Фаол кутубхоначилар аниқланди
Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасида 13 ноябрь — Халқаро кўзи ожизлар куни муносабати билан анъанавий “Йилнинг энг фаол кутубхоначиси — 2018” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Танловда ҳар бир вилоятдан ҳудудий босқич ғолиблари иштирок этди. Кутубхоначилар тўрт шарт бўйича беллашиб, ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказди. Кутубхона билан таништирув шартида зиё маскани фаолияти ҳақидаги слайд тақдимоти, савол-жавоб шартида кутубхона иши, ижтимоий-сиёсий ҳаёт ҳамда адабиёт борасидаги билим даражаси баҳоланди. Қолган шартларда “Менинг келажакдаги кутубхонам” инновацион лойиҳаси ва “Виртуал оламда кутубхоначи” замонавий ахборот технологияларига оид билимлари синовдан ўтказилди.
— Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, ахборот-кутубхона соҳасида етук мутахассисларни аниқлаш, уларнинг касбий маҳоратини янада юксалтириш, бир-бири билан тажриба алмашишини йўлга қўйиш зарур, — дейди Республика кўзи ожизлар кутубхонаси директори ўринбосари Гулчеҳра Султонметова. — Кўрик-танлов ахборот-кутубхона муассасалари нуфузини ва ижтимоий мақомини ошириш, ходимларни моддий рағбатлантириш, кўзи ожиз аҳоли қатламига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишда инновацион иш усулларини татбиқ этишга имкон яратмоқда.
Иштирокчилар китобхонлар билан ишлашда тажриба орттирган ходимлардир. Инновацион лойиҳа шартида улар ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш жараёнини акс эттирдилар.
— Ҳамкасбларим тажрибасини ўргандим, — дейди Қашқадарё вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси бўлим мудири Моҳидил Қаюмова. — Бугун зиё масканимизда 4777 нафар абонентимиз 15492 та китоб фондидан фойдаланмоқда. Филиалларни ҳисобга олганда, умумий китоб фондимиз 43 мингдан зиёд. Ҳамкасбларимизга методик ёрдам кўрсатамиз, тажрибамизни шу тариқа оширамиз.
Танлов ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Райҳона ХЎЖАЕВА