Контрафакт маҳсулотга алданиб қолманг!
Янги ўқув йили арафасида вилоятимизнинг барча савдо шохобчаларида ўқув қуроллари ва мактаб формалари сотувга чиқарилди. Имкониятдан фойдаланган айрим нопок шахслар маънавиятимизга зарар етказувчи товарларни пуллашга уринганини сездик. Қайсидир ертўлада беркиниб олиб, контрафакт маҳсулот тайёрлаётган шахслар ўз товарларини арзон-гаровга, ноқонуний тадбиркорларга пуллашганига гувоҳ бўлдик. Чизсанг йиртилиб, бўясанг ранги чапланиб кетадиган расм дафтарлари, катаклари илғаб бўлмайдиган, муқовасида ёт суратлар акс этган дафтар ўқувчи сумкасидан жой олганига томошабин бўлиш мумкинми?
— Китоб ўқиш жону дилим, — дейди Бағдод туманида истиқомат қилувчи Шоира Холмирзаева. — Кичкина ўғлимга бу хислатим ўтган. Рўзғор ғамида “Деҳқон бозори”га тушдим. Ўғлимга “7 мўъжиза” китобини сотиб олдим. Орадан икки кун ўтгач, ўғлим китоб муқовасидаги ранглар қўли ва кийимларига чапланиб қолаётганидан нолиди. У китобни улоқтириб юборди. Эртасига дўкондан янги китоб олиб келдим. Афсуски, бозорда наридан-бери чоп этилаётган “маҳсулот”лар сероб. Уларни ҳеч ким назорат қилмайди. Китоб дўконларида эса барча талабларга жавоб берувчи нашрлар сотувга чиқарилади.
Канцелярия маҳсулотларининг улгуржи ва чакана нархи қандай? Бу — ўйлаб кўришга арзийдиган масала. Дафтар 300 — 600 сўм, кундалик дафтари 4 мингдан 7 минг сўмгача сотилмоқда. Агар оиланинг икки ёки ундан ортиқ фарзанди мактабда ўқиса, ота-она анчагина чиқим қилади. Ўқув қуроли харид қилинсаю, у сифатсиз маҳсулот бўлиб чиқса-чи? Кўпга бормай, титилиб, йиртилиб кетадиган ўқув қуроли оила учун ҳам маънавий, ҳам моддий зарар-ку!
— Китобларни давлат наш¬риётларидан сотиб оламиз, — дейди “Фарғона китоб олами” маърифий савдо мажмуаси директори Назиржон Ҳошимов. — Шаҳримизда китоб дўконлари кўпайди. Вилоят бўйича 41 та дўкон мавжуд. Китобхонлар сони ошмоқда. Нафақат ўзбек адиблари, балки жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ҳам харид қилишмоқда. “Қора бозор”¬да ноқонуний ёйма савдогарлардан “олди-қочди” асарларни сотиб олаётган харидорлар ҳам топилади. Ноқонуний тадбиркорликка чек қўйиш даври келди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси томонидан бундай хатти-ҳаракатларга қарши муайян чора-тадбирлар белгиланмоқда.
— Сифатсиз маҳсулотнинг истеъмолчи учун зарарли томонлари кўп, — дейди бирлашманинг жамоатчилик билан ишлаш сектори бошлиғи Ғайрат Маматқулов. — Сохта тадбиркорлар “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни оёқости қилиб, ҳалол ишлаётган, солиқ ва мажбурий тўловларни виждонан тўлаётган тадбиркорларга тўғаноқ бўлмоқда. Китоб-дафтардаги сифатсиз бўёқ туфайли болада аллергик касалликлар келиб чиқади. Учрайдиган хатоларни-ку қўяверинг. Кундалик дафтарининг биринчи саҳифасида “1-dekabr — Konstitutsiya bayrami” деб ёзилган. Бу жиддий хато. Истеъмолчилар ўртасида “сохта тадбиркор”лар маҳсулотига алданиб қолмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.
Шоҳсанам МИРЗАОЛИМОВА