Эртакларнинг «жонли» олами
1892 йилнинг 28 октябрида франциялик рассом ва ихтирочи Эмиль Рейно Гревен музейининг «Ғаройиботлар хонаси»да тўпланган парижлик киборларга экранда «нур сочувчи пантомималар» номли ҳаракатланувчи тасвирларни намойиш этди. Ўшанда барчани ҳайратга солган «оптик театр» бугунга келиб биринчи мультфильм сифатида тарихга муҳрланди.
Анимацион кино халқаро ассоциацияси 2002 йили — Рейно ихтироси намойиш этилганига 110 йил тўлган санада бу кунни байрам сифатида кенг нишонлашни таклиф этди. Энди ҳар йили 28 октябрь анимация ҳамда мультипликация санъатига бефарқ бўлмаганлар томонидан «Халқаро анимациялар куни» сифатида нишонланади.
Қизиғи, мазкур ташаббус кўплаб мамлакатларда илиқ кутиб олинди, ҳатто катта тантаналарга сабаб бўлди. Айрим давлатларда бир неча кун аввал байрамга тараддуд бошланади. Шаҳарларда турли тадбирлар, фестиваллар ташкил этилади. Байрам олдидан жаҳоннинг барча анимацион кино усталари ва ҳаваскорлар ўзлари яратган энг сара ва янги мультфильмлар премьерасини ўтказади. Томошабинлар эса бир неча кун давомида янги ижод маҳсулларидан баҳраманд бўлиб, олам-олам завқ олади. Айниқса, болажонлар учун ўзгача қувонч улашади. Шу куни бир вақтнинг ўзида дунёнинг юздан ортиқ мамлакатида мульт¬фильмлар намойиш этилади. Бир сўз билан айтганда, халқаро анимациялар кунида миллионлаб одамлар эртак ва мультфильмлар оламига сайр қилади.
Шу куни санъаткорлар — мультипликаторлар ва анимацион фильм муаллифлари бир ерда жам бўлиб, ўзаро фикр алмашади, соҳанинг ютуқ ҳамда камчиликлари хусусида суҳбатлашади. Байрам ташкилотчилари аниматорларнинг энг яхши ижодий ишларини омма олдида кенг эътироф этиб, тақдирлайди. Қолаверса, ўша куни жойларда мультипликация музейлари барча учун ўз эшикларини очади. Кун давомида интерфаол кўргазмалар, машҳур мультипликация усталари иштирокида «маҳорат дарслари» ташкил этилади. Иқтидорли болалар турли томошаларда роль ижро этиб, севимли мультфильм қаҳрамонлари образини яратади.
Ҳа, байрам санаси ва сценарийси аниқ. Аммо бу санъат тури асосчилари бўлмиш французларнинг бир қисми мультипликация 1877 йилнинг 30 августида пайдо бўлган, деб ҳисоблайди. Бунга шу куни кашфиётчи Эмиль Рейно анимацияни яратишда фойдаланиладиган асосий қурилма — праксиноскоп ихтироси учун патент олганини сабаб қилиб келтиради. Аввалроқ, Рейно Франция академияси аъзолари олдида чиқиш қилиб, янги аппарат ҳақида тўлқинланиб гапирганини, демакки, ғоя ўша кезлари туғилганини айтишади. Олим ўшанда ойнали барабан остида жойлашган қутидан иборат қурилма шаффоф тасмадаги фазали суратларни кўриш, хаёлий ҳаракатланувчи шаклларни яратиш имконини беришини кашф этганди. Тўғри, Рейно у пайтлари анимация яратувчи асосий қурилмани яратган, бироқ ҳали анимация пайдо бўлмаганди. 28 октябрда эса у илк анимацион тасвирларни намойиш этди.
