Ўқувчи газета ўқимайди(ми?)
Хизмат тақозоси билан таълим муассасаларидан бирида ўтказилган ота-оналар йиғилишида бўлдим. Ёшлар тарбияси муҳокама қилинмоқда. Мавзу айланиб, ўқувчиларнинг газетхонлик савияси ва обуна масаласига бориб тақалди. Кутилмаганда, ўрта ёшли аёл ўрнидан турдию, кўнглидагини айтди:
— Ўқувчига газета нима керак! Шахсан мен боламнинг бирорта — нашрга обуна бўлишини хоҳламайман. Залга сукунат чўкди. Ўзим ҳам ўқитувчиман. Газетада ўқийдиган нимаям бор?.. Кимсан, жамиятимиз келажаги — ёшлар тарбиячиси бўлган олий маълумотли педагог шундай деб турса!
Орқа қатордан кимдир унинг фикрини қўллаб луқма ташлади:
— Тўғри, газета ойда бир марта чиқадими, йўқми, обуна бўлишнинг нима кераги бор? Ўқувчи китобини ўқиса бўлди-да.
...Бола эдим. Онам эртак, достон, халқ қўшиқларини яхши биларди. Бўйим чўзилиб, «катта йигит» бўлиб қолганимда кунора «эртак айтиб беринг», деб хархаша қиламан. Иккинчи синфда ўқисам керак, онам қаёққадир отланиб қолди. Менинг ҳам қўлимдан тутди.
Кўча бошида почта. Онам мени ўша ёққа бошлади.
— Бола ўқийдиган газеталар борми? — деди мижозга хизмат кўрсатадиган «туйнук» ёнига келганимизда.
Почтачи онамнинг қўлига бир нечта рангдор, катта-кичик қоғозлар тутди. “Газета” деган сўзни эшитгандиму, уни қўлимга ушлаб кўрмаганман. Онам ўша «қоғозлар»ни бирма-бир кўриб чиқиб, ичидан биттасини танлаб олди.
— Бунинг йиллик обунаси қанча?
Почта ходими нархини айтди. Тўлов қилиб, ортга қайтдик. Йўл-йўлакай онам сўзлаб келди:
— Энди катта бўлиб қолдинг, ўғлим. Кўп ўқисанг, яхши инсон бўласан! Шунинг учун сени газетага обуна қилдирдим!
Ўн кунлар ўтиб, почтачи амаки уйимизга ўқувчиларнинг “Болалар дунёси” газетасини олиб келди. Нашр шу қадар ранг-баранг ва мазмунли эдики, қўлимдан тушмай қолди. Кейинчалик шу газетада илк шеърий машқим эълон қилинди. Илмга, адабиётга қизиқишим шу зайлда шаклланди...
Тўғри, ўқувчига китоб сув ва ҳаводек зарур. Лекин китобда замон билан ҳамнафаслик, давр руҳи борми? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, турли ёт ғояларга эргашиб, зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолган, гиёҳвандлик домига илинган ёшлар ҳақида матбуот тинимсиз бонг урмоқдаю, нима учун бу аччиқ қисматнинг янгидан-янги қурбонлари пайдо бўляпти? Нимага айнан ёшлар гумроҳлик кўчасига кириб қолмоқда? Бу газета ўқимаслик, дунёда рўй бераётган воқеликдан ғофиллик, ёшлар дунёқарашининг ниҳоятда тор эканлиги оқибати эмасмикан?!
Қачон фарзандингизни газета-журнал дўконига олиб бордингиз?
Орифжон ОДИЛОВ