Бешик тўйми, келин тўй?
Кафеда бешик тўйи бошланди. Созандаю хонанда, бошловчию раққоса шай. Видеочи йигит бахтиёр лаҳзаларни тасмага муҳрлаш билан банд. Дастурхондаги ноз-неъматларга “гап” йўқ! Гўёки келин-куёвнинг никоҳ оқшомидагидек дабдабаю асъаса! Фақат саҳнада келин-куёв эмас, таомилга кўра, гўдак бўлиши керак...
Айтганча, кичкинтой ўз бешик тўйида қатнашмаяпти. Ҳали чилласи чиқмаган чақалоқни шовқинли залга “биғиллатиб” олиб келгандан кўра, бешик ёки беланчакда маза қилиб ухлагани яхши-да!
Беихтиёр болалик дамларим ёдга тушади. Уйда ўтказиладиган тадбирнинг иштирокчиси асосан аёллар бўлар, дастурхонга фотиҳа ўқилгач, кайвони аёллар бешикни ўртага қўйишарди. Уни айлантириб, исириқ тутатилар, бешик анжомлари тахлангач, келинчак бағрига босиб турган боласини момолардан бирига узатарди. Ёш онанинг ҳаяжони бир олам. Бало-қазони қирқади, гўдакка хотиржамлик бахш этади, дея бешикнинг бош қисмига нон, пичоқ, пиёз ёки қалампир қўйиларди. Онахонлар чақалоқни бешикдан уч маротаба айлантириб, “Ўнгми, чап, ўнгми чап” ёки “Бу ёққами, у ёққами?” дея жўровозлик билан йиғилганлардан сўрашарди. Беш-олти марта шу ҳаракат такрорлангач, бола бешикка беланарди.
Қўл-оёғи боғланган бола йиғлайди. Уни юпатишнинг йўли — алла айтиш. Момолардан ёши улуғи алла айтади, келинчак болани эмиза туриб, боқий қўшиқни давом эттиради. Кичкинтой ширин уйқуга кетгач, бешик тинч хонага ўтказилади. Қудалар, қариндош-уруғ иштирокидаги оилавий тадбир якунлангач, дуога қўл очилади.
— Овсиним неварасига бешик олиб борди. Қариндошлар болага топган-тутганимизни илиндик, айримлар тоғорадан “қарашди”. Бош кийимларини алоҳида шиширилган шарга кийдириб, сават тайёрладик. Тагликларни думалоқ шаклда ўраб, уч қаватли торт кўринишида тахлаб олиб бордик. Ширин ташвиш деймизу, лекин ғалваси шу қадар кўпки... — дейди муаллима Дилноза Мўминова.
Дарҳақиқат, чақалоқ анжомларининг кўплиги, унинг етти ёшгача киядиган оёқ кийимию сарполаригача кўз-кўз қилинган ҳолда олиб келиниши дабдабадан бошқа нарса эмас. Қизини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган, бир дунё сепи билан узатиб, ҳали тўй ташвишларидан ўзига келолмаган ота-онага янги харажатлар не даркор? Бола униб-ўссин, оёққа турсин, унинг ризқ-насибасини Оллоҳ етказади, ахир!
Моҳиятан, болани бешикка белашдан иборат бўлган бу маросимни танқид қилувчи, аммо бунга риоя қилмайдиган онахонлар дабдабага бош-қош бўлишганига нима дейсиз?!
— Қудалар “Бизга кўп нарса керак эмас, эл нима қилса, шу-да” дейди. Аслида эса, қуда томонидан бешигию каровати, велосипед, ўйинчоғу қўғирчоқ, кийим-кечаккача олиб келинса, хурсанд бўлишади. Қизим қайнона, қайнотаси ва эри олдида кўкрагини кериб юрсин, дейишса керак-да, — дейди учала қизини узатиб, кенжасига бешик олиб борган меҳнат фахрийси Муҳаррам Тўхтаева.
Бешик тўйига қанча пул кетади? “Кичиккина” маросимни нишонлаган кишиларнинг тахминий ҳисоб-китобига кўра, олди-бердилар учун 4-5 миллион сўм сарфланар экан. Дастурхон ноз-неъматлари, тоғоралар бунинг ичида эмас. Демак, умумий ҳисобда 6-7 миллион сўм зарур. Бу тадбирни уй шароитида ихчамгина қилиб нишонлаб, қолган пулни кичкинтойни дунёга келтирган онанинг ўзини тиклаб олиши ва “янги меҳмон”нинг бақувват бўлиб ўсишига сарфласак, афзал эмасми?
Назокат ХОЛМЕТОВА