Тўгараклар мавсуми бошланди
“Баркамол авлод” республика болалар ўлкашунослик ва экология марказида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди. Ушбу марказ ўлкашунослик ва сайёҳлик, табиатшунослик, экология ва саломатлик каби йўналишларда ўқувчиларга қўшимча таълим бериб келмоқда. Бугунги кунда марказда 23 номдаги 50 та тўгарак фаолият юритади, жами 500 дан ортиқ ўқувчи ушбу тўгаракларга қатнайди.
Эрта тонгдан марказ ҳовлиси узра янграётган шўх-шодон куй-қўшиқлар ён-атрофдаги маҳаллалар болаларини, ота-оналарни бу ерга чорлади. Инсон қалби шундай: қаерда куй-қўшиқ, байрам тантанаси бўлса, шу ёққа талпинади. Ранг-баранг шарлар билан безатилган марказ майдончасида ўқувчиларнинг ижодий ишлари кўргазмаси намойиш этилди. Чуғурлашиб баҳслашаётган ўқувчиларга қулоқ солсам, кўргазмада намойиш қилинаётган ижод намуналарини қандай яратгани ҳақида гаплашаётган экан.
— Бу марказга уч йилдан буён қатнайман. Устозим Тоҳир Шоймуродов раҳбарлигида тасвирий санъатнинг нозик жиҳатларини, борлиқнинг кўз илғамас гўзалликларини ҳис қилиб оқ қоғозга туширишни ўрганяпмиз. Келгусида моҳир мусаввир бўлиш ниятидаман, — дейди Тошкент туманидаги 23-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Малика Комилова.
“Тўқиш ва мунчоқли безак” тўгараги хонасида ўн чоғли қизалоқ жам бўлган. Улар устози Шоҳиста Самиғова бошчилигида нозик бармоқлари билан гўзаллик яратмоқда. Кимдир бош кийимини тугатаётган бўлса, бошқаси жажжи укасига пайпоқ тўқиётганини айтади, Нозима исмли қизалоқ онасининг туғилган кунига совға сифатида бежирим мунчоқли билагузук ясаётганини кўрсатади. Ҳамма ўз иши билан банд. Ҳунар ўрганиш қандай яхши!
“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган байрам тадбири “Ветеран” жангчи-фахрийлар ва ногиронлар жамияти ҳузуридаги “Ватанпарвар фидойилар” ансамбли, Юнусобод туман халқ таълими бўлими, Аҳмад Дониш ва “Мурувват” маҳаллалари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ансамбль яккахонлари ижросида янграган дилтортар қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади. “Экодизайн”, “Ветераж”, “Тўқиш”, “Тасвирий санъат” ва “Либослар дизайни” тўгараклари аъзолари томонидан “Маҳорат дарслари” ташкил этилди.
Назокат ХОЛМЕТОВА