Энг яхши тўгарак раҳбарлари
Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан “Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди. Яшнобод туманидаги “Баркамол авлод” болалар марказида бўлиб ўтган мазкур тадбир ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ва оқилона ташкил этиш, уларнинг истеъдодини кашф қилиш, касбга бўлган қизиқишини шакллантиришга қаратилди.
Ушбу кўрик-танловдан кўзланган мақсад “Баркамол авлод” болалар марказларида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, самарали натижаларга эришган педагогларнинг иш тажрибасини оммалаштиришдир, — дейди Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳром Аминов. — Танловнинг илк бос¬қичида юртимиздаги барча марказлардан 1200 нафар тўгарак раҳбари иштирок этди. Якуний босқичда қатнашчиларнинг услубий-педагогик фаоллиги, тўгарак ишининг самарадорлиги, амалий машғулот, тест топшириқлари ва ўқувчиларни тўгаракларга жалб этиш борасидаги билим ва кўникмалари синаб кўрилди.
Тадбир доирасида техник ижодиёт йўналишида маҳорат дарслари ўтказилди. Унда тажрибали тарбиячилар ўзлари яратган намунавий ишлар билан қатнашчиларни таништирди. Мирзо Улуғбек туманидаги “Баркамол авлод” болалар марказининг “Экодизайн” тўгараги раҳбари Насиба Азизова шундай деди:
— Танловнинг иккинчи шартида болаларга амалий машғулот ўтиш талаб қилинди. Бунда кузги барглардан уккини ясадик. Ўлкашунослик ва экология йўналишида ўғил-қизларга кераксиз буюмлардан қизиқарли деталлар ясашни ўргатамиз. Тўгаракда болалар табиатни севишни, кераксиз буюм ва барглардан ўйинчоқлар ясашни ўрганади.
Танлов якунида фахрли ўринлар ҳамда “Бадиий ижодиёт йўналишида энг яхши ғоя муаллифи”, “Бадиий ижодиёт йўналишида энг билимдон тўгарак раҳбари”, “Бадиий ижодиёт йўналишида энг моҳир тўгарак раҳбари”, “Техник ижодиёт йўналишида энг яхши ғоя муаллифи”, “Техник ижодиёт йўналишида энг зукко тўгарак раҳбари”, “Ўлкашунослик ва экология йўналишида энг яхши ғоя муаллифи”, “Ўлкашунослик ва экология йўналишида энг зукко тўгарак раҳбари” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.
Шоира БОЙМУРОДОВА