«Телефономания» болаликдан айиради!
Суҳроб 5-синфга ўтдию, телефон машмашаси бошланди. Ҳар куни «Менга қачон телефон олиб берасизлар, ахир катта бола бўлиб қолдим-ку», дея хархаша қилади. Бу масалада отасидан рад жавобини олгач, муаммони онаси орқали ҳал этишга уринди. Можародан безган Малика опа турмуш ўртоғини кўндириб, Суҳробга ўзи истаган телефонни олиб берди.
Суҳроб барча қулайлик ва функцияларга эга замонавий телефонни олдию буткул унга боғланиб қолди. Телефонни эртаю кеч қўлидан қўймас, овқатланаётганда ҳам ундан бош кўтарай демасди. Баҳолари пасайиб кетди. Ота-онаси билан гаплашишга вақт тополмай қолгани етмагандай, уларга ўдағайлай бошлади. Гап орасида русча, инглизча сўзларни аралаштириб, маза-бемаза гапларни ишлатадиган бўлди…
Энди Малика опа боласини «телефономания», яъни телефонга тобеликдан қутқара олмай ҳалак. Эҳ-ҳе, дунёда бундай ота-оналар қанча! Ёшлар онгу шуурини энг замонавий смартфонга эга бўлиш истаги чулғаб олгани ҳеч кимга сир эмас. Бунга, аслида, ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўлмаяптими?!
Ёшлар — гажет ишқибози. Буни англаш учун психолог бўлиш шарт эмас, атрофимиздаги болаларни кузатсак кифоя. Улар қайси ёшда бўлмасин, илк бор телефонни қўлга олиши билан ана шу оламнинг ҳақиқий соҳибига айлангиси келади. Ота-онаси фойдаланадиган смартфонни қайси йўл билан бўлса-да қўлга киритиб, тезроқ ўйнашга ошиқади. Уйига келган меҳмоннинг смартфони борми, дея қўлига қараб туради, дастурхонга ўтириши билан «Телефонингизни бир ўйнай», дея унга мушукдек суйкалади.
Мутахассисларнинг айтишича, бола электрон воситалар билан қанча эрта муомалага киришса, болалиги билан шунча барвақт хайрлашади. Ўйинчоқ ўйнаш, дўстлар топиш ўрнига, компьютер ёки телефонга боғланиб қолади.
Болалар учун онлайн-маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган «Leapfrog Enterprises» компанияси ходимаси Каролин Жейнс¬нинг таъкидлашича, гўдакнинг тугмани босиш ва видео кўришга қизиқиши компьютердан фойдаланишга тайёр эканини англатмайди. Бола икки ёшгача дунёни реал ҳаракат ва ўзаро муносабатлар орқали англайди, компьютер ёки телефон экрани қаршисида эса бу ҳолат содир бўлмайди, деб ёзади тадқиқотчи. Айрим ота-оналар гўдагининг телефонни бироз бўлса-да тушуниши, тугмаларни мустақил боса олаётганидан завқланади. Шу тарзда бола телефон «касаллиги»га дучор бўлиб қолади. Фарзанди мактаб ёшига етар-етмас гажетларга боғланиб қолиб, телефон олиб беришларини талаб қилганида эса, додини кимга айтарини билмайдиган ота-оналар қанча.
Тадқиқотларда ҳар куни минглаб ота-оналар ўз фарзанди билан телефондан тўғри фойдаланиш масаласида баҳслашиши аниқланмоқда. Болага неча ёшида телефон олиб бериш лозим? Саволнинг ягона жавоби йўқ. Аммо аксарият мутахассислар боланинг ҳеч бўлмаганда мактаб ёшига етишини кутишни тавсия қилади. Тадқиқотчилар боланинг гажетдан ота-она кузатувида ва уйдан ташқарида фойдаланиши ўртасида фарқ борлигини таъкидлайди. Хусусан, бола назорат остида бўлса, техника воситаларидан ижобий мақсадда фойдаланади. Интернет орқали алифбо ёки тил ўрганади, ақлни чархлайдиган ўйинларни ўйнайди. Уйдан ташқарида эса тенгдошларига қизиқиб, салбий таъсирга эга сайт¬ларга кириб кўргиси, жанговар ўйинларни ўйнагиси, ахлоқсиз тасвирларни томоша қилгиси келади. Шу боис болага 11—13 ёшдан сўнггина шахсий смартфон ёки планшет олиб берган маъқул.
