Ёмон ўқувчи бўлмайди...
Мактабда ишлаётганимга 20 йилдан ошди. Бу йил 8-“А” синфга раҳбарлик қиляпман. Бу масъулиятли иш ўзига яраша қийинчиликлар туғдирса-да, қайсидир маънода завқли. Сизни кутадиган, сўзларингизни худди фарзандларингиздек меҳр билан тинглайдиган, маслаҳатингизга муштоқ, айб иш қилса, онасидан кечирим сўрагандай эркаланиб узр сўрайдиган ўқувчилар сафи кенгаяди.
Ота-оналар билан боғланиб, ўқувчиларимнинг оилавий муҳитини ўргандим. Ўғил-қизларнинг ёшидаги биологик ўзгаришлар сабаб бири инжиқ, бири сабрсиз, бири “ичимдагини топ”, бири шўх, бири жиззаки бўлиб қолган. Бу муаммоларни оналардек сабот билан енгишга уринаман. Болаларга билимдан аввал меҳр берсангиз, тез тил топишасиз. Ва шунга яраша жавоб оласиз. Ҳар бир муваффақиятингиздан қувонасиз.
Яқинда мактабда янги иш бошлаган бир ҳамкасбим билан тортишиб қолдим. Илгари касб-ҳунар коллежида ўқитувчи бўлиб ишлаган бу ходимнинг шижоатига дастлаб ҳавасим келди. Бир ҳафталар ўтгандан сўнг у мактабдаги болалар шовқинига, инжиқлигига чидай олмай, ҳадеб нолий бошлади.
Бир гал дарс вақтида унинг синфхонасидан келаётган шовқиндан ҳайратланиб, яқин бордим. Ўқитувчи ўз иш столида ёзув-чизувга шунчалик берилиб кетган эдики, синфдаги (дарс вақтида!) ўқувчилар шовқинининг гўё унга дахли йўқдек. Ўқувчилар олдида унга бирор нима дейиш беҳурматлик бўлмасин, деган ўй билан қайтиб кетдим. Лекин дарсдан сўнг ўқитувчига бояги ҳолат дарсга нисбатан масъулиятсизлик эканлигини тушунтирдим.
Эртаси куни ўзим раҳбарлик қилаётган синфнинг сардори ёнимга келиб дарс бўлмаётганини маълум қилди. Сабаби, ўша ўқитувчи бу синфга дарс беришни хоҳламаётган эмиш. Вазиятни билиш учун ўқитувчилар хонасига бордим. Ҳамкасбим ҳолатни шундай изоҳлади: “Мен сизнинг синфингизга дарс ўтмайман. Ҳамма болаларингиз бетартиб! Уларни тартибга чақириш билан шуғулланмайман! Берилган топшириқни жимгина бажариб ўтирмайди. Агар сиз синф раҳбари бўлсангиз, бошқа ўқитувчини талаб қилинг!”.
Онага жондан азиз фарзандини кимдир ёмонласа, тарбиясиз деса, қандай таъсир қилади?! Менинг ўша пайтдаги аҳволим ҳам шундай эди. Ахир, мен ҳар бир ўқувчимнинг феъл-атворини, фазилату хислатларини беш қўлдек биламан-ку. Уларни осонгина бетартибга чиқарсак, унда тартибли ўқувчини қаердан излаймиз?! Уларни тартибга чақириш, дарсимизга қизиқтириш, гапимизга кўндириш, бир сўз билан айтганда, болани етаклаш педагогнинг вазифаси-ку!
Ёмон ўқувчи бўлмайди! Улар ўз боламиздай соф кўнгилли, беғубор. Келинг, дарснинг бузилишига сабабни ўзимиздан излайлик. Бизнинг вазифамиз фақат таълим бериш эмас. Таълимни тарбиядан, тарбияни таълимдан ажратиб бўлмайди. Бир ўқувчим бир кун келса, тўрт-беш кун дарс қолдирар эди. Мен у билан алоҳида шуғулландим, ота-онаси билан яқиндан ҳамкорлик қилдим ва бунинг натижасида ўша ўқувчининг бир кун ҳам дарс қолдирмаслигига эришдим. Сиз ёмон ўқувчилардан қочманг, ўзингизнинг айрим одатларингиздан, тор дунёқарашингиздан қочинг. Қалбингизни зиё нури билан тўлдиринг. Шунда фақат кўзингиз яхши ўқувчиларни кўради. Ва албатта, улар ҳам сизни яхши кўра бошлайди.
Дилдор НУРМУҲАММЕДОВА, Термиз туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси