда жон бор” деб ўйлаб юрардим. Лекин бир халқнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиши учун муайян сабаб, тарихий зарурат ва воқелик бўлиши шарт эмасми? Хоразмда яшаган халқнинг узоқ Нурота воҳасига, Оқтов этакларига келиб жойлашиб қолишига нима сабаб бўлиши мумкин? Очарчиликми? Ёки қувғинми, урушми? Менга шу саволлар тинчлик бермасди. Яқинда ўзим туғилиб ўсган қишлоқ — Қўрғонга борганимда, бу саволларга жавоб топгандай бўлдим. Узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган, кекса оқсоқол Тошпўлат Аҳадов қизиқ гапни айтиб қолди. Ўз навбатида у бу гапларини Раҳматулла Юсуф ўғлидан эшитган экан. Унинг таъкидлашича, Шайбонийлар ҳукмронлиги (1500—1601 йиллар) даврида Хоразм ва Бухорони босиб олган хон кўплаб ноёб касб эгаларини ўзи билан бирга олиб қайтган. Кўплаб қурол-яроғ лозим бўлишини олдиндан сезган хон темирчи усталарни ҳам оилалари билан кўчирган ва уларни Самарқандга бир қадар яқин бўлган воҳаларга жойлаштирган экан.
Хоразмлик темирчи Сори уста ва унинг отаси Ғур усталар қилич ясашда тенги йўқ бўлган. Ғур уста оиласи Нуротадан 60 км узоқликдаги Жўш даҳасидан сал тепароқда Оқтовнинг этагидаги текисликка жойлашган. Устанинг айнан шу жойни танлагани бежиз эмас.
— Негаки, бу жойдан Нуротани Самарқанд билан боғловчи карвон йўли ўтган, иккинчидан, тоғдан оқиб келаётган булоқ суви ариқда қишин-ёзин аримаган.
Бу гапни асословчи ҳеч қандай далил йўқ. Лекин Тошпўлат Аҳадовнинг гапига қараганда, шундай манба бўлган. Ўтган асрнинг 30-йиллари — мустабид тузум қатағонлари даврида халқ бахшиси Раҳматулла Юсуф ўғли ўлими олдидан Қўрғон достончилик мактабининг тарихига оид маълумотларни Тошпўлат домлага айтиб берган ва уларни қоғозга тушириб қўйишни илтимос қилган экан.
Қўрғон достончилик мактабининг йирик вакилларидан бири Пўлкан шоир ўзининг “Шайбонийхон” достонини устози Жоссоқ бахшидан 6 йил давомида ўрганганлигини эътироф этган эди. Анъанавий достончилик учун хос бўлмаган бу йўналишда достон куйланиши хам маълум маънода Қўрғон достончилик мактаби ва Шайбонийхон авлодлари хусусидаги воқеаларнинг ҳақиқатга яқин эканидан дарак беради.
Ғур уста, Сори усталар ҳам Хоразм воҳасида ном қозонган ҳунармандлар бўлишлари билан бирга достонларни куйлашда хам беназир бўлишган экан. Сори устанинг ўғли Уста Қулай ота-боболари ишини давом эттириб, Қўрғон қишлоғининг пайдо бўлишига асос солган экан. Уста Қулайнинг уч ўғли бўлиб, каттаси Товошар, ўртанчаси Жумақул бўлган. Уста Товошарга ҳозирги Тов қишлоғидан, Жумақулга Қорақисса қишлоғидан уй-жой солиб берган. Кейинчалик Қўрғоннинг этагидаги Тўғой (ҳозирги Чиммос) қишлоғига Устанинг авлодлари макон қурган. Кенжа ўғли ҳали она қорнида бўлган пайтда Уста Қулай хон томонидан Қўқон шаҳрига чақиртирилади ва уни ўз ёнида олиб қолади. Замон зайли билан Уста Қулай Қўқонда бир умр қолиб кетади. Орадан бир неча ой ўтиб туғилган фарзандга онаси Ёдгор деб исм қўйган. Шу чақалоқ кейинчалик Ёдгор бахши номи билан эл ичида машҳур бўлган.
Эргаш Жуманбулбул ўғли “Таржимаи ҳол” достонида шундай ёзади:
Бешинчи отамнинг отидир Ёдгор,
Ул вақтда элимда сўзга эътибор.
Ҳар ерда ўткариб юрган сўзини,
Чечанликда ҳеч ким бўлмай баробар.