Бугун анимация ҳақида кўп гапирилади. Хўш, унинг ўзи нима? Манбаларда келтирилишича, анимация — лотинча «animatio» сўзидан олинган бўлиб, «жонлантириш» маъносини анг¬латади. У кино, телевидение ёки компьютер графикасида расмлар ёхуд час¬тотали кадрларни кетма-кет акс эттириш йўли билан сунъий тарзда ҳаракатлантириш санъати бўлиб, томошабин мана шу ҳаракатланувчи тасвирлар орқали образларни идрок этади. Унда видеодан фарқли, узлуксиз ҳаракатлар, ўзаро боғлиқ бўлган, лекин алоҳида-алоҳида ишланган расмлардан фойдаланилади.
Анимация мультипликация сўзи билан синоним бўлгани ҳолда, қарийб бир хил санъат тури деганидир. Лотин тилидан олинган мультипликация сўзи «кўпайтириш» маъносини билдиради. Яъни унда анъанавий ва замонавий технологиялар ёрдамида расм¬лар кўпайтирилиб, қаҳрамонларга «жон» киритилади. Бунда расмли кадрлар бир неча бор, ҳатто сониясига 10—30 тагача такрорланиши мумкин.
Аслида, анимацияга асосланган илк кадрни 1828 йили француз ихтирочиси Паул Рогет намойиш этган. Ўшанда у ишлов берган дискнинг бир томонига қушлар сурати, бошқа томонига уячаси жойлаштирилган. Диск айлантирилганида эса томошабинлар кўз ўнгида катакдаги қушлар тасвири пайдо бўлган. Аммо бу ғаройиб томошани ҳали анимация деб бўлмасди.
Бугун мультипликация соҳаси вакиллари Рейно илк бор парижликларга намойиш этган расмли тасвирларни замонавий мультфильмларнинг туғилиши ва анимацион кино даврининг бошланиши деб билади. Чиндан ҳам, ушбу воқеа сабаб дунёнинг барча бурчакларида расмларни «жонлантириш» соҳаси жадаллашиб кетди ва ҳозир кўплаб давлатлар бу борада эришган ютуқлари билан мақтанади. Хусусан, 1898 йили Буюк Британия оммага биринчи қўғирчоқ фильмни намойиш этди. 1914 йили америкалик мультипликатор Винзор Маккей тарихдаги биринчи мультфильм қаҳрамони — Герти номли динозаврни яратди ва шундан сўнг мамлакатда ёрқин сифатларга эга қаҳрамон акс этган мульт¬фильмлар пайдо бўла бошлади. 1924 йили собиқ иттифоқда ҳаракатланувчи манзаралардан иборат биринчи катта ҳажмли қўғирчоқ фильм суратга олинди.
1900 йили Жорж Стюарт Блэктон суратга олган «Сеҳрланган расм» номли мўъжаз асар анимация тараққиётини янги босқичга кўтарди. У йўлга қўйган кадрма-кадр, тасвирма-тасвир ишлаш усули мультипликация тараққиётининг илдамлашига асос бўлди.
Японияда ҳам 1913 йилда анимацион фильмлар борасида тажрибалар бошланди. Кунчиқар юртда 1917 йили 1 дақиқадан 5 дақиқагача давом этадиган анимацион фильмлар пайдо бўлди. Аввалига улар Америка ва Европа мультипликаторлари тажрибаси асосида яратилган бўлса, кейинроқ анимациянинг японча услуби — «аниме»га асос солинди. Ўтган асрнинг 20-йилларига келиб, хитой ва япон халқ эртакларини японча услуб асосида экранлаштириш бошланди. 1932 йилда эса биринчи япон анимацион студияси очилди. Симокава Дэкотэн, Коти Дзюньити, Китаяно Сэйтаро, Ямамото Санаэ, Мурата Ясудзи ва Офудзи Нобору номлари бугун ўша даврнинг машҳур япон аниматорлари сифатида тилга олинади.
