Интеркитоб эшитяпман
Бугунги кунда кўчада ёшларнинг қулоқларига қулоқчин тиқиб олган ҳолда телефонидан ниманидир эшитиб кетаётганини кузатиш оддий ҳолатга айланиб қолган. Шу пайтгача катталар ёшларнинг бундай юришларини кўриб асабийлашганини эътироф этамиз. Аммо ёшлар кўча-кўйда КИТОБ ЭШИТИБ кетаётганини билганимиздан кейин биз катталар “Яшанг, полвон, мана бу бошқа гап”, деб қўйишга мажбурмиз.
Китобхонлик тўғрисида гап кетар экан, бу йўналишда қисқа муддат ичида давлатимиз томонидан бир неча жиддий ҳужжатлар қабул қилингани ва тез-тез китоб ва китобхонлик тарғиботига доир тадбирларнинг ўтказилиши ҳаммага маъқул бўлмоқда. Аммо биз ўқувчилар техника тараққиёти ортидан улгурмаётганимизни сез¬япмиз. Масалан, дунёда аудиокитоблар ўтган асрнинг 30-йилларида юзага келганига қарамасдан биз унга ўргана олмадик. Бу аудиокитобларни бир жойда ўтириб кўзи ожиз кишиларгина эшитарди. Ҳозирги кунда ҳар қандай ўқувчи кўчада кетаётиб ўз дарс¬лигини мактабга етгунча эшитиб боряпти, мана бунисига ҳали кўникканимиз йўқ, айниқса, катталарнинг кўникиши қийин кечмоқда.
Ўз тажрибамдан айтадиган бўлсам, ўтган асрнинг 50-йилларида уйимизда патефон бўларди, қулоғини бураб қарталарни қўйиб турли ашулалар эшитиб ўтиришни жуда яхши кўрардим. Кўпчилиги классик ашулалар бўларди ва мендаги классик ашулалар билими ўша патефонда эшитилган қарталардан қолган.
Кейинчалик магнитофонлар чиқди. Аммо қанчалик ўзгаришлар бўлмасин ҳали аудиокитоблар масаласи негадир кўтарилмади. Мусиқа эшитишлар кўп бўлдию, аммо бу техник имкониятларга китобларни мослаштириш секин ривожланди. Иттифоқ тарқалгач техник янгиликлар ва имкониятлар катта тезликда кириб кела бошлади. Ўтган асрнинг 90-йилларида минг хил мусиқаларни эшитиб катта бўлган болаларимиз ҳатто 2000-йилларга келиб ҳам ўқишга вақтим бўлмаяпти, менга фалон аудиокитобни топиб беринг, деганини эслай олмаймиз.
Энди биз болаларимизга яқин-яқинда интернетдан фалон китобни топиб беринг, ўғлим, шуни телефонимга жойласангиз, у ер-бу ерда дам олиб ўтирганимда ўқиб чиқаман, деб қолар эдик. Қарабсизки, бу илтимослар ҳам кечаги кунга айланиб боряпти. Сабаби, қарилик, кўз ҳам телефондаги электрон ҳарфларни унчалик олмай қоладиган бўлса, фарзандингиз энди сиз айтган китобнинг аудио вариантини телефонингизга жойлаб беради. Қарабсизки, бирон жойда ўтириб ўқиш эмас, кўчада кечки сайр пайтида ҳам бирор китобнинг ярмини эшитиб бўласиз. Мана бу имкониятлар нафақат биз қарияларга, ёшларнинг ўзларига ҳам жуда қўл келяпти. Улар кўплаб китобларни йўл-йўлакай эшитиб бўлишяпти.
Қуруқ гап қулоққа ёқмас, дейишади. Мисол келтираман. Менинг 2015 йили “Камалак” нашриётида “Сидранинг тўрт меваси” номли тўртликлар китобим минг нусхада нашр қилинди. Бу китобни ўз вақтида таниқли журналист, жозибали овоз соҳиби Раҳимжон Жуманиёзов кўриб қолади-да, унинг аудио вариантини яратади. Раҳимжонга минг бор ташаккурлар айтиб, бу китобнинг аудио вариантини интернет саҳифаларига қўйдим. https://cloud.mail.ru/public/CVpR/3vD1JPzcshttps. Минг нусхада чоп этилган бу китобнинг электрон ва аудио вариантлари қоғоз нусхаларидан бир неча баробар кўп — минг¬лаб нусхаларда тарқаб кетди.
