Тасвирларда Ватан манзаралари
Расмга термулиб туриб, ажиб бир ҳолатни ҳис қилдим. Оддий қалам билан ҳам кишини ўйга толдирадиган, ҳайратга соладиган манзара яратиш мумкин экан-да. Чизгиларга қарасангиз, буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз бунёд этган, ўз вақтида не-не шоҳ ва султонларни, ўзга юртдан келган элчиларни ўзига мафтун этган Оқсаройни кўрасиз. Ва худди ўша замонларга бориб қолгандек бўласиз.
Бу расмни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани «Баркамол авлод» болалар марказининг «Ёш мусаввир» тўгараги аъзоси, 15 ёшли Дилмурод Турсунов чизган. Унинг бошқа расмлари ҳам худди шу асаридек жонли ва мазмунли, болаликнинг беғубор ва синчков нигоҳи билан яратилган.
Наманган вилояти Норин тумани «Баркамол авлод» болалар маркази тўгарак аъзоси Яшнарбек Қурбоновнинг кўрик-танловга тақдим этган асарлари кўпчиликда ҳайрат уйғотди. «Ўзбек қизи» портретида миллий либос — адрас мурсак, бошига дўппи кийган қиз ибо билан кулимсираб, елкасига қўйиб олган кўзасини ажиб бир ноз билан тутиб турибди.
Республика «Баркамол авлод» болалар бадиий ижодиёт марказида ўтказилган «Ёш қаламкаш» кўрик-танлови иштирокчиларининг ҳар бири ана шундай ёрқин ва мафтункор асарлари билан барчага завқу шавқ улашди. Ўқувчиларнинг мусаввирлик санъатига бўлган қизиқишларини ошириш, уларни ички олами, дунёқараши, орзуларини акс эттиришга ўргатиш, бадиий-эстетик дидини ўстириш ушбу танловнинг бош мақсади ҳисобланади. Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан сараланган 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган « Баркамол авлод» болалар марказларининг 30 нафар тўгарак аъзолари иштирок этди. Рангтасвир ва қалам тасвир йўналишларида ёш рассомлар ўзбек халқининг миллий урф-одатлари ва қадриятлари, юрт гўзаллиги, табиатнинг беқиёс инъомлари, мустақиллик даврида эришилган ютуқларни акс эттиришди.
Танловда беқиёс ва бетакрор Ватанимиз манзараларини моҳирона акс эттирган ёш мусаввирлардан 12 нафари ғолиб деб топилди. Уларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Асолат АҲМАДҚУЛ қизи