Бошловчи маънавиятлими?
Тушлик пайти. Овқатланиш шохобчасида нималарнидир қоралаб ўтирган йигитни таниб қолдим. Тўйда бошловчи кўкларга кўтариб, “шоир”, “журналист”, деб сўз берган киши — мактаб директорининг ўринбосари эди. Шериклари гўёки буюк даҳо олдида тургандек ялтоқланарди. Улар кимнингдир шеърий машқларини мисол келтираётган Самиғжон Салимжоновичнинг оғзига тикилиб қолди.
— Носиржон бизга қўшни туради. Ўша киши тилпонингизни бериб, сизнинг Бухорога ишга ўтиб кетганингизни айтдилар. Зулфизар қизимизга дарс-парс ўтсангиз... Унинг 3-4 та китобини чиқариб, зулфиячи қилмоқчимиз.
— Майли. Шеърларини тахлаймиз, китобини чиқарамиз. Ундан кейин...
— Биламан, укажон. Бувиси билан мен пенсиямизни йиғяпмиз.
— Ўзингиз тушунасиз-ку...
Ёнма-ён ўтириб қолганим учун “қўшни”ларнинг гаплари эшитиларди. “Иқтидорли” шоир тинмай жаврар, ора-орада бир-икки мисра шеър ҳам ўқиб қўяр эди.
* * *
Кўз ўнгимда Бухоро шаҳридаги тўйхоналардан бирида бўлиб ўтган манзаралар жонланди.
— Табрик учун сўз... — бошловчи бўғилди, микрофонни еб юборгудек оғзига теккизиб, “пуф”, деди-ю, гапида давом этди: — Иқтидорли журналист, қалами ўткир шоир, бир нечта фахрий ёрлиқлар соҳиби, куёв Элшоджон ўқиган мактаб директорининг ўринбосари Самиғжон Салимжоновичга!!! Қарсакларингиз...
Даврадан яккам-дуккам қарсак овози эшитилди. “Иқтидорли” журналист куёвнинг неча баҳога ўқигани, мактаб давридаги бўлар-бўлмас воқеаларни айтиб, тўрт-беш банд “шиғир”ларидан ўқиди.
Тўй эгаси не-не орзулар билан дастурхон ёзиб, тўй қилар экан, даврабошининг салоҳияти, маънавияти, билимига умид боғлайди. Бошловчи юксак маънавиятли, айтаётган ҳар бир сўзининг маъно-мазмунини чуқур англайдиган, меҳмонларнинг ҳурматини жойига қўядиган, ўта маданиятли киши бўлиши керак! Носиржонга ўхшаган “раис”лар, афсуски, тилёғламалик қилиб, “пахта қўйиб” тўй кечасини сохталик билан бошқаради. Бир кечалик тўй, икки оғиз гапирса ўтади, кетади, деган ўйда унинг лицензияси борми-йўқми, суриштириб ҳам ўтирмай, катта давра бошловчига топширилади. Бу нафақат тўй эгаси, балки меҳмонларга, жамият тараққиётига ҳам маънавий зарар етказади.
Бир умр сўз санъатининг сеҳру жозибасини халққа кўз-кўз қиладиган сухандон ёки бошловчи бачканаликдан холи, аксинча, кенг дунёқараши билан барчанинг кўнглидан бирдай жой эгаллаши, нотиқлиги билан ҳурмат қозонган бўлиши керак.
Моҳира ШАКАРОВА,
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Бухоро вилоят бўлими бош мутахассиси