Тўғри, китобнинг электрон вариантини телефонингиздан, бирор планшет ва бошқа техника ёрдамида ўқишингиз мумкин. Аммо унинг аудио вариантини машинада ҳам эшитиб кетаверасиз. Қарабсизки, мана энди китобхон сўзининг ҳам бугунги кунда фақат китоб ўқиётган, ўқиган кишини эмас, китобни эшитаётган ва китоб эшитган киши ҳақида эканлигини тушунишимиз керак бўляпти. Демак, бу борада ҳатто тилимиз ҳам орқада қоляпти.
Китоб бор уйда зиё бўлади, деб келинган. Шундан бўлса керак, кўзимни очибманки, кўзим китобдан, оиламиздаги юзлаб, кейинчалик минглаб китоблар фақат қалбимни эмас, балки бутун ҳаётимни ёритиб келмоқда. Мана шу жумланинг охиридаги фикрларни бекорга ёзмаяпман. Бир вақтлар тоталитар тузум таъсиридан қўрққан ҳолда қанча-қанча китоблар ёндирилди. Айниқса, оиламиз катталари китобларни қоп ва қанорларга солиб қаёқларгадир олиб кетиб кўмиб келганларини биламан. У кўмилган китобларнинг ҳатто “адрес”ларини бизга айтишмасди, токи уларнинг борлигини билган тузум биз ёшларни хароб қилмасин, деб.
Боболарим умри бўйи китоб йиққан бўлса керак, мен ҳам умрим бўйи китоб йиғиб келдим. Бугунги кунда уйда 10 мингдан ортиқ китоб бор ва улар, тилим келмаяпти, хоналарда кўплигидан ёшларга “ортиқлик” қиляпти. Бу ўринда ОРТИҚЛИК сўзини китобларнинг қоғоз шаклида хоналарни ва жавонларни “банд этиши”ни кўзда тутяпман. Негаки, ёшлар бу китобларнинг салкам 70—80 фоизини электрон вариантда интернет ва виртуал кутубхоналардан бир дақиқада топишади.
Биринчи электрон вариантдаги роман 1993 йили Питер Жеймс томонидан эълон қилинганди. Бу роман “Искушение”(Васваса) ниҳоятда тез тар¬қаб кетади-да, муаллифга катта шуҳрат келтиради. Лекин у электрон китоблар асрини бошлаб бера олмади.
Электрон китобларнинг энг кенг тарқалган йиллари, албатта, 2008 ва 2010 йиллар бўлса керак. Бу даврга келиб уларнинг савдодаги ўрни 1260 фоиз кўпайиб кетади. Бу ҳолатни кўрган экспертлар қоғоз китобларнинг “ўлими” яқин деб жар сола бошлайди. Аммо одамларнинг қоғоз китоблардан узилиши ҳали анча қийин кечмоқда ва бу анчагача чўзилиши маълум бўляпти. Албатта, бу одамларнинг психологик кўникмалардан қийин қутулиши билан боғлиқ.
Ҳозир китоблар нашрининг 20 дан 40 фоизигача қисмини электрон китоблар ташкил қиляпти. Аммо бу ҳолат ҳам ўз ўрнида инқирозга учраши тайинга ўхшайди. Чунки электрон китобларни ҳам махсус мосламаларда ўқиш зарурати ўқувчиларга ноқулайликлар туғдирмоқда. Масалан, ҳар икки америкаликнинг бирида планшет бор ва у бу мослама орқали хоҳлаган китобини, хоҳлаган жойда ўқиши мумкин. Аммо бу ҳам америкаликларни қониқтирмаяпти. Энди улар бу китобларни ўқишни эмас, кўчаларда кетиб бораётган пайтларида эшитиб боришни хоҳлашяпти.
Шу ўринда яна бир ҳолатни айтиб ўтиш керакки, ўқиган китоблардан кўра эшитган китоблар инсон хотирасида яхши қолар экан. Бу фикрни 400 алоҳида ажратиб олинган болалар орасида ўтказилган психологик экспериментлар тасдиқлади.