Шу тариқа мультипликация соҳасига эътибор ва қизиқиш ортгани сари рақобат ҳам кучайди. Ижодкорлар бирор шов-шувли янгилик билан барчани ҳайратга солишга интилар, сармоядорлар эса уларнинг «илҳомланиши» учун аямай пул сарфлаб, барча шароитни яратиб берарди. Ниҳоят, катта саҳнага америкалик машҳур режиссёр, рассом ва продюсер Волтер Дисней (1901—1966) чиқиб, анимация дунёсини яхши маънода «остин-устун» қилиб ташлади.
1923 йили яратилган «Алиса мультипликациялар мамлакатида», 1928 йилда намойиш этилган «Пароходчи Вилли» номли овозли мультфильм ва унинг қаҳрамони Микки Маус лақабли сичқон Дисней асос солган компанияга оламшумул шуҳрат ва бойлик олиб келди. Волтер ушбу муваффақиятидан илҳомланиб, бирин-кетин ўрдак — Доналд, ит — Плуто қаҳрамонларини яратди ва улар ҳам дунёдаги миллионлаб болалар меҳрини қозонди. Компания 1932 йили «Гуллар ва дарахтлар» номли биринчи ранг¬ли анимацион фильмни суратга олди ҳамда рангли тасвирдаги киночиликни бошлаб берди.
1937 йили Дисней компанияси ўзининг биринчи тўлиқ метражли анимацион фильми — «Оппоғой ва етти гном»ни тасвирга олиб, катта экранларда намойиш этди. Қисқаси, санъат оламида юксак «бурилиш» ясай олган ижодкор 12 бор жаҳоннинг энг нуфузли мукофотларидан бири — «Оскар»га лойиқ кўрилди. Катта тажрибага эга Дисней корпорацияси ҳанузгача мультипликация соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Айтиш жоизки, анимация фақат мультфильмлар эмас, кино соҳасида ҳам кенг қўлланилади. Таниқли физик Томас Эдисоннинг фотокамера ва проектор ихтироси анимацион кино яратилишига амалий асос бўлган. 1906 йилда Стюард Блактон шу қурилмадан фойдаланиб, «Қувноқ чеҳраларда акс этган кулги» номли биринчи қисқа метражли фильмни суратга олди. 1895 йили ака-ука Люмьерларнинг катта шов-шувга сабаб бўлган «Поезднинг келиши» номли фильми дунёни ларзага солди. Бугун «жонли» ва анимацион кино ўртасига «чегара тортиш» ниҳоятда қийин. Чунки замонавий анимация технологиялари ибтидоийларидан тубдан фарқ қилади. Орадаги тафовут аввалги ва ҳозирги мультфильмларни солиштирганда яққол кўзга ташланади. Техника ривожлангани сари бир-биридан фарқ қилувчи анимация турлари ҳам кўпайиб борди.
Масалан, анъанавий анимацияда қаҳрамонларнинг ҳаракатлари алоҳида чизиб чиқилади ва кетма-кет жойлаштирилиб, тасвирга олиш учун, яъни «ҳаракатлантириш» учун суратлар айланиши тезлаштирилади. Бу жуда машаққатли жараён бўлиб, аниматорлар ҳар бир кадрни алоҳида-алоҳида яратиш чоғида барча деталларни бир-бирига ўхшатиши талаб этилган.
Стоп-кадрли (қўғирчоқли) анимацияда эса бўшлиқда жойлашган объектлар кадрларда тўпланади ва уларнинг ҳолати ўзгартирилиб, яна қайтадан йиғилади.
Морфинг — оралиқдаги кадрларнинг белгиланган миқдорини пайдо қилиш ҳисобига бир объектни бошқа¬сига алмаштириш демакдир.
Рангли анимацияда бўлса, объект ҳолати эмас, фақат ранги ўзгаради.
3D-анимация энг замонавий, махсус дастурлар ёрдамида яратилади. Расм¬лар саҳналарни кўз билан кўришга мослаштириш йўли билан олинади. Ҳар бир саҳна ўзида объектлар жамланмаси, ёруғлик манбаси, текстурани акс эттиради.
Ҳаракатни «ушлаб» қолиш — анимациянинг биринчи йўналиши бўлиб, табиийлик, реал вақтда реал ҳаракатларни чиқариш имконини беради. Компьютердаги моделнинг ҳаракатлари мос ва аниқ чиқиши учун олдиндан танланган «жонли» актёрга датчиклар уланади. Актёрнинг координаталари ва ориентацияси график станцияга боғлангач, анимацион моделни «жонлантиради».
Анимацион фильмлар яратишда бир қанча умумий қоидаларга риоя этилади. Уларнинг кўпчилиги Дисней анимациялари учун тузилган бўлиб, илк мультфильмларда анъанавий анимация техникалари ёрдамида бажарилган. Бироқ амалиётда уларни бошқа технологиялар орқали ҳам қўллаш мумкин. Масалан, анимация дунёсида инқилоб ясаган «сиқиш ва чўзиш» усулида образ ҳаракат вақтида доим сиқилади ва чўзилади. Яъни қаҳрамон сакраш олдидан пружина каби сиқилади, сакраганда эса аксинча чўзилади. Бунда асосий қоида доимий ҳажмни тўғри сақлаб қолиш ҳисобланади.
«Тайёрловчи ҳаракат». Реал ҳаётда инсон қандайдир ҳаракатни бажаришдан олдин одатда аввал тайёргарлик кўради. Масалан, сакрашдан олдин бироз чўккалаб ўтириш ёки ортга бир-икки қадам юриб, кейин шиддат билан олдинга югуриш ва сакраш лозим. Буларнинг мультқаҳрамонларга ҳам «сингдирилиши» томошабинларни уларнинг кейинги ҳаракатларига руҳан тайёрлайди.
Саҳнабоплик. Томошабин мультфильм қаҳрамонининг ҳаракатлари, ўзини тутиши ва юзидаги ифодани тўғри қабул қилиши учун у кўримли ва жонли тасвирланган бўлиши лозим. Қаҳрамоннинг барча ҳаракатлари аниқ акс этиши учун камера тўғри йўналишда жойлаштирилиши зарур.
Шунингдек, мультфильм яратишда яна «Калитли кадрлар», «Тўлиқ ҳаракатлар», «Иккинчи даражали ҳаракат»¬дан тўғри фойдаланиш, вақтни ҳисобга олиш, керакли жойларни бўрттириш, тажрибали рассомлар гуруҳи билан ишлаш ва қаҳрамонларнинг ёқимтой бўлишини таъминлашга эътибор қаратиш жуда муҳимдир.
Умуман олганда, компьютер графикаси ва бошқа шундай имкониятлар яратилса-да, мультипликация ҳали-ҳануз мураккаб соҳалигича қолмоқда. Бугун жаҳон бозорида рақобат қила оладиган мультфильмлар олишга унча-мунча режиссёрнинг юраги бетламайди. Шунга қарамай, жаҳонда унинг чинакам фидо¬йилари, ашаддий ишқибозлари кўп.
Юртимизда ҳам бу соҳага илк қадамлар анча йиллар олдин қўйилган. Биринчи мультфильм 1965 йили «Ўзбекфильм» ижодкорлари — рассом Юрий Петров ҳамда ёш режиссёр Дамир Салимов ҳамкорлигида «6х6» шаклида ишланган. Мазкур ижод маҳсули қаҳрамонлари қўғирчоқлар бўлган. 1969 йилда «Жасур чумчуқ» номли биринчи расмли мульт¬фильм яратилди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бу соҳада янгидан-янги технологияларнинг қўлланилиши натижасида турли мавзудаги ранг-баранг, сифатли мультфильмлар сони ортиб бормоқда. Улар болаларимизни ўзбек халқ эртакларида акс этган ҳалоллик, тўғри¬сўзлик, мардлик, адолатпарварлик, меҳнатсеварлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Ирода ТОШМАТОВА тайёрлади.