Ҳушёр ўқувчини ҳоким тақдирлади
Андижон шаҳри, Сой маҳалла фуқаролар йиғини Кўнчилик кўчасида истиқомат қилувчи бир гуруҳ дўстлар Андижон сойида чўмилаётиб, АКМ русумли жанговар қурол топиб олишди. Дастлаб уни оддий темир деб ўйлаган Иброҳимжон Тоштемиров кейин қурол эканлигини кўриб, сувга ташлаб юборади. Одилжон Йўлдошев уни ўзи ҳунар ўрганаётган устахонага олиб келди.
— Дўстларим билан чўмилаётганимда Иброҳимжон автоматга ўхшаш темирни топиб олди, — дея эслайди О.Йўлдошев. — Унинг қуроллигини билиб, қўрққанидан сувга улоқтирди. Мен уни устахонага олиб келиб катталарга кўрсатганимда, ўқотар қурол эканлигини айтишди.
Инсон бошига кулфат олиб келувчи балони дарҳол тегишли идорага топшириш кераклиги аён бўлди.
— Болалар қуролни олиб келганида, уларга бунинг хавфли эканлигини ётиғи билан тушунтириб, маҳалла фуқаролар йиғини раисига қўнғироқ қилдим, — дейди маҳалла фаоли Насриддинбек Абдураҳмонов. — Кўп ўтмай, участка профилактика инспектори ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари етиб келиб, керакли ҳужжатларни расмийлаштиришди. Маълум бўлишича, бу 2005 йили чиққан автоматлардан бири экан.
Ёшларга оилада, маҳаллада, мамлакатимизда кўрсатилаётган эътибор уларни ён-атрофга сергаклик билан қарашга, огоҳликка ундамоқда. Юқоридаги воқеа бунинг исботидир.
— Маҳалламизда ёшлар билан катта авлод вакиллари ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган, — дейди Сой маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнорахон Сайфуддинова. — Шу боис, ҳудудимиз тинч, осойишта. Кексалар ҳар қадамда ўрнак кўрсатса, панд-насиҳат берса, хулқида турли номақбул ўзгариш рўй бераётган ўсмирлар сергак тортади.
Андижон шаҳридаги 21-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Одилжон Йўлдошевнинг тўғри йўл тутиши вилоят ҳокимининг эътиборидан четда қолмади. Унга “Ташаккурнома”, велосипед ва китоблар тўплами кенг жамоатчилик иштирокида тантанали тарзда топширилди.
Орифжон СИДДИҚОВ