Мактабда «Руҳий енгиллик» хонаси
Рассом табиатнинг энг гўзал манзарасини рангтасвирда акс эттиради, бу эса мухлисларга аъло кайфият бағишлайди. Кўз ўнгингизда ранг-баранг гуллар, қушлар, баланд тоғ бағридан отилиб тушаётган шаршара... Бир ёнингизда тирик саъва ва тўтиқуш. Деворда акс этган ҳайвонот ва наботот олами намуналари тасвири мафтункор. Одам бутун ташвиш-муаммоларни бир дафъа унутади. У олам гўзаллиги, она табиат сеҳру жозибаси ҳақида беихтиёр ўйлай бошлайди. Ёши, мавқеи, жинсидан қатъи назар, хонага кирган кишининг юзига табассум ёйилади. У стрессдан халос бўлади.
Таърифланаётган жой шифохона ёки санаторий эмас, мактабда ташкил этилган “Руҳий енгиллик” хонасидир. Наманган вилоятидаги аксарият умумтаълим мактабларида ташкил этилган хона амалиётчи психологлар тасарруфида бўлиб, мушкул вазиятга тушиб қолган, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган ўсмирлар руҳий оламини ижобий томонга ўзгартириш омили бўлмоқда.
Тўрақўрғон туманидаги 26-мактабда ўқувчилар ҳуқуқбузарлиги, жиноятчилигининг кейинги ўқув йилларда қайд қилинмагани бевосита ана шу хона хизмати билан боғлиқ. Халқ таълими бўлими мутасаддилари руҳий енгиллик хонаси биринчи галда психолог хизматининг илмий-амалий жиҳатдан тўғри ташкил этилиши натижаси эканлигини таъкидлашади. Тажрибали мутахассис Муҳайё Дадабоева хона дизайни ва безатилишига жиддий эътибор қаратиб келмоқда.
Мактабда контингент анча юқори — қарийб 1200 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Агар «Ҳар бола — бир дунё…» деган иборани ёдга оладиган бўлсак, мактаб психологи қанчалик масъулият ва руҳий босим остида ишлашини сезиш қийин эмас. Психолог — қалб, онг ва руҳият билан ишлайдиган мутахассис. Агар у бола қалбидаги бўшлиқни аниқласаю, уни қандай тўлдиришни билмаса, мактабда ишламагани маъқул.
Мактабдаги «Руҳий енгиллик» хонасини анча йиллардан бери бошқариб келаётган педагог аёл Муҳайё Дадабоева худди шундай хислат соҳибасидир. Аслида, бунга олти йил муқаддам туман ички ишлар бўлимининг вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси вакиллари ва 13-мактаб раҳбариятининг таклифи асос бўлган ва тез орада оммалашган эди. Йиллар давомида айрим таълим муассасаларида ташкил этилган бундай хоналар эътибордан четда қолди. Аммо 26-умумтаълим мактабида қўллаб кўрилган бу тажриба ҳар йили бойитилади, янгиланади. Шу боис, хонада амалга ошириладиган руҳий машғулот таъсири сезиларли бўлмоқда.
— Психолог ўқувчининг кўнгил оламини кузатиб назорат қилиши, бола психологиясидаги салбий ўзгаришларни ўз вақтида пайқаб, зарур чора кўриши керак, — дейди М.Дадабоева. — Биз бу жараёнда турли усулларга таянамиз. Баҳор ва куз фаслида ўқувчи руҳий-эмоционал жиҳатдан қўзғалади. Даврига қараб, махсус тест ва сўровнома ўтказаман. Тест сўрови ўтказишнинг «Кактус» усули бор. Ўқувчилар «Кактус» ўсимлигини чизадилар. Унинг тиканларини қай кўринишда тасвирлаганига қараб, бола феъл-атворидаги ўзгаришни илғаб олиш мумкин. Ўсимлик тикани ўта ингичка ва ўткир ҳолатда чизилган бўлса, бола агрессив, атрофдагилар билан “тил” топиша олмаяпти. Қандайдир муаммо исканжасида юрган бола ўз ёғига ўзи қоврилади, дардини бировга айтмайди. Айниқса, 7—8-синф ўқувчиси кучли эмоционал туйғуларга берилувчан ва арзимаган гапдан фожиа ясайди. «Руҳий енгиллик» хонаси айнан шу пайтда қўл келади. Мен уни шу хонага таклиф этиб, мавжуд воситалар ёрдамида ўзига келиб олиши учун имкон бераман. Хона манзараси — мусиқа, қушлар сайроғи, тасвирий санъат намуналари ундаги стресс ҳолатини юмшатиб, мен билан диллашишга ундайди. Уни қийнаётган муаммолар менга ўтади. Биз сирдош бўлиб қоламиз. Агар у бошқа ўқитувчининг иштирокини истаса, айтганини бажарамиз.
