Таълим-тарбия сифати ўқитувчи билими, салоҳиятига боғлиқ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 17 июль куни “Умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш” масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда халқ таълими ходимлари олдида турган бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Унда умумий ўрта таълим тизими инсон ресурсларини ривожлантиришнинг пойдевори эканлиги алоҳида таъкидланди. Мактаблар ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи асосий маскан эканлигига яна бир бора урғу берилди.
Туманимизда 54 та мактаб ва 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият кўрсатмоқда. Янги ўқув йилида умумтаълим муассасаларида 36733 нафар ўқувчига 2090 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда.
Ўтган ўқув йилида Инвестиция дастури асосида тумандаги бир қатор мактабларда капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Бунда тумандаги сектор раҳбарлари Шуҳрат Жамолов, Хондамир Мардиев, Абдурасул Сулаймонов, Шоҳрух Аслиевнинг кўмаги катта бўлди. Уларнинг ташаббуси, саъй-ҳаракати билан мактабларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди ва таълим-тарбия самарадорлиги ошди.
Шу ўринда таълим муассасаларида ташкил этилган ўқув-методик кенгаш ва услубий бирлашмалар фаолиятига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Илғор, билимли ўқитувчилар тажрибасини кенг тарғиб қилиш ва улардан самарали фойдаланиш ҳам таълим самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Бўлим методистлари томонидан ўтган ўқув йили давомида 10 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси туман миқёсида оммалаштирилди, жумладан, тумандаги 37-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Наргиза Раупованинг “Инглиз тили заҳматкаши”, 6-мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Зилола Расулованинг “Ўзбекистон адирлари”, 49-мактабнинг иқтисодий билим асослари фани ўқитувчиси Сирож Самадовнинг “Талаб ва талаб қонуни”, тожик тили ва адабиёти фанидан туман халқ таълими бўлими методисти Сарвинисо Нарзуллаеванинг “Мажмуаи диктантҳо барои синфҳои 5—9” номли услубий қўлланмалари вилоят миқёсида оммалаштирилди.
Таълим тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижаси педагог ходимлар ва ўқувчилар ўртасида ўтказиб келинаётган кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида яққол намоён бўлди.
“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2018” кўрик-танловининг вилоят босқичида 53-мактабнинг инг¬лиз тили фани ўқитувчиси Муниса Аҳатова, 24-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Марғуба Омонова, 44-мактабнинг биология фани ўқитувчиси Гулшода Жўраева, 31-мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Ҳилола Тўхтаниёзова, 10-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Сабина Рустамова юқори ўринларни эгаллади.
Ўқувчиларнинг билим олишга қизиқишини янада ошириш, уларни рағбатлантириш мақсадида тумандаги сектор раҳбарлари совринларини ташкил этиш таклифини илгари сурган эдик. Янги ўқув йилида “Самарқанд тумани билимдон ўқувчиси” номли фан олимпиадасини ташкил этиш, ғолибларни сектор раҳбарлари томонидан рағбатлантириш тўғрисидаги таклифимиз маъқулланди.
Ўқувчиларнинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор кўрик-танловлар ўтказилди. Жумладан, “Конституция — бахтимиз пойдевори” кўрик-танловининг вилоят босқичида 31-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Шоҳина Исрофилова баён йўналиши бўйича 1-ўринни, тасвирий санъат йўналиши бўйича 31-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Самандар Эркинов ва 4-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Баҳора Шералиева 2-ўринни эгаллади.
Таълим-тарбиянинг сифати кутубхоналар фаолияти билан бевосита боғлиқ. Туманимиздаги барча мактабларда кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва такомиллаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Баҳриддин МАРДОНОВ, Самарқанд тумани халқ таълими бўлими мудири