60 айланали торт
Бугун турли ижтимоий тармоқларда яқин инсонлар бир-бири билан сўзлашади, фикр алмашади. Шундай кишилар ҳам борки, ҳали-ҳануз хат ёзишни афзал кўради. Улар виртуал мулоқотни тан олмайдилар. Мактубларда одамнинг кайфияти, характери, воқеага муносабати виртуал шаклга нисбатан ёрқинроқ намоён бўлади. Хат эгаси кўз ўнгида ўша одам гавдаланиб туради. Баъзан отам менга хат ёзиб жўнатади, унда турли хил муаммолар, ҳангомалар кўтарилади. Эҳтимол, бу гаплар сизга ҳам танишдир...
“Ўғлим, яхшимисан? Ишларинг қандай? Бизда нима гап бўларди, кунда тўй. Шундан айирмасин!
Ўзбеклар борини тўйга сочади-да! Йиллаб йиққанини тўйга сарфлайди. Биласанми, бу тўй дегани баъзан катта ғалваларни бошлаяпти...
Қайси куни Фарҳод акангни кўриб қолдим, яқинда тўй ўтказганди.
— Ҳа, келиннинг чойини ичиб ётибсанми, — десам:
— Қарзга ботиб қолдим, ака! — деди ўйчан.
— Тўёна яхши тушди, дегандинг-ку! Етмадими?
— Ароқ ўлгурнинг нархи жуда ошиб кетибди-да, ака. Қўймасанг, бўлмаса. Кам қўйсанг, томоғи тақиллаб турганлар биринчи овқатни емасдан туриб кетади. Кейин эл олдида шарманда бўлганимиз қолади. Қарз олгандим, қаердан топаман-ей, ҳайронман.
Нима ҳам дердим, ўғлим. Бермасин, демайман, ўлчовни билсин-да. Бутун қишлоқ Фарҳод “Ароқни сувдай оқиздирди”, деб гапириб юрибди. Бир кунлик тўй деб, бечоранинг шўрига шўрва тўкилди. Биласанми, тўй-маъракада кўп нарса увол бўляпти. Нон дейсанми, гўшт дейсанми, бир тишлаб улоқтиришмоқда. Бунинг уволи ёмон, болам. Қанча қийинчиликларни бошдан кечирганмиз, ота-боболаримиз бир тишлам нон учун даладан бери келмасди. Энам раҳматли аёллар чақалоғини ташлаб, далага чиққанини айтарди. Қаҳатчиликни кўрган момолар дакки бермаса, қайтармаса, кимўзарга тўй қилиш авжига чиқиб кетаверади. Нонни-ку, амаллаб толқон қилиш мумкиндир, лекин янги машмаша пайдо бўлди. Қани энди, ёшлар ота-онасининг гапига кўнса, исрофнинг олди олинса!
Тунов куни “Наврўз” тўйхонасида бир жўрам “юбилей” ўтказди: энди, олтмишта айланали торт ясатибди, дастурхонга олтмиш хил ноз-неъмат торттирибди. Оғайнилар, қариндош-уруғлари олтмиш хил кийим-кечак тайёрлабди. Шу дабдаба унга керакми? “Кичикроқ ўтказайлик, десам, болалар кўнмади”, дейди ошнам. Меъёрни билмаса қийин экан-да. Оғайним юзга чиқсин, деб дуо қилдик. Ана ўшанда юз хил овқат, юз хил кийим совға қилиш керакми? Қизиғи, ўша матоҳларни адо қилишга унинг умри етадими?
Шу тадбирдан сўнг Холмамат бобонгнинг ҳам юбилейга тараддуди бошланди. Энди у кишимники камхарж бўлса, тузук! Ундан кўра, невараларини илмга ўргатсин, ҳунар эгаллашга ундасин. Кийим кунлик, ҳунар умрлик.
Одамлар ҳаддидан ошиб кетяпти. Пул бўлса, чангалда шўрва бўлиб қолди. Мантиқан ўйлаб қара, шўрвани чангалда тутиб бўлмайди. Аммо пулдор бунинг уддасидан чиқади. Унга тиракишганнинг ҳолига вой! Ҳамма бадавлат яшамайди, топганга-ку осон, пули йўққа қийин-да. Одам кўрпасига қараб оёқ узатиши керак, тўғрими?
Сен ҳам бундай дабдабаларнинг олдини олиш ҳақида ўйлаб кўр, ўғлим!”.
Отам менга шу мазмунда хат жўнатибди. Ўқиб, мийиғимда жилмаяман.
Олимжон ЖУМАБОЕВ