43 йиллик ҳамроҳим
Кейинги пайтларда қулоғимизга тез-тез чалинаётган «мажбурий обуна» иборасини ким қандай қабул қилади билмадиму, мен ҳар бир кишининг ўз севимли нашрларига обуна бўлиши ихтиёрийдир, деган фикрдаман. Газета-журнал ўқимаган киши маънавий ҳаётдан узилиб қолади, бу эса унинг ўқиши, иши, ҳаттоки, оилавий ҳаётига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатади. Айниқса, мактаб директори, педагог-мураббийларнинг ўз босма нашрлари билан кунда-кунора танишиб бормаслиги маънавий инқироздан бошқа нарса эмас.
Жуда катта тарихий йўлни босиб ўтган «Ма’rifat» газетаси барча зиёлиларга сув ва ҳаводек зарур. Таълим мазмунини оширишга оид инновацион ҳамда креатив ёндашув, ўқитувчи-мураббийларни ўйлантирадиган айрим жумбоқли масалалар ечими, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни татбиқ этиш тартиблари, илғор технологик тажрибалар, мамлакатимиз ва хориж таълимини қиёслаб ўрганиш имконияти фақат шу нашрда мужассам. Газетанинг олд саҳифалари шу куннинг долзарб мавзуларига бағишланса, кейинги бетларда методик мақолалар, дарс ишланмаси, сценарийлар тайёр хомашёдек ўз муштарийларига «бағри»ни очади. Очиқ дарс, уни таҳлил қилиш методикаси, дарс мазмунини бойитишга қаратилган принциплар, педагогик ва ахборот технологияларининг амалиётга татбиқи, хуллас, нима изласангиз, топасиз. Орқароқ саҳифаларда эса оммабоп, кўнгилочар ҳикоя, ҳажвия, шеър, масал ва мушоҳадага чорловчи мақолалар. «Ма’rifat» менинг 43 йиллик ҳамроҳим. Газетанинг ҳар бир сонини кутаман. Тили равон, содда, мақолалари таъсирчан, мавзулари ранг-баранг бу нашр педагогик фаолиятимда беминнат дастёр. Энди иш бошлаган ёш мутахассис ҳам, етук олим ҳам нашр саҳифаларидан ўзига керакли «озуқа»ни топа олади. Баъзан баҳсталаб масала бўйича савол туғилса, дарров таҳририятга қўнғироқ қилиб, аниқлик киритишда кўмак сўрайман.
Тезкор давр зиёлиларни замон билан ҳамнафас бўлишга ундамоқда. Ўзимизни ўзимиз танқид ва тафтиш қилишимиз керак. Муҳтарам Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган байрам тантанасида таълим-тарбия сифатига, айниқса, ўқитувчи кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжга алоҳида тўхталиб, мутахассис касбий тарбияланган бўлиши лозимлигини алоҳида уқтирди. Устозлик мақомига эга бўлишни истаган, ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўламан деган педагог, албатта, ўзининг севимли нашрларини ўқиб бориши лозим. Мен ҳар йилгидек 2019 йил учун «Ma’rifat» газетасига обуна бўлдим.
Ҳабибулло АБДУКАРИМОВ, ГулДУ «Педагогика ва психология» кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди