“Отамдан "Ma’rifat"нинг кўп йиллик тахлами мерос қолган”
Бозордан олиб берган кийимингиз фарзандингизга ёқмаса, мажбурлаганингиз билан киймайди. Бугунги газетхон ҳам ўзига ёққан нашрга обуна бўлишни хоҳлайди. Шу маънода, ўқитувчи эҳтиёжини қондира оладиган газета-журналлар ўрнига таълимга дахли йўқ нашрларга мажбуран обуна бўлишга ундаш нотўғри. Шу йилгача ўқитувчилар керак-нокерак газета, журналларга мажбуран обуна қилдириларди. Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, халқ таълими ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ор¬қали педагоглар ўзи хоҳлаган нашрга обуна бўлиш имконига эга бўлди.
Ўқитувчилар оиласида туғилиб ўсганим боис, отамиздан ушбу газетанинг кўп йиллик тахлами мерос қолган ва уни ҳанузгача авайлаб-асрайман. Ҳамкасбларимга ҳар сафар ишга топиб борадиган янгилик ва илғор тажрибаларим манбаси айнан шу газета эканини айтганимда, барчаси "Ma’rifat"га обуна бўлди. Миллионлаб ойлик олсагу, нашримиздан узилиб қолсак, ҳар сонини кузатиб бормасак, замондан ортда қоламиз-ку?! "Ma’rifat"сиз ўқитувчи овга қуролсиз чиққан овчидек гап.
Наргиз ХИДИРОВА, Шароф Рашидов туманидаги 55-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари