Маънавият ва маърифат жонкуярлари
«Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади...». Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асари муқаддимасида билдирган фикрлари глобаллашув жараёни ва маънавий таҳдидлар кучайган бугунги кунда ўз аҳамиятини янада оширди.
Фарзандларимизни маънавиятли қилиб тарбиялаш, юртимиз моддий, маънавий-маърифий қадриятларини асраб-авайлайдиган, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан тура оладиган, ўз мустаҳкам позициясига эга авлодни вояга етказиш учун нафақат оилада, балки маҳалла, таълим муассасаларида, барча-барча жойда эътиборни асло сусайтирмаслик керак. Айниқса, ёш ўғил-қизларнинг маънавиятини шакллантиришда, уларнинг тафаккур оламини эзгу ғоялар билан бойитишда ўқитувчи ва мураббийлардан катта меҳнат ва маҳорат талаб этилади. Мамлакатимизда бу борада эътирофга лойиқ ислоҳотлар амалга оширилиб, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Аввало, маънавият соҳасида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг 2006 йил 25 августдаги қабул қилинган «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарори асосида жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари, конференция ва семинарлар ўтказилиб, интеллектуал беллашув ва кўрик-танловлар ташкил этилди. Дастлаб «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси», 2014 йилдан бошлаб эса «Йилнинг энг фаол маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари» кўрик-танлови ўтказила бошланди. Бундай ижодий беллашувларда ўзини кўрсатган педагогларнинг иш услуби, тажрибалари оммалаштирилиб, барча таълим муассасаларида кенг жорий этилмоқда.
— Халқ таълими тизимида ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётган, юксак маънавиятли, фидойи ўқитувчилар жуда кўп. Таълим муассасасида соғлом муҳитни ярата олган, ташаббускор ва ижодкор педагоглар ўртасидаги ўтказилаётган «Йилнинг энг фаол маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари» кўрик-танлови шундай ўқитувчиларни аниқлаш, рағбатлантириш ва тажрибаларини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йил иккинчи бор ўтказилган ижодий беллашувда директор ўринбосарлари орасидан энг илғор, намунали, таълим-тарбия сифатини ошираётган ташкилотчилар сараланди, — дейди Халқ таълими вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Ҳикматилла Даминов.
В.Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида бўлиб ўтган кўрик-танловнинг республика босқичи қизғин кечди. Халқ таълими вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ЁИҲ, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура, «Оила» илмий-амалий марказлари билан ҳамкорликда ўтказилган танловда иштирокчилар 5 та шарт бўйича беллашди.
Биринчи шартда директор ўринбосарлари «Менинг ғоям» мавзусида таълим-тарбия тизимида қўллаш мумкин бўлган фотоальбом, слайд ва видеофильмлардан иборат ўз концепциясини тақдим этди. Учтепа туманидаги 107-ИДУМ директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шоира Багированинг таълим-тарбия жараёнини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиққан янги лойиҳаси кўпчиликка манзур бўлди.
— Танловнинг биринчи шартида «Баркамол авлодни шакллантиришда XXI аср компетенцияларининг ўрни» мавзусидаги лойиҳамни тақдим этдим, — дейди Шоира Багирова. — Унда умумтаълим муассасаларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда ўқувчиларнинг маънавий дунёқараши ва тафаккурини юксалтириш асосий мақсад этиб белгиланган.
Ҳар йили фанлар кесимида ўқувчиларнинг компетенцияларини шакллантириш юзасидан тажриба-синов ишлари олиб борилади. Бироқ маънавий-маърифий ишлар бўйича бундай тарғибот лойиҳалари жорий этилмаган. Менинг ғоям барча фанлар кесими ва мактабдан ташқари таълим тизимида ўқувчиларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича кўникма ва лаёқатини янада оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, биринчи шарт¬га кўра Самарқанд туманидаги 2-ИДУМ директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ситора Зафарова Жиззах вилояти вакили Севара Йўлчиева ҳамда Мирзаобод туманидаги 14-умумтаълим мактабидан Исмоилжон Бойқўзиевнинг ўқувчилар билан олиб бориладиган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.
Иккинчи шарт бўйича педагоглар таълим-тарбия жараёнида учрайдиган муаммоли вазиятларга ечим тавсия қилдилар. Наманган вилояти вакили Қобилжон Умаров «9-синф ўқувчиси ижтимоий интернет тармоқларига муккасидан кетгани боис ўзлаштириши пасайиб кетди. Бундай пайтда қандай йўл тутасиз?» деган саволга у шундай жавоб берди:
— Мактабимизда бундай воқеалар учраб туради. Ҳаттоки айрим ўқувчилар «интернет муҳаббати»га ҳам дучор бўлди. Навбатдаги ота-оналар йиғилишида ўқувчиларнинг кўп функцияли, қимматбаҳо мобиль телефонлардан фойдаланмаслик, оддий алоқа воситаларини ишлатиш лозимлигига келишиб олинди. Ўзлаштириши пасайган ўқувчилар фаол тенгдошларига бириктирилиб, улар билан бир ой давомида ҳар куни синф раҳбари ва мактаб психологи индивидуал шуғулланди.
Экранда мактабга янги келган ўқувчининг тенгдошлари томонидан камситилаётгани ва бу вазиятга ўқитувчининг эътиборсизлиги кўрсатилади. Мазкур лавҳага хоразмлик педагог Анагул Ёқубова шундай изоҳ беради:
— Мактабимизда янги ёки уятчан ўқувчиларнинг синфдошларига қўшилиб кетиши учун барча имкониятлар яратилади. Очиқ дарс ва табиат қўйнига уюштириладиган саёҳат бизга қўл келади. Биргаликда дарс тайёрлаш, ҳашарда иштирок этиш, беллашув ва мусобақалар ўтказишга қўшилолмаётган ўқувчини масъул этиб тайинлаш гуруҳбозликни бартараф этади.
Учинчи шартда директор ўринбосарлари «Миллий ғоя нима?», «Миллий менталитетнинг маъносини айтинг?», «Маънавият» тушунчаси ўзида қандай маънони мужассам этади?», «Фуқароларнинг жамиятдаги хулқ-атворини тартибга солувчи талаб ва қоидаларни айтинг?», «Ўзбек моделининг асосий тамойилларини сананг?», «Оила-маҳалла-таълим муассасаси» ҳамкорлиги жамоат кенгаши қачон ташкил топган ва асосий вазифаси нима?» каби саволларга жавоб беришди. Ушбу шартда барча иштирокчилар фаол қатнашди.
Ҳозир мактаб ўқитувчиларининг кўпчилиги АКТдан бемалол фойдалана олади. Улар интернет тармоқларидан қандай фойдаланиш лозимлигини тўртинчи шартда амалий жиҳатдан кўрсатиб беришди. Шарт ижроси педагогларга қийинчилик туғдирмади. Иштирокчиларнинг аксарияти берилган вазифани қисқа вақтда сифатли бажардилар. Бешинчи — эркин шартда директор ўринбосарлари шеър, қўшиқ, рақс ва турли саҳна кўринишлари намойиш этиб, томошабинлар кайфиятини кўтарди.
Ниҳоят, ҳаяжонли дақиқалар! Якуний натижалар эълон қилинадиган лаҳза! Биринчи ўринни Учтепа туманидаги 107-ИДУМ директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шоира Багирова қўлга киритди. Самарқанд туманидаги 2-ИДУМ директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ситора Зафаровага иккинчи ўрин насиб этди. Учинчи ўринга эса Навбаҳор туманидаги 5-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилфуза Тиловова сазовор бўлди.
Кўрик-танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Иштирокчиларга Халқ таълими вазирлигининг «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони топширилди. Мустақиллик майдони ва Ўзбекистон тарихи давлат музейига уюштирилган экскурсия педагогларда бир олам таассурот қолдирди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири