Фарзанд тарбиясига ким масъул?
Педагогларнинг бола тарбияси борасида ота-оналар билан ҳамкорликда ишлаши муҳим. Бироқ давр бу борада янгича ёндашувлар, ноанъанавий усулларда ишлашни тақозо этмоқда. Сергели туманидаги 300-ИДУМда ўтказилган ота-оналар йиғилиши ана шундай ноанъанавий усулда ташкил этилди.
“Бола тарбиясида ким масъул?” мавзусида ташкил этилган ота-оналар йиғилишига психологлар, тиббиёт ходимлари, фарзанд тарбиясида муваффақиятга эришган намунали оила вакиллари, ота-оналар таклиф этилди. Дастлаб педагоглар алломаларнинг тарбия борасидаги қимматли фикрларидан намуналар келтиришди. Сўнг таълим жараёнида фарзанд¬лари дуч келаётган муаммоларни ота-оналар гуруҳларга бўлиниб ўзларига берилган ватман қоғозига ёзишди. Барча биргаликда мактаб психологининг маслаҳатига таяниб, ушбу муаммоларга ечим излади.
Тажрибали ўқитувчилар Тамара Пўлатова, Тамара Аҳмедова фарзанди 1-синфга чиққан ота-оналар эътиборини уларнинг мактабга мослашувида юзага келаётган муаммолар ва ечимларига қаратди. Ота-оналарнинг таклифлари тингланди.
Зебо НАМОЗОВА