Жаҳон бўйлаб нашр қилинаётган китобларнинг ривожланган давлатларда ҳамма электрон нусхалари махсус кутубхоналар фондига топширилади. Мамлакатлар ўз китоб фондларида бўлган янги ва эски китобларнинг ҳаммасини электрон шаклга ўтказиб бўлаётган бир вақтда, бизда ҳолат умуман бошқача. Ўзбекистон ҳаётига нисбатан бу масалага назар ташлар эканмиз, ачинарли ҳолатни кўрамиз. Мустақиллик йиллари чиққан китобларнинг электрон нусхалари махсус фондларга мажбурий равишда топширилмай келиняпти. Кутубхоналаримиздаги китобларни электрон вариантга ўтказиш жуда суст олиб борилмоқда. Аҳолидан эски китоблар йиғиб олиниб электрон вариантга ўтказилмаяпти. Биргина мен ўзим юз-икки юз йиллик китобларимдан юзлаб нусхаларни электрон вариантга ўтказиш учун беришим мумкин. Аммо керакли жойларда бу масалада сўз очганимда керакли даражада қизиқиш билдирилмади. Эски китоб¬ларнинг тақдири ҳамон мавҳум. Ахир, уларнинг кўпи ноёб ва халқимиз тарихи билан чамбарчас боғлиқ асарлардир.
Юртимиз илғор зиёлилари ва китоб жонкуярлари томонидан виртуал кутубхоналар очилмоқда ва бу таҳсинга сазовор. Шундай янгиликлардан бири, бу — Марказий Осиёда ҳали ягона бўлган “Uzbook” виртуал кутубхона дастуридир. Кутубхона ва бу дастур жонкуяри Рўзимурод Тожиев бўлади.
Дастур имкониятлари шундан иборатки, бу виртуал кутубхонадан хоҳлаган китобингизни электрон вариантда кўчириб олишингиз, кутубхонадан чиқмасдан эшитишингиз, керак бўлса кўчириб олиб уйда ўқишингиз, йўлда эшитишингиз мумкин. Аудиокитоблар хилма-хиллиги, уларнинг мавзуларининг ранг-баранглиги сизни лол қолдиради. Энг қувонарлиси, дастур муаллифлари ўз кутубхоналарини кундан-кун кенгайтириб боришмоқда.
Рўзимурод билан суҳбатлашсангиз, Бу инсоннинг ўз дастуридан қувончини кўрасиз. Аммо унинг Ўзбекистонда нашр қилинаётган китобларнинг электрон вариантлари керакли идораларга, кутубхоналарга, Ўзбекис¬тон давлат китоб палатасига ҳам топширилмаётганини айтиб куйинганидан сизда ҳам ачиниш пайдо бўлади.
“Uzbook” дастури орқали сиз фақат Ўзбекистон эмас, балки бутун жаҳон китоб оламига кириб бора оласиз ва уларнинг имкониятидан баҳраманд бўласиз. Бу дастур имкониятида корхонага махсус ускуналар, овоз ёзиш студиялари ва китобларни электрон вариантларга ўтказиш ва бошқа кўплаб имкониятлар яратилганки, улар нашр қилган аудиокитобларнинг кито¬бий спектаклларини тинглаб, ҳар қандай эшитган китобингизни хотирангизга ҳам ёзиб оласиз.
“Uzbook” дастурида жаҳоннинг турли тилларида китоб ўқиш ва эшитиш мумкин. Ўзингиз ўз китобларингизни ҳам электрон вариантда қўйишингиз, ўз китобингизни ўз овозингизда ёзиб қолдиришингиз мумкин.
“Uzbook” бизнинг китобларимизни ҳам жаҳонга олиб чиқмоқда. Энди сиз бошқа халқларга бадиий юксак асарингизни ўзбек тилида етказишингиз мумкин.
Дастурда ўзбек адабиётининг классиклари асарлари электрон вариантларда мавжуд ва уларни энди аудио вариантларга ўтказиш устида иш олиб борилмоқда. Демак, яқин вақтлар ичида бу асарлар жаҳон халқларига ўзбек жарангдор овозида етиб боради.
“Uzbook” жонкуярлари ва яратувчилари ўз дастурларини олий ўқув юртлари, мактаблар ва, умуман, китоб олами билан қизиқувчилар орасида тарғиб қилишдан толмаяптилар. Турли учрашувларда уларга юзлаб саволлар берилади ва ёшлар бу дастурнинг келажаги билан чин дилдан қизиқиб қолишади.
Ўнлаб китобларни овозга кўчирган, аниқроғи, овозли китоб яратган овоз режиссёри Фарҳод Мирабдуллаев ва Ёрқин Эрназаров билан суҳбатлашсангиз, улар китобларнинг овозли вариантга ўтиш жараёнлари ҳақида ҳаяжонланиб гапиришади ва китобнинг овозли бўлиб қолганидан ўзингиз ҳам қувониб кетасиз...
Маҳмуд ЙЎЛДОШЕВ, психология фанлари номзоди