Хавфсиз интернет ёрдамчиси
Шиддат билан ривожланиб бораётган даврда яшаяпмиз. Ҳар биримиз компьютер ёки уяли телефон орқали интернетдан фойдаланамиз. У — турли соҳага оид миллионлаб маълумотлар макони. Ундан исталган мавзу ва соҳа бўйича маълумотни тез ва осон топишимиз мумкин.
Лекин салбий томони интернетда ҳар хил оқимга даъват қилувчи, оқибатда суицидга ундовчи сайт ва ўйинлар ҳам бор. Бу барчамизни ташвишга солади. Фарзандларимизнинг ижтимоий тармоқдан тўғри фойдаланиши, турли салбий руҳдаги сайтларга, ўйинларга қарши ўзида ички маънавий иммунитет ҳосил қилиши учун нима қилиш керак, деган савол кишини ўйлантиради. Болажонларга кичиклигидан интернетдан қандай фойдаланишни ўргатиш масаланинг оқилона ечими бўлса, ажаб эмас. Шу мақсадда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси томонидан таъсис этилган "Интернет зоопарк" қўлланмаси болажонлар учун жуда яхши ёрдамчи бўлади.
Бу қўлланма-китоб кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, ундаги ҳар бир ҳикоя ҳайвонот боғидаги жониворлар мисолида рангли, сюжетли расмлар билан қизиқарли баён этилган.
Шайхонтоҳур туманидаги 132-мактабнинг 4-синф ўқувчиларига ҳам бошқарма тренери Гулнар Кудейбергенова ташаббуси билан мазкур қўлланма тақдим этилди. Ўқувчилар китобни мактабда устозлари, уйда ота-оналари билан биргаликда ўқиб, танишиб чиқдилар.
Китобда телефон ўйинларига берилиб, ҳамма нарсани унутган, тенгқурларидан ажралиб қолган маймунча, пандани номақбул сўзлар билан масхаралаган сиртлонлар, дўстим билан суҳбатлашяпман, деб аслида шер билан гаплашаётган антилопалар, чўмилиш кийимида расмга тушиб интернетга жойлаштираётган пингвин ҳақида ҳикоялар сюжетли расмлар билан баён қилинган. Юқоридаги барча қаҳрамонларга ҳайвонот боғи директори тўғри йўл кўрсатади ва улар ўз хатоларини тушуниб етади. Шунингдек, китобда интернетнинг ижобий ва салбий томонлари ва ундан самарали фойдаланиш йўллари ҳақида ҳам маълумотлар берилган.
Ушбу китоб ўзбек тилига таржима қилинса, самараси янада кўпроқ бўларди. Фарзандларимиз дуч келиши мумкин бўлган ахборий хавф ва муаммолардан уларни қанча эрта огоҳ қилсак, шунча яхши.
Хадича КАРИМОВА, Шайхонтоҳур туманидаги 132-мактаб ўқитувчиси