“Тилларнинг энг яхшиси...”
Ватан ва миллат тили ҳамма даврларда барча халқларнинг энг муҳим қадрияти бўлиб келган. “Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади”, — деб ёзган эди Биринчи Президентимиз И.Каримов “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида. Она тилимизнинг инсон камолоти йўлидаги аҳамиятини бундан-да орттириб ифодалаш қийин, назаримизда.
Халқнинг ижтимоий ҳаётида рўй берган барча ўзгаришлар унинг тилида ўз аксини топади. Шунинг учун Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида ўқувчиларнинг ўз фикрларини ҳаётда эркин ва тўғри баён қила олишлари лозимлиги қайта-қайта таъкидланган. Ва албатта, бугун она тили ва адабиёт ўқитувчиларининг энг муҳим вазифаси “...ёшларимизни ижодий фикрлашга, ўз фикрини эркин ва таъсирли қилиб ёзма ва оғзаки шаклда ифодалашга, ўзбек тили қонун-қоидаларини онгли ўзлаштиришга, фикр доирасини кенгайтиришга, Ватанимизга, миллий анъаналаримизга, бой маънавиятимизга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга ўргатишдир”.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан “Бобур — менинг нигоҳимда” мавзусида иншолар танлови эълон қилдик. Топширилган ўнлаб ижодий ишлар орасида ўқувчилар ўз туйғу-кечинмаларини, муносабатини, мустақил фикрини ифодалаган иншоларнинг кўплиги бизни қувонтирди. ЎзМУ қошидаги Зангиота академик лицейи ўқувчиларининг иншолари, айниқса, эътиборимизни тортди:
“Бугун элимиз икки улуғвор даҳосининг ёди билан хуррам, кўкси баланд. Бу юрт шундай буюкларни берганлигидан ўзимда ғурур ва сурур ҳиссини туя¬ман… Ажабо, дунёда шундай ноёб қобилиятга эга инсонлар ўтган-а?! Қийинчиликларда ҳам ҳаётга ташналик ҳисси шу қадар кучли инсонлар ҳақида кам эшитганман. “Жондан сени кўп севармен, эй умри азиз» мисраларини битганида Навоий бобомиз неча ёшда бўлган экан? Бобур ҳаёт йўлини ўқиб ҳайратланаманки, қачон ижод қилиб улгурган? 12 ёшида тахт вориси бўлиб, 15 ёшигача Самарқандни уч бора қўлга киритиб, зафар қучган, ҳам мағлуб бўлган Бобурнинг эл-юрти учун қилган ишларини ўйласам, 17 ёшида ҳам “бола” бўлиб, шунча шароит ичида бир ўқишини эплолмаётган айрим тенгдошларимни ўйлаб уялиб кетаман. Ўқитувчимдан Бобур армонларини эшитиб, дилимга тугдимки, мен, албатта, бобомиз ўз юртига қилолмаган, аммо орзулаган ишларни амалга ошираман”. деб ёзади ўқувчи М.Сувонов.
“Бобур ғазаллари, рубоийлари содда тил ва самимий услубда ёзилганки, тушунмаслик мумкин эмас. Шундай дард билан ёзилганки, ўзингизда дард бўлмаса, дилдош бўлолмайсиз: “Менинг кўнглимки, гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур, Агар юз минг баҳор ўлса очилмоғи не имкондур” байтида кўнгилнинг ғунчага ўхшатилиши —ёшлиги,“таҳ-батаҳ қон”лиги эса шоир қайғусининг қатма-қат, яъни ортиқ эканлигининг образли ифодасидир. Ғунча баҳорда очилади, лирик қаҳрамон кўнгли “юз минг баҳор ўлса”-да очилмайди. Нега? Ғазалнинг давомини ўқиймиз: “Агар ул қоши ёйсиз боғ гаштин орзу қилсам”… мисраларида сабаб — “ул қоши ёй”. “Ул қоши ёй”ни эса ҳар қанча талқин қилиш мумкин; ёрдан жудоликми, диёрдан айрилиқми, “кўнгил тилаган муродига” етмасликми?..» (М.Бобохонова иншосидан).
ХVI аср эски ўзбек адабий тилида ёзилган Бобур асарларини ўқувчиларимиз шунчалик тушунишга уринаётгани ўқитувчиларимиз ўз олдиларига қўйган мақсадга етаётганидан далолат.
Ватан ҳақидаги иншо намуналарида ҳам ўқувчиларимизнинг ўзига хос қарашлари, ташбеҳлари мужассам: “Гўдак дунёга келар экан, Ватани бешикдан бошланади. Улғайган сари Ватанининг сарҳадлари ҳам кенгая боради. Она алласи эса гўдак қулоғида янграган, жисму жони, онгу шуурини бирдек қамраб олган она тили... Она Ватаним! Она тилим! Она халқим! Инсон учун энг қадрдон туйғуларга эш она — менинг онам! Бир куни корингга ярасам бахтли бўлардим!” (М.Йўлдошева иншосидан).
Ватанини чинакам севган, ундан миннатдор инсонгина шундай қайноқ сатр¬лар бита олади. Ахир, биз, 80-йилларнинг ёшлари бугунги ўқувчилар ёшида турли тилларни бунча чуқур билганмизми, фикрларимизни бунчалик ёрқин ва бийрон ифодалай олганмизми, деб ўйлаб қоламиз.
Навоий “Хамса”сининг “Сабъаи сайёр” достонидаги етти қисса талқини бўйича ўтказилган Зангиота академик лицейи ўқувчиларининг илмий-амалий анжуманида ўқилган асарлардан хулоса чиқара олиш, ўз қарашларини баён эта олиш, фанга доир компетенциялар шаклланаётганлигининг гувоҳи бўлдик. “Шоҳ Жўна Масъудга Тароз, Дарбаст шаҳарларини инъом этади. Бу Масъуднинг сахийлиги ва софдиллиги учун ҳадядир. Масъуднинг яхшиликлари ўз мевасини берди. Бир вақтлар яхшилик улашган ушбу йигит, бошига кулфат тушганда муносиб жавоб олди. Зеро, халқимиз орасида “Яхшиликка яхшилик қайтади” деган нақл бор. Бу сўзлар ўша даврдаги ҳикоя, воқеалар замирида вужудга келган бўлса, ажаб эмас. Навоий бобомиз ижодида бу каби юксак қадриятлар акс этган асарлар кўп. Ушбу ҳикояда илгари сурилган бош ғоя ҳам шу. Шу сабабли ҳам ундан энг тўғри хулосани ола билиш ва амалиётда қўллай олиш биз, ўқувчиларнинг камолотимизга, савиямизга боғлиқ. Шуни таъкидлаб ишонч ила айтишимиз мумкинки, яхшилик қилайлик, ва албатта, у кўзгудаги аксимиз сингари ўзимизга қайтади” (3-курс ўқувчиси Д.Умарова иншосидан).
Ўқувчилар асарни ўқир эканлар, уни ўқибгина қолмай, ўз шахсий муносабатларини дадил билдиришга ҳаракат қилаётганлиги қувонарли ҳол. Кўрамизки, ўқувчи-ёшлар она тилининг қудратли имкониятидан аниқ нутқий вазиятларда, адабий тил услубларида оқилона, самарали фойдалана олиш малакасига эга бўлишмоқда.
Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида инсонларни тафаккур ила ўйлаб сўзламоққа чақиради: «Тилларнинг энг яхшиси сўзга уста тил, сўзларнинг яхшиси билиб ва охирини ўйлаб сўйланган сўздир». Шу боис, она тилимизнинг гўзал ифодаларини кўз қорачиғидек авайлаб-асраш, унинг шаъни учун курашишга, сўзга баайни устакорлик билан ёндашишга ҳамиша бурчлидирмиз.
Бухолида СУПИЕВА, Низомий номидаги ТДПУ ҳузуридаги ХТХҚТМОҲМ “Тилларни ўқитиш методикаси” кафедраси катта ўқитувчиси