Бугунги кутубхона ва кутубхоначи қандай бўлиши керак?
Мактаб кутубхонаси ўқувчилар, ўқитувчилар, маҳалла жамоасининг ахборот-кутубхона билан таъминланишини белгилаб берувчи таркибий марказга, шахснинг ахборот олиш маданиятини шакллантириш базасига айланиши керак. Фан-техника тараққий этган даврда мактаб кутубхонасининг миссияси ўзгаради, кутубхоначининг профессионал фаолиятида ҳам қоидалар янгиланишига эҳтиёж пайдо бўлади. Энди тадбирлар миқдорию китобхонлар ва берилган китоблар сони каби кўрсаткичлар ахборот-ресурс маркази фаолиятини баҳолашда бош омил бўлолмайди. Кутубхоначидан аудиовизуал ва электрон ҳужжатлар, замонавий техника билан ишлаш малакаси ҳам талаб этилади.
Кутубхона — китобга олиб борадиган йўллар яқин ва осон бўлишига хизмат қилади.
Одатда, ошхона, спорт зали, ҳатто савдо расталари ҳам мактабнинг кириш қисмида, кўзга яқин ва ҳаммага қулай жойда, кутубхоналар эса одатда мактабнинг энг четида, кўримсиз, кимса бормас бир бурчагида жойлашган бўлади. Нима, китоб егулик, жисмоний машқ ёки ручка-қаламдек зарур нарса эмасми?
Кутубхона зиё тарқатувчи маскан. Шундай экан у ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги даркор. Аввало, кутубхона дид билан жиҳозланган, тоза ва озода бўлиши керак. Мактаб кутубхоналари таркибидаги ўқув зали зарур мебеллар билан таъминланиши, ташқи шовқиндан ҳимояланиши, хонанинг ёруғ ва шинам бўлиши аҳамиятли.
Кутубхоначи ким? Замонавий кутубхоначидан нима талаб қилинади? Кутубхоначи ўқувчиларга формулярлар очади, унга берилган китобларнинг номи ва рақамларини ёзиб қўяди. Кутубхонада тартибни сақлайди, эскирган китобларни таъмирлайди, яроқсиз ҳолга келиб қолган адабиётлар рўйхатини тузади, янгиларини қабул қилади, тизимли ва алифболи каталогларни тўлдиради, ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказади. Фақат шуми? Аслида, кутубхоначининг иши бу қадар оддий ва осон эмас. Замонавий кутубхоначи ўқувчиларнинг кичик тиражда нашр этилган ёки бўлмаса, анча олдин чоп этилган ва қайта босилмаган китоблар орасидан энг сийраклари билан танишиши учун имконият яратиши керак. Шунингдек, электрон кутубхона ва электрон база билан ишлай олиш, ўқувчиларга китоб, электрон китоб ва керакли сайтларни топишда кўмаклашиш ҳам уларнинг вазифасига киради. Замонавий кутубхоначи нафақат интернет тизимининг моҳир фойдаланувчиси бўлиши, балки у кутубхона қидирув тизимларини ҳам яхши тушуниши керак. Моҳиятига кўра, ХХI аср кутубхоначиси – фойдаланувчиларга керак бўлган маълумотнинг аниқ ва тез қидирувини таъминловчи консультант. Бир сўз билан айтганда, бу касб яхши билим, хушмуомалалик ва матонатни талаб қилади.Кутубхоначи – ижодкор инсон. Оммавий тадбирларда кутубхоначининг ўрни жуда муҳим ва тадбирнинг муваффақиятли ёки муваффақиятсиз бўлиши унга боғлиқ. Афсуски, ҳозирги кунда кутубхоначиларнинг ҳаммасини ҳам ижодий етук деб бўлмайди. Ҳар бир кутубхоначилик йўналишидаги олий маълумотли мутахассис оммавий тадбирларни ўтказиш қобилиятига эга бўлмаслиги мумкин.
Кутубхоначи қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
– касбий таълим;
– умумий ва профессионал маданият;
– шахсий-психологик фазилат;
– ахлоқий, ижтимоий ва фуқаролик ўрни;
– ижодкорлик ва фикрлаш қобилияти;
– ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим.
Замонавий кутубхоначи кундалик фаолияти изланиш ва янгиликларга тўла бўлиши зарур.
Афсуски, кутубхоналарда китобхонларга хизмат кўрсатиш бугун ҳам ҳеч қандай ўзгаришсиз давом этмоқда. Ваҳоланки, ҳар соҳада хизмат кўрсатиш замон талабига биноан ўзгармоқда. Кўпгина кутубхоначиларда педагогик ва психологик билим етишмайди. Шу боис, кутубхонага кирган ҳар бир ўқувчи билан мулоқотга киришолмайди ва унинг характерига мослашолмайди. Бундан ташқари, уларда қуйи¬даги камчиликлар ҳам кузатилади:
ҳар бир ўқувчига бўлган қизиқиш мавжуд эмаслиги;
– психологик билимнинг етишмаслиги;
– соҳавий муаммоларни аниқлаш сустлиги;
– атрофида жамоани шакллантира олмаслиги;
– инновацион ўзгаришларни қисқа вақтда ўзлаштира олмаслик.
Мактабнинг бугунги кутубхоначиси юқорида санаб ўтилган камчиликларни бартараф этиб, хушмуомала, виждонли, эътиборли, сабрли, киришимли ва, энг муҳими, суҳбатдошини эшита билиш каби хусусиятларни ўзида жамламоғи даркор.
Л.ҲАЙДАРОВА,
М.АМИНОВА,
Республика Болалар кутубхонаси мутахассислари