«Мустаҳкам оила»
Юртимизда оилага жамиятнинг асосий негизи сифатида қаралиб, жисмонан ва маънан соғлом оила муҳитини яратиш чора-тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Халқ таълими вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигидаги «Мустаҳкам оила» дастури доирасида 2016 — 2018 йиллар мобайнида Тошкент шаҳри мактабларида ота-оналар ва уларнинг 10 — 14 ёшдаги болалари учун семинар-тренинг ўтказилмоқда.
Биз тадбирга мактабимизнинг 7-, 8-, 9-синф ўқувчиларини жалб этдик. «Мустаҳкам оила 10 — 14» дастури 7 асосий сессия ва 4 қўшимча сессиядан иборат кенг қамровли лойиҳа бўлиб, ота-оналар ўз болаларини қўллаб-қувватлашга ўрганадилар. Айни пайтда боланинг ўз ота-онасига нисбатан ижобий муносабатини шакллантириш талаб қилинади. Агар ота-она ва бола ўртасида дўстона муносабат ўрнатилса, ўсмирга бошқаларнинг руҳан салбий таъсир этиши қийин.
«Мустаҳкам оила» дастурининг 7 сессияси 2017 йилда муваффақиятли натижага эришгандан сўнг кўп сонли ота-оналарнинг бунга қизиқиши ортди. Жорий йилнинг сентябрь, октябрь ойларида қўшимча сессия тренер Хадича Каримова, Индира Муқимова, Г.Худойбергенова томонидан олиб борилди. Бунга мувофиқ, мактаб билан бола ҳамкорликда иш олиб боради. Дастлаб тренингда ота-оналар ва болалар алоҳида, сўнгра биргаликда машғулотга жалб этилди. Бир неча кун ўтгач, аксарият ўқувчиларда ижобий ўзгариш сезилди.
— Онам билан муносабатда жуда кўп зиддиятларга дуч келардим, айниқса, уй юмушларида. Нега фақат мен бу ишни қилишим керак, нега менинг фикрим тингланмайди, қачон менга ҳам синглимга қаратилгани каби эътибор берилади?» каби саволлар қийнарди. Шу сабаб онам билан кўп айтишиб қолардик. «Мустаҳкам оила» дастури менга ўзим кутган сабоқни берди. Уйда кичик мажлис ўтказаётган онам ҳар биримизни тинг¬лаб, кўнглимизга қулоқ тута бошлади. Уй юмушларининг тенг тақсимланиши, топшириқлардан нимани ҳис этишимиз, доира ичида туриб бир-биримизга мақтов сўзларини айтишимиз бизни яна ҳам яқинлаштирмоқда,— дейди ўқувчи Фарида Қодиржонова.
Болалар ўз оналарига ёзган мактубларини ўқиб эшиттирганларида, беихтиёр биз педагогларнинг ҳам кўзимиздан ёш қалқиб чиқди. Демак, бир-биридан анча узоқлашиб, бегонадек бўлиб қолган ота-она ва фарзандлар муносабатини яхшилаш мумкин экан. Айниқса, кичик оила мажлисларини ўтказиб, болаларни тинглаш ва тенгдошлар босимига қарши курашишнинг усулларини билиб олиш ота-она учун ҳам, бола учун ҳам фойдадан холи эмас.
— Биз катталарнинг доимо ўз фикримизни маъқуллаб, унга боланинг сўзсиз амал қилишини исташимиз ҳамиша ҳам тўғри эмас. Бола «мен»ини ҳурмат қилмаслик, қалбига қулоқ тутмаслик ўз-ўзидан фарзанд ва ота-она ўртасида турли хил муаммоларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бу эса ўқув жараёнига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Педагоглар билан баҳамжиҳат турли вазиятларга ечим топмоқдамиз, — дейди оналардан бири Рихсихон Абдумаликова.
Гулҳаё САМАНДАРОВА, Тошкент шаҳридаги 132-мактаб ўқитувчиси