Ёдгор бахши туғилган Қўрғон қишлоғи XVII асрдан ўлкамиз достончилик мактабларидан бирининг марказига айланган. Ёдгор бахши шу мактабнинг асосчиси бўлган. Кейинчалик бу мактаб ўз сафларига Уста Лапас, Мулла Тош, Мулла Холмурод, Ёрқалаб бахши, Султон кампир, Тилла кампир, Жолмон бахши, Бўрон бахши, Жуманбулбул, Жоссоқ бахши, Жолғош бахши, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Қувондиқ бахши, Пўлкан шоир, Бўта шоир, Эгамберди бахши, Марди бахши, Раҳматулла Юсуф ўғли, Юсуф Саримсоқ ўғли, Зиёдаой Эшназар қизи, Бекмурод Жўрабой ўғли, Омон Қосим ўғли, Абдумурод Бедилхон ўғли, Нор¬қул бахши, Қилич бахши, Очил Эшмурод ўғли, Алим Ҳаққул ўғли каби кўплаб достончиларни бирлаштиради.
Қўрғон достончилик мактабини ўрганиш борасида узоқ йиллар тадқиқотлар олиб борган профессор И.Сувонқулов бу мактабга мансуб шоирларнинг 52 нафари ҳозиргача бизга маълум эканлигини қайд этган.
Эргаш Жуманбулбул ўғли (1868—1937) қирқдан зиёд достонни, жумладан, “Гўрўғли” туркумига кирувчи йигирмадан зиёд достонни куйлаган. Эргаш шоир ижро этган “Якка Аҳмад”, “Кунтуғмиш”, “Хушкелди”, “Холдорхон”, “Далли”, “Қундуз билан Юлдуз”, “Равшан”, “Алибек билан Болибек”, “Қизжибек”, “Ҳасанхон”, “Авазхон”, “Нурали”, “Алпомиш”, “Ошиқ Ғариб”, “Ойсулув” каби достонлар бадиий етуклиги билан ажралиб туради.
Эргаш Жуманбулбул ўғли ўз асарлари билан ўзбек халқининг буюк ижодкори бўлиб элга танилди. Шоирнинг ўзи айтганидек:
Мен чечанман, ўзим сўзнинг устаси,
Мендан қолган катта шоир нусхаси.
Етти пуштим бари шоирга катта,
Уларнинг сўзининг йўқдир қисқаси...
Ёш авлодни миллий руҳда тарбиялаш учун бахши-шоирлар, жумладан Эргаш Жуманбулбул ўғли асарларини ҳам янада кенгроқ тарзда — китоб, кино, мультфильм кўринишида ёшларга етказишимиз керак. Эргаш Жуманбулбул ўғли халқимизнинг буюк қаҳрамони Тўмарис сиймоси тасвирланган “Ойсулув” номли достон муаллифи эканлигини кўпчилик билмаса керак. Нега биз бу достонни алоҳида китоб ҳолида нашр қилмаймиз, мактаб дарсликларига киритмаймиз, мультфильм ёки бадиий фильмлар яратиб ёшлар онгига сингдирмаймиз? Бу достонларга замонавий безак берилса, ёшларни мафтун этаётган ҳеч бир хориж экран асарлари томошасидан қолишмас эди. Бундай достонлар ёшлар онгида она Ватанга муҳаббат, элга садоқат, ота-онага ҳурмат, душманга нафрат ҳиссини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳалқ бахшилари асарларини чоп этиш, уларни ёш китобхонларга етказиб бериш масаласи эътибордан четда. 1972 йили “Фан” нашриётида бахшининг беш жилдлик “Булбул тароналари” тўплами 5000 нусхада нашр этилганди. Ўтган йили атоқли бахши Раҳматулла Юсуф ўғлининг “Гўрўғли” дос¬тони лотин алифбосида чоп этилганлиги кўпчиликни хурсанд қилди. Бу хайрли ишлар давом эттирилса, айни муддаодир.
Эргаш Жуманбулбул ўғли таваллудига 150 йил тўладиган санада маданият соҳаси вакиллари олдида бахшининг бир-биридан гўзал, юксак бадиий маҳорат билан битилган достонларини кўп минг нусхада қайта нашр этиш, қишлоқ ўқитувчиси, марҳум Ойдин ҳожи Синдоров ташаббуси билан яратилган шоир уй-музейини қайта таъмирлаш, Қўрғон қишлоғида анъанавий бахшилар танловини ташкил этиш вазифалари турибди. Илло, Эргаш шоир халқимизнинг узоқ йиллик маънавий дурдоналари — халқ достонларини келажак авлодга мерос қолдирган улуғ сиймодир.
Комил СИНДОРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси