Ким қандай ёндашади?
Боланинг оила, мактабда ёки бошқа жойда эшитгани, кўргани бир-бирига тўғри келмаса, бир-бирини тўлдирмаса, унинг муайян воқеа-ҳодиса тўғрисидаги тасаввури ҳаққоний шаклланмайди. Ҳақиқат қиёслашда юзага чиқади. Аммо биз педагогларга тарбиядаги қиёсий таҳлил методи кўпинча ўзини оқламаётгандек туюлади. Аксарият ҳамкасбларимиз болага “Фалончини қарагин, қандай яхши ўқияпти?”, “Пистончи дарс қолдирмайди, айтганимни бажаради, сенга нима бўлди?” каби танбеҳларни тез-тез бериб, уни зада қилиб қўйишади. Бу ёндашув педагогик одоб талабларига асло мос эмас.
Кузатамизки, баъзан оилада ўғил-қизни камситувчи лапашанг, хомкалла, ошқовоқ каби сўзлар айтилиб, жисмоний жазо қўлланса, ўз кучи, имкониятларига ишонмайдиган қўрқоқ, журъатсиз ёшлар вояга етади. Оқибатда ўсмир дилидагини тилига чиқара олмай хўрланади. Унда ота-онага нисбатан эмоционал совуққонлик шаклланади. Бу тоифадаги болалар кўпроқ “билмайман”, “хабарим йўқ”, “хоҳламайман”, “қўлимдан келмайди”, “бормайман”, “қўрқаман” каби ҳимоя реакциялари билан мураккаб вазиятдан чиқиб кетади.
Педагогик тажриба ва ҳаётий таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўғил 6 ёшида — дадам ҳамма нарсани билади, 10 ёшида — у кўп нарсани билади, 15 ёшида — отам билган нарсани мен ҳам биламан, 20 ёшида — тўғриси, дадам деярли ҳеч нарсани билмайди, 30 ёшида — бир марта дадамнинг фикрини сўраб кўрсам ёмон бўлмасди, 40 ёшида — нима бўлганда ҳам дадам баъзи нарсаларни билади, 50 ёшида — у киши ҳамма нарсани билади, 60 ёшида — эҳ, дадам ҳаёт бўлганларида эди, ҳамма нарсани маслаҳатлашиб қилган бўлардим, деган фикрда бўлар экан.
Тан олиш керакки, тарбиявий жараёнда ота-она баъзан боланинг тобора ўзидан узоқлашиб бораётганини кузатади. Ҳақиқат қанчалик аччиқ бўлмасин, барибир ёлғондан яхшироқдир. Бу ўринда аксарият ота-оналар хатосини тушуниб етса-да, тан олгиси келмайди. Улар “Мен ота-онаман, фарзанд меники, у мен кутгандек бўлиши лозим”, деган фикрга ёпишиб олишади. Болани таққослаб тарбиялаш ҳар доим ҳам самара беравермайди. Чунки уни ўзидан кучли, доимо муваффақият қозонадиган тенгдоши билан қиёслашса, у камгап ва тортинчоқ, ўз-ўзига нисбатан ишончсизлик кайфиятида ўсади. Ҳатто у синф¬дошлари билан бўладиган мулоқотда ҳам қийналади. Бундай ҳолатда тенгқурлари унинг устидан кулиши, ҳатто камситиши мумкин. Оила ва мактаб ҳамкорлигида ўқувчининг кучли жиҳатлари айтилиб, ўринли мақталса, унда ўзига нисбатан ишонч ортиб, ички хотиржамлик мустаҳкамланади.
Бола ҳиссиётга берилувчан ва айни пайтда эҳтиёжманд бўлиб, унга маънавий-ахлоқий ва ақлий тарбиянинг берилиши тафаккур ва хотира кўламини кенгайтиради. Унда ўзига хос характер шаклланади, хулқ-атвор меъёрларига тўлиқ амал қилиш лозимлигини англаб етади. Кимгадир тақлид қилади, кимнидир рад этади.
Балоғат ёшининг ўзига хос руҳий-физиологик хусусиятлари таъсирида ўсмир атрофга кўпроқ танқидий кўз билан қаровчи, иззатталаб, ўзини катталардек тутишга ҳаракат қилувчи, билимдон, анча-мунча тўғри гапларни “Менга айтилаётган бўлмағур насиҳат” деб қаровчи, ўзига ортиқ даражада ишонадиган, аммо ўз истиқболини кўп ҳам ўйлаб ўтирмайдиган ҳолатда юради. Агар ота-оналар бу даврда унга тўғри ёндашмаса, турли кўнгилсизликлар содир этилиши мумкин. Суицид (ўз жонига қасд қилиш) ҳодисасини содир этаётганларнинг 25—30 фоиздан ортиғи руҳий жиҳатдан соғлом ўсмирлар эканлиги ачинарлидир. Уларнинг аксарияти ёшликдан ювош, юмшоқтабиат, мулойим, индамас бўлиб вояга етган, ўз дардини “ичига ютиб” ўрганган. Фарзанд тарбиясида ҳамма учун бирдек мос келувчи андоза, йўл-йўриқ ёки технология йўқ. Ҳаммаси ёндашувга боғлиқ. Оилавий тарбия бобида педагогик-психологик билими бўлган ота-оналар оддийгина ҳаёт ҳақиқати бўлган юқоридаги қонуниятларни билишади, аммо гап риоя қилишда.
Ҳабибулло АБДУКАРИМОВ, Гулистон давлат университети доценти,
Жамила ЭРГАШЕВА, Сирдарё педагогика коллежи ўқитувчиси