Болаларни ижтимоий ҳимоялаш
Пойтахтимизда "Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоялаш: маҳаллий ва хорижий тажриба" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўн тўртинчи бор ўтказилаётган мазкур тадбир болаларни ижтимоий ҳимоялаш, замонавий ёндашувлар асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга мажмуавий ёрдам кўрсатиш юзасидан таклифларни жамлаш мақсадида ташкил этилди.
Конференцияда АҚШ, Исроил, Россия, Грузия, Беларусь Республикасидан экспертлар иштирок этди. Улар алоҳида эҳтиёжга муҳтож, имконияти чекланган, меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш юзасидан таклифларни билдирди.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази, “Sen yolg'iz emassan” Республика болалар жамоатчилик жамғармаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур конференция соҳага инновацион лойиҳалар, ёндашувларни татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро конференция болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга бағишланди. Тегишли мамлакатлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган, ёки эътиборталаб оилаларнинг фарзандларига эътибор қаратиш муҳим. Лекин биз асосан икки тоифа болаларни ҳимоя этиш, қўллаб-қувватлаш борасида гапириш зарур деб ҳисоблаймиз. Биринчиси Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болалар. Тарбия, аввало, оилада берилади. Аммо болалар оғир аҳвол ва бошқа сабаблар туфайли оиласи, ота-онасидан узоқ бўлишига тўғри келмоқда. Давлат томонидан қанчалик эътибор берилмасин, бу оиладаги муҳитни бера олмайди.
Иккинчи тоифа қонун билан зиддиятга дуч келадиган болалар масаласидир. Бу тоифа ёшларнинг ҳуқуқни бузишгача бўлган жараёнини назорат қилиш, уларни қўлга олиш, яъни эркинлигини чеклашгача бўлган даврни назорат қилишда биз қўлимиздан келган барча чораларни кўришга тайёрмиз.
Шу боис биз Ўзбекистонда мустақил, алоҳида балоғатга етмаганлар адлияси тизимини яратиш таклифини билдирмоқдамиз. Бу борадаги қонунларнинг қабул қилиниши ва такомиллашуви ислоҳотлар жараёнида эътиборга олинади. Ўзбекистон болалари ҳар томонлама ҳимояланади, деб ўйлаймиз.
Бу жараёнда ота-оналар ва имконияти чекланган болалар учун мажмуавий даволаш ишлари олиб борилади. Бу борадаги ишларда самарали натижаларга эришяпмиз. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Бугунги кунда янги технологиялар, хорижий тажрибаларни соҳага қўллаш муҳим. Айни конференция бизга ана шундай имкониятни беради.