“Анзират буви, бормисиз?”
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига йўлим тушди. Янги ва кўркам бино Тошкент шаҳрининг серқатнов жойида қад ростлаган. Пиёдалар йўлакчасида кета туриб, қуюшқондан чиқиб суҳбатлашаётган икки ёш эътиборимни тортди. Шундоқ салобатли олий таълим муассасаси олдида оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган йигит ва қизга биров “ҳай” демайди.
— Пастроқда истироҳат боғи бор, — деди ниҳоят йўловчилардан бири киноя аралаш жаҳл билан.
— Йўлингиздан қолманг, амаки! — деди новчагина йигит.
— У киши тўғри айтди, катта университетнинг олдида уят сўзларни айтиш... — дедим истеҳзо билан.
— Уф, — деди қизнинг энсаси қотиб. — Қайси замонда яшаяпмиз ўзи? Бемалол гаплашолмайсанам.
— Ваколатим бўлгандами! — деди буни кузатиб турган нон сотувчи аёл, — тарбиясиз, безбетларни Анзират бувига ўхшаб бир калтаклардим.
— Афсуски, сизнинг замонингиз ўтди, хола! — деди йигитча.
Икки ёш истар-истамас ўринларидан қўзғалишди. Улардан узоқлашарканман, нон сотувчи аёлнинг гапини ўйлаб кетдим. “Суюнчи” фильмини кўрмаган, Анзират буви образини билмаган киши бўлмаса керак. “Айби” борлар бу онахоннинг олдида ҳушёр тортади. Лекин савол туғилади. Ростдан ҳам Анзират бувидек яхшиликни ёқлаб, ўз ўрнида дакки берувчи инсонларни замон “кўтармайдими”?
Таассуфки, ўта “замонавий” ёшларнинг ахлоқ меъёрларига зид хатти-ҳаракатлари ижтимоий тармоқларни “безамоқда”. Бу ҳолат баъзан қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлади. Айниқса, қиз болада ибо-ҳаё, андиша, сабр-тоқат фазилатларини шакллантириш ҳақида бот-бот гапираётган бўлсак-да, дилни хира қилувчи воқеаларга дуч келамиз. Нон сотувчи онахонга андишасизларча гап қайтараётган қизлар бор экан, Анзират бувилар нега жим?
Жамоат транспортида ёши катталарга жой бераётган, оғир юк кўтарган онахонга кўмаклашувчи ўғил-қизлар ҳам йўқ эмас. Аммо танбал, безбет ёшлар ҳам бисёр! Сариқ матбуот саҳифаларидан бирида ўқидим. “Фалончи фалончиева, 1995 йили туғилган. Турмушга чиқмаган. 5 ойлик қизчасини фалон пулга сотаётганда қўлга олинди. Бу иш юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган”...
Эҳ, бу мақолани Анзират буви ўқиганда борми! Бир пайтлар катта энамиз калтагина кўйлак-лозим кийиб тўйга отланган опамга қараб, “Ҳай қизим, мода деб ҳар нарсани кияверманг! Замон ўзгаргани билан қиз боланинг номи, ҳаёси ўзгармайди”, деб танбеҳ берарди.
Ҳа, ишёқмас, маҳмадона, оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтадиган йигит-қизларнинг борлиги кўнгилга ғашлик солади. Шаҳару қишлоқларимизда Анзират буви каби виждонли, иймон-эътиқоди бут оналаримиз бор! Уларнинг борлиги яхши, аммо панд-насиҳатлари ундан ҳам яхши!
Маҳбуба КАРИМОВА