Китоб жавонлари кўпаяверсин!
Яхшиликнинг қаноти бор, дейишади. Вилоятимиз ҳокими ташаббуси билан китоб жавонлари ташкил этиш юзасидан бошланган саъй-ҳаракатлар шаҳар ва туманларда ҳам юз кўрсатмоқда. Бугун аҳоли гавжум жойларда, корхона ва ташкилотлар бинолари олдида 117 та ана шундай маскан фаолият бошлади. Улар бадиий, тарихий, ижтимоий-сиёсий ва бош¬қа мавзудаги 7 минг 823 та адабиёт билан тўлдирилди.
Андижон шаҳри, Бўз, Избоскан туман ҳокимликлари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, табиатни муҳофаза қилиш бошқармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, “Автотеххизмат”, “Агрокимёҳимоя”, “Андижон электр тармоқлари” АЖ, Марказий банкнинг вилоят бошқармаси ҳамда “Қишлоққурилишбанк” АТБ вилоят филиали муассасалари бинолари ёнида ўқиётган, мутолаа завқини бир-бирларига улашаётган каттаю кичикни кўриб, шу тарафга қараб юрганингизни, сиз ҳам қўлингизга китоб олиб, беихтиёр саҳифаларга шўнғиб кетганингизни пайқамай қоласиз.
Катта авлод вакиллари юриш-туришда, маданиятда ўзига хос тартиб-таомилларга риоя қилган. Бировдан нарса олса, ўз пайтида қайтариб берган, ҳатто автобус, троллейбусда билет олиш ёки абонемент чиптасини чекич(компостер)дан ўтказиш улар учун биринчи даражали иш ҳисобланган. Кимдандир ёки кутубхонадан китоб олиб, ўз вақтида қайтармаслик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Худди шундай тартибни янги китоб жавонларидан фойдаланишда ҳам муомалага киритиш шарт. Яъни, китобни олдикми, ўқиб бўлдикми, албатта қайтариш керак. Бу илм хазинасига, ўзимизга ва ўзгаларга ҳурмат демакдир.
Гулжаҳон ЖАББОРОВА
Андижон вилояти