Дилимизда янграсин юрт мадҳияси!
Демократик давлатда яшаётган фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқлари қатори давлат олдидаги бурчларини ҳам яхши билиши лозим. Афсуски, бугун ҳуқуқий маданиятимиз бироз суст ва орқада қолаётганга ўхшайди. Бу ҳолат жамиятимизнинг айрим жабҳаларида кўзга ташланмоқда.
Давлатимиз мадҳиясига бўлган муносабат ҳам ҳуқуқий маданиятнинг бир белгисидир. Аммо давлат мадҳияси янграганда айрим ёшларнинг бунга муносабати дилимизни хира қилади: бири эътиборсиз, яна бири ўта лоқайд, бошқасининг қўли кўксида эмас, чўнтагида бўлса, қолгани гаплашиб турган, хаёл сурган... Бу ҳолат нафақат ёшлар, балки катталар орасида ҳам учраётгани ачинарли. Илгари эрта тонгдан таълим муассасалари сингари кўплаб ташкилоту корхоналарда ҳам мадҳиямиз янграб турарди.
Спортчиларимизнинг муваффақияти шарафига чет давлатларда мамлакатимиз мадҳияси янграганда, кўзлар қувончдан ёшга тўлади. Шундай юрт фарзанди эканлигидан фахрланиб, кўксида ажиб бир ғурур туяди. Қалби шижоатга тўлиб, Ватанимиз мадҳияси бошқа элларда жаранглаши учун ўзи ҳам улар каби Ватан тараққиётига ҳисса қўшишни чин дилдан истайди.
Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчи, аслида. Шу жумладан, диёримизда истиқомат қилувчи барча фуқаролар мамлакатимиз мадҳиясини ҳурмат қилишлари талаб этилади. Зеро, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунда шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир”.
Мадҳиямизни тинглаганда қаддимизни тик тутиб, қўлни кўксимизга қўйганча, бутун вужудимиз билан давлат рамзларига бўлган ҳурмат- эҳтиромни ифода этайлик!
Озода ҲАҚБЕРДИЕВА,Мирзаобод туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси