«Бахтли мактаблар» кўпаяди
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда ўқувчилар ва оилалар билан самарали ишлаш, бир қатор ижтимоий-психологик ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш, халқ таълими тизимидаги мутахассислар ва ота-оналарнинг таълим-тарбия жараёнидаги психологик-педагогик компетентлилигини оширишга йўналтирилган “Мустаҳкам оила” тренинг дастури ва “Бахтли мактаб” лойиҳаси концепциясини ўзлаштириш бўйича республика ўқув семинарини ташкил этди.
Лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидан биттадан таянч-тренер мактаб танлаб олинди. Ўн тўртта мактабда махсус малакали психолог ва педагоглар жамоаси ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан замонавий психологик-педагогик технологиялар асосида иш олиб боради.
Бахтли мактаб деганда ҳар бир ҳудудда биттадан умумтаълим мактаблари базасида таянч-тренер мактаб тарзида ташкил этиладиган, ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан замонавий психологик-педагогик технологиялар асосида ишлаш йўлга қўйилган, биринчи навбатда, ўқувчилар, ота-оналар ҳамда ўқитувчиларнинг бахт ҳиссини туйиб яшаши ва ишлашига туртки берувчи махсус амалий ўқув-методик дастурларга ҳамда мазкур ўқув дастурлари асосида тренинглардан ўтган малакали психолог ҳамда педагоглар жамоасига эга мактаблар тушунилади. Таянч-тренер мактаблар келгусида “Бахтли мактаб” лойиҳаси ва “Мустаҳкам оила” тренинг дастури тажрибасини оммалаштириш бўйича тренинг марказига айланади.
— Биринчи босқичда таянч-тренер мактаблар белгилаб олинган бўлса, иккинчи босқич доирасида ушбу мактабларнинг 70 нафар (ҳар бир ҳудуддан 5 нафардан) мутахассиси 3 кунлик “Бахтли мактаб” лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш концепцияси ҳамда UNODC билан ҳамкорликда самарали синовдан ўтказилган “Мустаҳкам оила” тренинг-дастурида иштирок этмоқда. Тренинглар халқаро ва миллий психолог тренерлар томонидан олиб борилади, — дейди Халқ таълими вазирлигидан лойиҳа координатори Акобир Абдуллаев.
Мутахассислар таянч-тренер мактабларда муаммоли оилалар ва тарбияси қийин ўқувчилар учун “Мустаҳкам оила” дастури асосида мунтазам 7 ҳафталик тренинглар ташкил этади.
Таянч-тренер мактабларнинг педагогик жамоаси олинган билимларни мунтазам ўз фаолиятида амалиётда фойдаланиб, тажриба ёки муаммоларни ҳар шанба ташкил этиладиган семинар-тренингларда муҳокама қиладилар. Мазкур ташаббуснинг якуний босқичида ҳар бир ҳудудда “Бахтли мактаб” лойиҳасини оммалаштириш бўйича “йўл харитаси” тузилади. Унга кўра, аввал ҳар бир туман(шаҳар)да биттадан таянч-тренер мактаблар ташкил этилади ва республика тажрибаси асосида ҳудуд ва туман(шаҳар)лар миқёсида каскад усулида уч кунлик TOT (training of trainers — тренерлар учун тренинглар) ташкил этилиши белгиланган.
Назокат ХОЛМЕТОВА