Жаҳолатга қарши маърифат
Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши маърифат” анъанавий ижодий ишлар танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Яшнобод туманидаги “Баркамол авлод” болалар марказида ўтказилган тадбирда беллашувнинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 5—9-синф ўқувчилари қатнашиб, уч йўналишда ўз истеъдодини синовдан ўтказди. Танловнинг республика ташкилий қўмитасига тақдим этилган 42 ижодий иш ўрганилиб, изланишлар мазмуни, фактларнинг мавжудлиги ва ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш даражасига аҳамият қаратилди.
— Мақсадимиз ёшларни соғлом эътиқодли этиб камолга етказиш, юртимиздаги тинч-осуда ҳаётнинг қадрига етиш, эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга ўргатишдир, — дейди Яшнобод тумани халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Нодиржон Ҳайитов. — Ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда зарарли ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантиришга қаратилган танловда болалар ўз дунёқарашидан келиб чиқиб фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан кураша олишини намоён этди.
Танлов якунига кўра, иншо йўналишида Косонсой туманидаги 52-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Мухлиса Ҳамидуллаева, шеърият йўналиши бўйича Денов туманидаги 51- мактабнинг 11-синф ўқувчиси Наргиза Норматова, тасвирий санъат йўналишида Самарқанд шаҳридаги 40-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Зебинисо Бўрибоева биринчи ўринга муносиб топилди. Шунингдек, турли номинациялар бўйича ижодкор ўқувчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— Ушбу танлов мен учун янада кўп имкониятлар эшигини очди, — дейди “Энг чиройли иншо муаллифи” номинацияси ғолиби, Термиз шаҳридаги 11-мактаб ўқувчиси Умида Абдураззоқова. — Иншо ёзиш жараёнида устозим Дилбар Нормуродова кўмагида ўз “мен”имга эга бўлишни ўргандим. Абдулла Авлоний асарларини мукаммал ўқиб чиққаним яна бир ютуғимдир.
Тадбирда Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев иштирок этди.
Шоира БОЙМУРОДОВА