Кутубхоначилар малака оширадими?
Ёшлигимизда қишлоғимиз, мактабимиз қироатхоналари бугунгидек шинам, фойдаланишга қулай бўлмаса-да, меҳридарё кутубхоначи опаларнинг ширин сўзи, китобсеварлиги юрагимизни жизиллатиб, ўша масканга оҳанрабодек тортарди. Ёшимизга боп, қизиқишимизга мос қандай китоблар ўқишимиз кераклигини ҳам доим эслатиб, тавсия этардилар. Тез-тез уюштириладиган тадбирларда биримиз она, бошқамиз Гули образида шеър ўқиб, завқимиз ортарди. То шом тушиб, оналаримиз уйга чақириб кетмагунича кутубхонадан ташқари ҳатламасдик. Бугун ҳамма шароит мавжуд, аммо негадир кутубхоначиларнинг кўзида болалигимда кўрган ёлқинни, касбига фидойиликни, ўқувчиларга меҳрни тополмай ҳалакман.
Ёшликдаги ҳавас устун келиб, кутубхоначиликни ҳеч иккиланмай танлашимда ўша хотираларнинг ўрни бор, деб биламан ҳозир. Эндигина иш бошлаган кезларим устозимиз Минглибой Мирашевнинг сабр-бардош билан берган сабоқлари, илиқ муносабати, талабчанлиги, ўз ишининг устаси экани эсимда. У киши қандай ишлаш кераклигини, қандай кутубхоначи бўлишни ўргатганди. Аввалига кўникишим осон кечмади. Ўзимча, “Ахир, кутубхоначи опалар фақат китоб бериб, олишарди. Кейин мириқиб китоб ўқиб ўтиришарди-ку! Юмушим бунча кўп бўлмаса!” деб йиғлаганларимни эсласам, уятдан юзим қизаради. Устозларимдан илмий-услубий ишларни, библиографияни пухта ўргандим. Институтдаги мураббийим Зуҳра опа Бердиева ҳамиша: “Кутубхоначи профессионалликка интилсагина, иши унади. Сценарист, маҳоратли санъаткор, режиссёр, меҳрибон она, талабчан раҳбар, ҳар қайси соҳада билимдон, универсал мутахассис бўлишинг керак!”, дердилар қатъий. Кутубхоначи қиёфаси кўз ўнгимда шундай гавдаланаверади доим!
Анчадан бери кутубхоначилар малакасини ошириш борасида изчил тадбир зарурлиги ҳақидаги ўй билан юрибман. Вилоятдаги ахборот-кутубхона марказида “Кутубхоначилар мактаби” ташкил этилиб, унга раҳбарларгина эмас, маҳоратли кутубхоначилар, истеъдодли ёшлар, нафақадаги устозлар, соҳа мутахассислари жалб қилинса, айни муддао бўларди. Кутубхоначилик, айримлар ўйлаганидек, компьютерни билишу жавонларнинг чангини артиш эмас, балки санъат, дид, маънавият билан боғлиқ соҳа.
Роҳила НОРМАТОВА, Навоий педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи кутубхоначиси