Байрамона совға
Бу йилги ўқув йилини пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 101-махсус мактаб-интернат жамоаси ҳар йилгидан ўзгача кайфиятда кутиб олда. Чунки муассаса капитал таъмирдан чиқарилган янги ошхонага эга бўлди. Тошкент шаҳар прокуратураси тавсияси ва Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси бошчилигида капитал таъмирдан чиқарилган ошхона ўқувчи ва ўқитувчилар учун байрамона совға бўлди.
Капитал таъмирлаш жараёнида ошхонанинг канализация тизими тўлиқ янгиланиб, 15 та хонаси таъмирланди. Озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган ҳамда ювиниш хоналарида шароит яхшиланди.
Ошхона томи қайтадан ёпилиб, дераза ва эшик ромлари, электр тизими, ёритиш мосламалари янгисига алмаштирилди. Энди ёруғ ва шинам хонада, яп-янги стол-стулларда ўтириб овқатланиш имконига эга бўлган болаларнинг кайфияти ҳам аъло бўлади.
Мактаб ҳовлисидаги ўзгаришлар ҳам кўзни қувонтиради. Дарвоза устунлари янгиланиб, мактаб ҳовлиси асфальт қилинди. Ҳовлидаги ландшафт дизайни асосида яратилган композиция умумий манзарани буткул ўзгартирган.
— Мактабимиздаги ўзгаришлар нафақат ўқувчилар, балки биз, ўқитувчиларни ҳам қувонтирди, — дейди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Олеся Иброҳимова. — Ошхона таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бу ерда болаларнинг яхши кайфиятда мазали таомларни тановул қилиши учун барча шароит муҳайё. Бу эса уларнинг пухта билим олиб, фанларни яхши ўзлаштиришига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Райҳона ХЎЖАЕВА