— Фарзандим 15 ёшда, аммо унга на телефон, на компьютер олиб бердим, — дейди Тошкент туманидаги 26-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Самандарнинг онаси Муҳаббат Эшонхўжаева. — Ўқиши сустлашиб, футбол тўгарагидан безиб қолишини истамайман. Гоҳида у ҳам смартфон олиб беришимизни сўрайди, аммо унга телефон ишлатиш мавриди келмаганини, ҳозир асосий вазифаси пухта ўқиш эканини тушунтираман.
Таниқли психолог Кэтрин Штайнер-Адэр ўзининг «The Big Disconnect» (Улкан ажратгич) номли китобида замонавий технологияларнинг болага салбий таъсири ҳақида сўз юритар экан, вақтни гажетга сарфлаш реал ҳаёт билан муносабатни мураккаблаштиради, «технология болаликни ўлдиради», деб ёзади. Виртуал олам жодуси беғубор болалик завқини ўғирлаши ҳақиқа¬тан ҳам долзарб муаммодир.
Интернет тармоғидан ҳуда-беҳуда фойдаланиш бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганига қарамай, фарзанди қўлига телефон тутаётган ота-оналар сони кам эмас. Биринчи синф, ҳаттоки, боғча боласида ҳам смартфон бор. Буни Американинг мобиль хизматларни ўрнатиш компанияси «Zact» ўтказган тадқиқот натижалари ҳам тасдиқлади: 10—13 ёшли болаларнинг 56 фоизи, 2—5 ёшли кичкинтойларнинг 25 фоизида шахсий смартфон бўлиб, уларнинг аксарияти ўз телефонига шу қадар «қул»ки, у бўлмаса, ҳатто «нафас» ололмайди. Бу — «телефономания» касаллигининг авж олишидир.
Боланинг мобиль суҳбатига қулоқ солган киши, аслида, гаплашишга арзигулик сабаб йўқлигини дар¬ҳол пайқайди. Айниқса, ўсмир ёшдаги йигит-қизлар телефонга буткул боғланиб, ҳар лаҳза мобиль аппаратига кўз ташлайверади, янги SMS келмагани ёки қўнғироқ ўтказиб юборилмаганини текширади. Улар «матоҳ»ини тез-тез алмаштириш, янгидан-янги аксессуарлар билан безатишга ишқибоз. Хўш, педагоглар нима дейди?
— Ота-оналар фарзандига смартфон олиб бераётганига ҳайрон қоласан, киши, — деди Учтепа туманидаги 287-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Нилуфар Қаҳҳорова. — Катта синфларни қўя туринг, ҳатто бошланғич синф ўқувчиларида ҳам қимматбаҳо телефон.
Бола айни билим оладиган, ақлини чархлайдиган ёшда миясини нокерак ахборот билан тўлдираётганини унинг ўзи англамаса ҳам, ота-она тушуниши керак. Бу масалада ота-оналарга ҳар қанча гапирилмасин, натижа бўлмаяпти. Қўлида симсиз алоқа воситаси бўлган ўқувчи мавзуни диққат билан тинглаб, дарсда фаол бўла олмайди.
Дарс бошланган вақти телефонларни йиғиб олиб, қўнғироқ чалинганда қайтариб бераман.
Мутахассислар болада шахсий жавобгарлик, ақлини таниб олиш, ахборотни ажрата билиш қобилияти шаклланганидан сўнггина унга оддий тугмали телефондан фойдаланишни тавсия қилади. Бу талабни ота-оналар тўғри англаши — оқилона ечимдир!
Замонавий технологияларни билиш, улардан фойдаланиш замон талаби. Бироқ касаллик даражасида тобеланиб қолиш нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам ҳаёт тарзи, фикрлаши, ҳатто ахлоқига салбий таъсир этади. Айниқса, ҳали дунёни тўла англаб улгурмаган бола онги телефоннинг зарарли таъсиридан шикастланиши ва бу унинг келгуси ҳаёти ҳамда иш фаолиятига зиён етказиши ҳеч гап эмас.
Ирода ТОШМАТОВА