Қалбларга инган тароват
“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси — 2018”нинг Олмазор тумани босқичи Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом жоме масжидида юқори савияда бўлиб ўтди.
Халқимиз ўн тўрт асрдан буён муқаддас ислом динига эътиқод қилиб, унинг бош манбаси бўлган Қуръони каримга асосан ҳалоллик, бағрикенглик, мурувват, меҳр-шафқат, ота-онага ҳурмат, катталарга эҳтиром, кичикларга иззат кўрсатиш каби муҳим тамойилларни турмуш тарзига сингдирган. Бу фазилатлар авлодлар ўртасида маънавий-руҳий кўприк вазифасини ўтаб, халқимизга хос эзгу анъаналар билан уйғунлашиб, ҳар бир юртдошимиз учун бебаҳо бойлик бўлган ор-номус, одоб-ахлоқ каби қадриятларни асрлар силсиласидан эсон-омон олиб ўтмоқда. Шу боис ота-боболаримиз ислом дини қаттиқ таъқибга учраган мустабид тузум даврида ҳам барча маънавий бойликларимиз қатори Қуръони каримни, уни ўқиб-ўрганиш бўйича шаклланган кўҳна мактабни сақлаб қолишга интилган. Юртимиз мустақилликка эришгач, бу борадаги ишлар қайта жонланиб, муқаддас каломни ўргатиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
— Президентимиз ўтган йили 1 сентябрда Ҳазрати Имом мажмуасида диний уламолар, жамоат бирлашмалари вакиллари билан бўлган учрашувда Қуръони каримни тўғри ва гўзал ўқиш бўйича кўп босқичли мусобақа ўтказиш таклифини билдириб, “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади”, деган эдилар, — дейди “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси — 2018” ташкилий қўмитаси раисининг ўринбосари Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қори. — Юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида 18–25 ва 26–40 ёшли эркак ва аёллар ўртасида ҳифз (тўлиқ ёддан айтиш) ва тиловат (хуш овозда ўқиш) йўналишлари бўйича мусобақанинг биринчи бос¬қичи ўтказилди. Беллашувларда 5366 нафар ҳамюртимиз иштирок этди. Жумладан, Тошкент шаҳри бўйича мусобақанинг туман босқичида 486 киши қатнашди. Ҳаво совуқ бўлишига қарамай, юртдошларимиз келиб, мусобақани катта қизиқиш билан кузатди. Халқимиз шу кунларга етказгани учун Яратганга шукрона айтиб, хайрли ишда ташаббускор бўлган Президентимизни дуо қиляпти.
Ҳазрати Имом жоме масжиди Қуръон мусобақасини кўриш, мўъжизавий каломга қулоқ тутиб, файзу раҳматдан баҳраманд бўлиш учун пойтахтнинг турли чеккасидан келган мухлислар билан лиммо-лим тўлди. Улар орасида Қуръони каримни ёд олган, ёд олаётган 5—10 ёшли жажжи қориларнинг борлиги дилни равшан қилади. Беллашувда қатнашган ака-опаларини кўрган болаларда эртанги кунга ишонч ортади. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни Қуръонни пухта ва хатосиз ёд олгани, талаффуз қоидаларига тўла амал қилгани, овоз имкониятлари ва чиройли қироат қилишига кўра баҳолаб борди. Қуръонга муҳаббати кучли иштирокчилар ичидан ғолибларни танлаб олиш ҳакамлар учун қийин кечгани шубҳасиз.
Олимлар таъкидлашича, Қуръон эшитиш салбий ҳис-туйғулардан (стресслардан) халос этиб, асабий тарангликка барҳам беради. Уйқусизлик, паришонхонтирлик, беҳуда ғазабланишга шифо бўлади. Сурункали касалликлардан ҳимояланиш, уларга қарши курашишда ёрдам беради. Хотира сустлигидан шикоят қилганларга кўпроқ Қуръонни ўқиш ёки эшитиш тавсия этилади. Тиловатнинг овозли тўлқини асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Қуръон эшитиш билан юрак касалликларини ҳам даволаш мумкин.
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг махсус диплом ва совғалари билан тақдирланиб, мусобақанинг кейинги босқичига йўлланма олди.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири