Китоб ўқиган мазахга лойиқми?
— Назаримда, бу йил ёзги таътил жуда тез ўтди. Олтита китоб ўқишга улгурдим, холос. Сизларга ҳам шундай туюляптими?
— Эҳ, Собир, Собир-а! Таътилингни китоб ўқиш билан ўтказиб аҳмоқ бўлибсан! Китобни ким ўқийди, биласанми, ғирт бекорчилар. Шунча муҳим иш турганда, қандай китоб ўқиш мумкин, ахир. Сенга айтсам, китобга кўп берилма! Кексалик гаштини сураётганингда невараларинг билан биргаликда ўқийсан. Ҳозир ўйнаб қолишимиз керак, оғайни.
Собир сўзамол ўртоғининг гапига ҳайрон. Аммо ҳадемай янги ўқув йили бошланса, у ўқитувчиларга ҳам шу гапни айта олармикан? Йўқ! Мактабда худди шу мазмундаги савол-жавоб ўтказилса, 8-синф ўқувчиси Собир Қиличов журъат ва дадиллик билан қуйидагича жавоб бериши аниқ:
— Ёзги таътилда жаҳон адабиётидан олтита, ўзбек адабиётидан саккизта машҳур асарни ўқидим. Ғафур Ғулом, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов шеърларидан ёд олдим. Мустақиллик дарсида айтган шеърларим, мавзуга оид фикрларимни тинглаган синф раҳбаримиз мени сардор этиб тайинлади. Куз мавсумида бўлиб ўтган билимлар беллашувида ўқиган китобларим юзасидан саволлар тушди, олимпиада ғолиби бўлдим.
Ўқувчилик дамларим эсимда. Ёзда қандай дам олганимиз, меҳмон бўлиб борган жойимиз, қандай қитмирликлар қилганимиз, янги нарсалар харид қилганимизни бир-биримизга сўзлаб берардик. 30 нафар ўқувчи орасидан атиги беш-олти бола бадиий китоб ўқиган бўлиб чиқарди. Таътилни вақтичоғлик билан ўтказган ўқувчилар назарида, мутолаа қилганлар бечораҳол эди. Кўнгилочар жойларга бориш имкони бўлмагани учун улар уйнинг бир бурчагига беркинганча китоб ўқиш билан банд бўлган... Кўп ўқийдиганлар учун лақаб ҳам тўқилади: “Файласуф”, “гений”... Бу мазахни эшитган айримларнинг дили оғриб, китоб ўқишдан кўнгли совийди.
— Ўқув йили тугаши олдидан таътилда ўқиши лозим бўлган китоблар рўйхатини ҳар бир болага ёздирамиз, — дейди Тошкент шаҳридаги 117-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Мунира Анварова. — Афсуски, кўпи билан ўн чоғли ўқувчи рўйхатдаги асардан бор-йўғи битта ё иккитасини мутолаа қилган бўлади. Жуда кўп ўқийдиган, тиришқоқ, билимга чанқоқ, ўта тарбияли, берилган вазифаларни вақтида бажарадиган ўқувчилар саноқли бўлса ҳам, хурсандман. Уларнинг ўқиши, тарбияси билан ота-оналари алоҳида шуғулланиши менга маълум. Таътилда ҳам шу тартиб. Уларни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатсак арзийди.
Бошланғич синф ўқувчилари ўйинқароқ, тез чарчаб қолади, салга зерикади. Уларни бир нарсага ҳадеб мажбурлайвериш тўғри эмас. Агар бола китобга илк ёш давридан муҳаббат қўймаса, кейинчалик уни бошқа нарсалар ўзига “тортиб” кетади.
Психолог Замира Бобобекова бу хусусда шундай дейди:
— Бола ҳаракатларига диққат қаратиш керак. Унинг нима истаётганини билсак, натижани шунга яраша кутиш мумкин. Китоб ўқишни хоҳламаяптими, мажбурламанг. Бола психологияси шундайки, ёқтирмаган ишини қайта-қайта такрорлайвериш уни ўша нарсадан баттар бездиради. Бола билан биргаликда мутолаа завқини туйишга ота-оналар вақт топа олмаслиги ачинарлидир. Боласи тақдири кимни ташвишга солса, қизиқтирса, дарҳол у билан шуғуллансин. Ундан кутаётган нарсани ўзи бажариб, ўрнак бўлган ота-оналарни саодат манзили кутади.
Тушуниш қийин: баъзи ўсмирлар мутолаани кераксиз, ортиқча иш деб баҳолайди. Аслида, мустақил ҳаётга тайёр бўлиш учун, аввало, китобга ошно бўлиш керак эмасми! “Китоб — беминнат дўст”, “Китобдан яхшироқ дўст бўлмас” дейилиши нақадар асосли эканлигини ўсмир англаб етса, марра бизники.
“Бешикдан қабргача илм изла” дейилади ҳадиси шарифда. Бу ҳақиқат фақат китоб билан юзага чиқади.
Иродабону АВВАЛБОЕВА