Ўзбекистонда нечта шаҳар бор?
Савол; Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси 2018 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 33 миллиондан ошди. Уларнинг ярмидан кўпи шаҳарларда яшайди. Шу ўринда савол туғилади: мамлакатимизда нечта шаҳар бор? Шаҳар мақоми қачон берилади?
Жавоб:Ҳозир республикамизда 119 та шаҳар мавжуд. Аҳоли пункти шаҳар мақомини олиши учун унда яшовчилар сони 7 минг ва ундан кўп бўлиши, истиқомат қилаётганларнинг 2/3 қисмини ишчи ва хизматчилар ташкил этиши керак. Юртимизда шаҳарлар бўйсунувига кўра 3 тоифага бўлинади: булар — Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга бўйсунадиган шаҳарлар, туманларга бўйсунувчи шаҳарлар ҳамда пойтахтимиз — Тошкент шаҳри.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга бўйсунадиган шаҳарлар туркумига камида 30 минг аҳолиси бор, муҳим маъмурий аҳамиятга эга, истиқболли иқтисодий ва маданий марказ деб ҳисобланган шаҳарлар киритилиши мумкин. Масалан, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари вилоят бўйсунувига ўтказилган (2017 йил) энг янги шаҳарлар ҳисобланади.
Туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига камида 7 минг аҳолиси бўлган, саноат корхоналари ва ривожланган инфраструктураси мавжуд аҳоли пункт¬лари киритилиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон аҳоли пунктлари ичида шаҳарчалар (посёлка) ҳам бор. Уларнинг сони мингдан ошади. Шаҳарчалар туркумига саноат корхоналари, қурилишлар, темир йўл станциялари ва бошқа муҳим объектлар яқинида жойлашган ҳамда камида 2 минг аҳолиси бўлган аҳоли пунктлари киритилиши мумкин.
Шаҳарчаларни, аҳоли пунктларини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш, уларни қайта тузиш тегишли вилоят ҳокимларининг илтимосномасига асосан, Вазирлар Маҳкамасининг таклифига мувофиқ, Олий Мажлис; Қорақалпоғистон Республикасида эса, тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг таклифига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес томонидан амалга оширилади.
Жаҳонгир МУСАЕВ, география фанлари номзоди, доцент