Муҳайё Дадабоева ўз машғулотларида яна бир усул — «Сиз ёқтирадиган ранг»ни қўллайди. Киши қайси рангга мойил бўлса, бу унинг кайфияти, қувончу ташвишида сезилиб турар экан. Бу усулни юқори синф ўқувчилари ўртасида қўллаш кутилган натижани берди. Ўтган ўқув йили якунига кўра, мактаб бўйича уч нафар ўқувчи билан жиддий шуғулланган психолог ўз мақсадига эришди. Айниқса, 8-синфда ўқийдиган ўқувчи қизнинг руҳий ҳолатини ўнглаш учун психолог ва синф раҳбарининг бир ёқадан бош чиқариб ишлашига тўғри келди.
— Оиладаги нотинчлик, иқтисодий-маиший шароитнинг оғирлиги, тенгдошлари томонидан ошкора тарзда ажратиб қўйилиши ўсмир қизни руҳан изтиробга солган. У ҳатто ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлган, — дея воқеани изоҳлайди М.Дадабоева. — Уни доимо кузатиб юрдим, синф раҳбари мендан ҳам кўпроқ машаққат чекди. «Руҳий енгиллик» хонасида бир неча бор якка тартибда суҳбатлашдим. Оиласи бошига тушган қийинчилик вақтинча эканлиги, уларни енгиш учун инсон иродали ва сабрли бўлиши лозимлигини уқтирдим. Очиғи, ёшимиз орасида анчагина фарқ бўлса ҳам у билан она-боладек яқин бўлиб қолдик. У мени ўз тенгидек кўрадиган, ҳаттоки сирларини айтадиган бўлди. Афсуски, онасини йўлга сола олмадик. Шундай бўлса-да, ўқувчининг ҳаёти анча изга тушди, ўзлаштириши яхшиланди. Синфдошлари билан дўстлашди. Аммо уни ҳамон назорат қилиб турамиз.
7-синф ўқувчиси психолог эътиборини тортди. Синфда ўтказилган психологик тест унда жиззакилик, қўполлик ва агрессивлик борлигини кўрсатди. «Руҳий енгиллик» хонасидаги илк суҳбат кутилган натижани бермади. Аммо, Муҳайё бошқача йўл тутди. Мактаб ҳовлиси, коридор ёки бошқа жойда гўё тасодифан учрашиб қолгандек бўлиб, баҳолари, ўзлаштириши, уйидагиларининг аҳволи ҳақида сўраб қўяверди. Бироз вақтдан сўнг, болада психологга нисбатан яқинлик, суҳбатлашишга мойиллик уйғонди. Энди у Муҳайёни қидирадиган, ундан аввал чаққонлик билан салом берадиган бўлди. Боладаги агрессив ўзгаришнинг сабаби ойдинлашди. У маҳалладош салбий хулқ-атвордаги болалар таъсирига берилган. Буни қаранг¬ки, тўполончилардан бири унинг телефонини тортиб олибди. Ёш ва куч жиҳатидан уларга бас келолмаган бола ҳимояга олинди.
Муҳайё Дадабоева фаолиятида бундай вазиятлар янгилик эмас. Лекин ҳар гал нохушликнинг ечими ижобий якунланади. Мактаб психологи доимо кўнгилга таскин берадиган натижа учун курашиши керак, бўлмаса ишлашидан не фойда?
Ғанишер АКБАРОВ